2/10 Зиммада қарз сифатида турган валюталарни айирбошлаш
Зиммада қарз сифатида турган валюталарни ўзаро айирбошлаш агар бу икки томоннинг зиммаларидаги қарзнинг соқит бўлишига (яъни ёпилишига) олиб келса, жоиздир. Бунинг қуйидаги кўринишлари мавжуд:
2/10/1 Икки қарзни ўзаро соқит бўлиши. Масалан, бир шахснинг бошқа шахсдан динорда, иккинчи шахснинг эса биринчи шахсдан дирҳамда қарзи бор, бу икки шахс қарз миқдорига қараб ўзаро қарзни тўлиқ ёки қисман ёпиш учун валюталар алмашинув (айирбошлаш) курсини келишиб олишлари мумкин. Мазкур амалиёт Муқасса деб ҳам номланади.
2/10/2 Қарздорнинг муайян валютада бўлган қарзини бошқа валютада адо этиши. Бу ҳолатда, қарз бўйича тўлов ўша кундаги (яъни тўлов қилинаётган кундаги) валюталар ўртасидаги жорий курсда дарҳол амалга оширилиши керак.
2/11 Валюта айирбошлаш ва пул ўтказиш (Ҳавала) амалиётларини бирлаштириш
Пул ўтказмаси (ҳавала) мижоз томонидан тақдим этилган валютадан бошқа валютада амалга оширилиши мумкин. Мазкур амалиёт ҳақиқий қабз ёки банк квитанцияси билан тасдиқланадиган ҳукмий қабз орқали бўладиган валюта айирбошлаш (сарф) битими ҳамда мижоз сотиб олган валюта маблағларини ўтказиш (ҳавала) битимларидан иборат. Муассаса мижоздан пул ўтказмаси учун хизмат ҳақи олиши мумкин.
2/12 Молия муассасалари орқали амалга ошириладиган валюталар савдосининг кўринишлари
2/12/1 Мижоз ўз эгалигидаги маблағдан ортиқ маблағга валюта савдосини амалга оширишига рухсат берилмайди, чунки бу валюта савдосини амалга ошираётган муассаса томонидан тақдим этилган молиявий имтиёзлар (масалан, кредит имкониятлари тар.дан) ҳисобига амалга оширилади. Бу ҳолатда мижоз ўз имкониятидан ортиқ даражадаги молиявий транзакцияларни амалга оширади.
2/12/2 Муассаса мижозга валюта савдосини бошқа молия муассасасида эмас, балки айнан ўша муассасанинг ўзида амалга ошириш шарти асосида қарз бериши мумкин эмас. Лекин, бундай шарт қўйилмаган бўлса, унда бунга монеълик йўқ.
Таржимонлар:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Олимжон Иргашев, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси