ШАРЪИЙ МЕЪЁР №8
МУРОБАҲА
Меъёрнинг баёни (матни)
2. Муробаҳа шартномасини тузишдан олдинги амалиётлар
2/3 Мижоз томонидан бериладиган ваъда
2/3/1 Сотиб олиш ваъдасини ифодаловчи ёки шундай ваъда ҳукмига эга бўлган ҳужжат иккала томон (муассаса ва мижоз)га мажбурият юклайдиган ваъдалашувни ўз ичига олиши жоиз эмас.
2/3/2 Мижознинг сотиб олиш ваъдаси ёки умумий келишуви (ҳадли битим) Муробаҳа битимининг мажбурий шартларидан эмас, лекин бундай ваъда муассаса маҳсулотга эга бўлгандан кейин мижознинг шартномани имзолашига ишонч ҳосил қилиши учун хизмат қилади. Агар муассасада ўша маҳсулотни бошқаларга сотиш имконияти мавжуд бўлса, ваъда ёки умумий келишувга эҳтиёж бўлмайди.
2/3/3 Муассаса ва сотиб олиш учун буюртма берган мижоз ўртасидаги икки томонлама ваъдалашув қуйидаги шарт билан жоиз: ваъда берувчи иккала томонда ёки улардан бирида хияр аш-шарт (ваъдани бекор қилиш ҳуқуқини кўзда тутувчи шарт) бўлиши керак.
2/3/4 Муассаса ва сотиб олиш учун буюртма берган мижоз ваъда босқичидан кейин, лекин Муробаҳа битими имзоланишидан олдин, ваъдада кўрсатилган тўлов муддати, фойда даражаси ва шу каби бошқа шартларни ўзгартиришга келишишлари жоиз. Ҳар икки томоннинг розилиги билангина ваъдага ўзгартириш киритиш мумкин.
2/3/5 Муассаса маҳсулотни, маълум муддат давомида унда хиёр ҳуқуқи бўлишини шарт қилган ҳолда сотиб олиши жоиз. (Муассаса маҳсулотни мол етказиб берувчидан, белгиланган муддат ичида ўша маҳсулотни қайтариб бериш ҳуқуқи (хиёр шарти) билан сотиб олиши жоиз). Демак, агар мижоз маҳсулотни сотиб олмаса, мазкур ҳуқуқ муассасага, шариатда белгиланган хиёр шартига мувофиқ, маҳсулотни кўрсатилган муддат ичида дастлабки сотувчига қайтариб бериш имкониятини беради. Муассаса ва дастлабки сотувчи ўртасидаги хиёр ҳуқуқи муассасанинг маҳсулотни мижозга таклиф қилиши билан бекор/соқит бўлмайди, балки (мижозга маҳсулотни) ҳақиқатда сотиши билан соқит бўлади. Хиёр аш-шарт бандида маҳсулотни учинчи шахсга сотиш мақсадида таклиф қилиш хиёрни бекор қилмаслигини назарда тутиш мақсадга мувофиқдир.
давоми бор …
Таржимонлар:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Олимжон Иргашев, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси