ШАРЪИЙ МЕЪЁР №8
МУРОБАҲА
Муқаддима
Ушбу меъёрнинг мақсади Муробаҳанинг шаръий асослари ва ҳукмларини, Муробаҳадаги ваъда босқичидан бошлаб маҳсулотга эгалик ҳуқуқи мижозга ўтказилиши билан якунланадиган барча босқичларни, ҳамда ислом молия муассасалари (муассаса/муассасалар) амал қилиши керак бўлган шариат кўрсатмаларини баён этишдан иборат.
Меъёрнинг баёни (матни)
1. Меъёрнинг қамрови (амал қилиш доираси)
Ушбу меъёр Муробаҳа битими ва унинг турли босқичларини, Муробаҳа битимини тузишдан олдинги кафолатлар, масалан, ваъда, Ҳамиш Жиддийя (мижоз томонидан унинг нияти жиддий эканлигининг белгиси сифатида тақдим қилинадиган депозит – гаров пули) билан боғлиқ масалаларни ҳамда Муробаҳа натижасида ҳосил бўладиган қарз мажбуриятларининг кафолатларига тааллуқли масалаларни қамраб олади.
Ушбу меъёр Муробаҳа Сукукини ўз ичига олмайди, чунки у “Инвестицион Сукук” номли меъёрнинг таркибига (5/1/5/5) киритилган (ўша меъёрнинг 2/2/6 бандига қаралсин). Шунингдек, бу меъёр Муробаҳа асосида амалга оширилмайдиган насия савдо турларини, ишончга асосланган бошқа савдо битимларини ва мусавама савдосини кўриб чиқмайди.
2. Муробаҳа шартномасини тузишдан олдинги амалиётлар
2/1 Мижознинг муассаса орқали бирор муайян маҳсулотни сотиб олиш ниятини билдириши
2/1/1 Муассаса, агар савдо шартномасига оид шариат кўрсатмаларига мувофиқ бўлса, мижознинг хоҳиш-истаги ва аризасига (илтимосига) биноан маҳсулотни сотиб олиши мумкин.
2/1/2 Ушбу меъёрнинг 2/2/3 бандини инобатга олган ҳолда, мижоз маҳсулот хариди бошқа сотувчилардан эмас, балки муайян бир сотувчидан амалга оширилишини муассасадан сўраши/талаб қилиши жоиз. Мижоз муассасага мос келадиган бошқа таклифларни рад этган тақдирда, муассаса битимни амалга оширишни рад этишга ҳақли.
2/1/3 Мижоз томонидан билдирилган маҳсулот сотиб олиш истаги муайян ўрнатилган шаклда ифода этилмаган бўлса, у ҳолда бу истак ваъда ёки мажбурият сифатида баҳоланмайди. Мижоз томонидан имзоланадиган ҳамда унинг истаги ва ваъдасини ўз ичига олган ягона ҳужжат тайёрлаш жоиз. Бундай ҳужжат мижоз томонидан тайёрланишига ёки муассаса томонидан тайёрланадиган ва мижоз унга имзо қўядиган намунавий ариза шаклида бўлишига ҳеч қандай монелик йўқ.
2/1/4 Мижоз (мол етказиб берувчидан) маҳсулот нархлари тўғрисидаги тижорат таклифини олишга ҳақли, ушбу таклиф мижоз номига хос тарзда йўналтирилган бўлиши ёки бирон-бир томонга қаратилмаган/йўналтирилмаган [умумий таклиф] бўлиши ҳам мумкин. Бу ҳолатда мазкур таклиф маълумот сифатида бўлади, ийжоб (савдо таклифи) эмас. Энг афзали – ушбу таклиф муассасанинг номига юборилиши ҳамда унда кўрсатилган муддат тугагунига қадар амал қиладиган сотувчининг (мол етказиб берувчининг) ийжоб/таклифини ўз ичига олиши керак. Агар (берилган таклиф) муассаса томонидан қабул қилинганлиги ҳақида жавоб берилса, муассаса билан сотувчи ўртасида савдо битими (автомат равишда) тузилган ҳисобланади.
давоми бор …
Таржимонлар:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Олимжон Иргашев, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси