ШАРЪИЙ МЕЪЁР №8
МУРОБАҲА
Меъёрнинг баёни (матни)
2. Муробаҳа шартномасини тузишдан олдинги амалиётлар
2/5 Муробаҳа амалиётига киришиш билан боғлиқ кафолатлар:
2/5/1 Муассаса, дастлабки сотувчи ташкилот олдидаги ўз шартномавий мажбуриятларини тўғри адо этишини таъминлаш учун мижоздан (яъни буюртмачи харидордан) кафиллик (кафолат) олиши жоиз. Мижоз бундай кафолатни буюртмачи ёки муассасанинг вакили сифатида эмас, балки мустақил (алоҳида) шахс сифатида тақдим етиши керак. Шунга кўра, агар Муробаҳа шартномаси тузилмайдиган бўлса ҳам, мижознинг кафиллиги ўз кучида қолади.
Муассаса бу каби кафолатни, фақатгина мижоз муассасага Муробаҳа шартномасининг мавзуси (предмети) бўлган маҳсулотни сотиб олиш учун муайян сотувчини таклиф қилган ҳоллардагина талаб қилади.
Ушбу кафолат, сотувчи маҳсулотнинг келишув талабларига мувофиқ бўлишини таъминламаганлиги ва ўз мажбуриятларини бажаришга жиддий ёндашмаслиги натижасида муассасага етадиган зарарни мижоз томонидан қопланишини таъминлайди. Бундай зарарларга муассасанинг саъй-ҳаракатлари ва маблағлари зоеъ кетишига ёки ортиқча ҳуқуқий низо ва даъволашишларга киришишига олиб борадиган ҳолатлар мисол бўла олади.
2/5/2 Сотиб олиш буюртмасини берган мижоз маҳсулотни ташиш ёки сақлаш даврида маҳсулотга қисман зарар ёки тўлиқ талафот етишидан ҳосил бўладиган харажатларни кафолатлаши жоиз эмас. Бунга дастлабки сотувчи ўз мажбуриятларини бажариши кафолати сифатида ёки маҳсулот эгасининг зиммасида бўлган йўл-транспорт хатарлари кафолати сифатида қараш керак эмас.
2/5/3 Муассаса, зиммага (молиявий) мажбурият юклайдиган ваъда берилган тақдирда, Ҳамиш Жиддия (мижознинг жиддийлигини тасдиқловчи гаров пули) деб аталадиган пул маблағини олиши жоиз. Ушбу маблағ муассасанинг талабига биноан мижоз томонидан ўзининг тўловга лаёқатли эканлигини исботлаш мақсадида, шунингдек, мижоз ўзининг ваъдасини бажармаган ҳолатда, муассаса ўзига етиши мумкин бўлган (молиявий) зарарни (ушбу гаров пули ҳисобидан) қоплаши мумкинлигига ишонч ҳосил қилиши учун тўланади. Ушбу Ҳамиш Жиддияни олгандан сўнг, муассасанинг (кўрилган) зарар учун товон талаб қилиш эхтиёжи қолмайди, чунки зарар Ҳамиш Жиддия ҳисобидан қопланиши мумкин. Ҳамиш жиддия урбун (байбоши) эмас. Мақсаднинг жиддийлиги кафолати сифатида тақдим этилган ушбу маблағ мижознинг ихтиёрига кўра Музораба шартномаси асосидаги инвестиция омонати бўлиши (бунда мижоз ушбу маблағни муассаса билан тузган тегишли шартнома асосида инвестиция қилиш учун рухсат беради) ёки унинг жорий ҳисобрақамига қўйилиши мумкин.
2/5/4 Мижоз зиммага мажбурият юклайдиган ваъдасини бажармаган тақдирда, муассаса Ҳамиш Жиддияни тўлиқ ушлаб қолиши жоиз эмас. Муассасанинг ҳақи ваъда бажарилмаслиги натижасида кўрилган ҳақиқий зарар миқдорини, яъни маҳсулот таннархи ва уни буюртма берган мижоздан бошқа (учинчи) шахсга сотиш нархи ўртасидаги фарқни ушлаб қолиш билан чекланади. Ушлаб қолинадиган маблағ бой берилган имконият (opportunity loss)ни ўз ичига олмайди.
2/5/5 Мижоз ўз ваъдасида турса ва Муробаҳа шартномасини имзоласа, муассаса Ҳамиш Жиддияни мижозга қайтариб бериши керак. Муассаса 2/5/3 бандда тафсилоти берилган ваъдани бажармаслик ҳолатидагина Ҳамиш Жиддияни ўзида олиб қолиш ҳуқуқига эга.
Муассаса Муробаҳа битимини имзолаш вақтида Ҳамиш Жиддияни маҳсулот нархидан айриб ташлаш бўйича мижоз билан келишув қилиши жоиз.
2/5/6 Муассаса мижоз билан Муробаҳа битимини имзолаш вақтида урбун (байбоши) олиши жоиз. Лекин урбун (мижоз томонидан берилган) ваъда босқичида олиниши жоиз эмас. Мижоз битимни бекор қилишни ихтиёр қилганда, муассаса урбуннинг ҳақиқий зарар миқдоридан ортиқча қисмидан воз кечиши афзал. Ҳақиқий зарар – маҳсулот таннархи ва уни бошқа (учинчи) томонга сотиш нархи ўртасидаги фарққа тенг.
давоми бор …