ШАРЪИЙ МЕЪЁР №8
МУРОБАҲА
Меъёрнинг баёни (матни)
2. Муробаҳа шартномасини тузишдан олдинги амалиётлар
2/2 Мижознинг Муробаҳа битими тузиш сўровига нисбатан муассасанинг муносабати
2/2/1 Агар сотувчининг мижозга хос тарзда йўллаган таклифи ёки бирор муайян шахсга қаратилмаган умумий савдо таклифи мижоз томонидан қабул қилинса, савдо битими мижоз ва сотувчи ўртасида боғланган ҳисобланади, шунинг учун (бу вазиятда) муассаса ўша маҳсулот учун Муробаҳа битимини тузиши жоиз бўлмайди.
2/2/2 Сотиб олиш буюртмасини берган мижоз ва дастлабки сотувчи ўртасидаги аввалги ҳар қандай шартномавий муносабатлар, агар мавжуд бўлса, бекор қилиниши керак. Мазкур иқола (шартномани бекор қилиш) ҳар икки томондан юзаки (яъни сохта тарзда) эмас, балки ҳақиқатда амалга оширилиши шарт.
Мижоз ва мол етказиб берувчи ўртасида тузилган шартнома (хусусан, ҳуқуқ ва мажбуриятлар)нинг муассасага ўтказилиши жоиз емас.
2/2/3 Маҳсулотни сотаётган томон мижоз (яъни охирги харидор)нинг ўзи ёки унинг вакили эмас, балки учинчи томон эканлигига муассаса ишонч ҳосил қилиши керак. Мисол учун, сотиб олиш буюртмасини берган мижознинг айнан ўзи ёки унинг вакили маҳсулотнинг ҳақиқий эгаси бўлиши, ёки мол етказиб берувчи корхонанинг 50% дан ортиғига мижознинг эгалик қилиши мумкин эмас. Агар мана шундай савдо амалга ошса, сўнгра ҳақиқат юзага чиқса, тузилган битим ботил (бекор) бўлади, чунки бу шариатда тақиқланган Иъна савдоси ҳисобланади.
2/2/4 Агар мол етказиб берувчи томон (маҳсулот эгаси) мижоз билан қариндошлик ёки эр-хотинлик муносабатларида бўлса, муассаса Муробаҳа битимига киришишдан олдин савдо амалиёти сохта эмаслигига ва Иъна савдоси учун хийла бўлмаслигига ишонч ҳосил қилиши лозим.
2/2/5 Муассаса ва мижознинг муайян лойиҳа ёки битимда иштирок этиш ва кейинчалик улардан бири иккинчисининг улушини нақд ёки насия Муробаҳа орқали сотиб олиш ваъдасини кўзда тутадиган Mушорака битими тузишга келишишлари тақиқланади.
Бироқ, агар шериклардан бири ўз улушини бозор қиймати бўйича ёки ўша пайтда (яъни келажакда) келишилган нархда сотиб олишга ваъда берса, бу янги савдо шартномаси асосида амалга оширилиши мумкин. Бундай савдо нақд ёки насия (кечиктирилган тўлов асосида) бўлиши мумкин.
2/2/6 Олтин, кумуш, валюталар (савдоси)да насия (кечиктирилган) савдо асосидаги Муробаҳа битимини тузиш жоиз емас.
Асосий активлари Муробаҳа қарзлари ёки бошқа дебиторлик қарзларидан иборат айирбошланадиган сукук чиқариш жоиз эмас.
Шунингдек, айни ўша мижоз билан Муробаҳа битими мавзуси (предмети) бўлган маҳсулот устида янги Муробаҳа шартномаси тузиш жоиз эмас.
давоми бор …
Таржимонлар:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Олимжон Иргашев, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси