1. Меъёрнинг қамрови (амал қилиш доираси)
Ушбу меъёр тўловга қодир қарздор ёки кафил томонидан тўловни кечиктириш ҳолатларини, шунингдек, зиммасига олган мажбуриятларни ўз вақтида якунламай, шартномада кўзда тутилган жарима (пеня) туфайли қарздорга айланган пудратчи ёки етказиб берувчиларни қамраб олади.
Меъёр молиявий томондан қийин аҳволда қолган ёки тўловга қобилиятсиз (банкрот) бўлиб қолган қарздор ҳамда Шаръий узр сабабли қарзини тўлашни кечиктираётган қарздорларни ўз ичига олмайди.
Изоҳ: Ушбу меъёрнинг мақсадидан келиб чиқиб, рус тилига “Қарз бўйича тўловни қасддан кечиктириш” (Умышленное промедление погашения долга) деб таржима қилинган. Бироқ, меъёрнинг араб тилидаги (асл) матнида ва инглиз тилига қилинган таржимасида “Қарзни кечиктирувчи қарздор” деб берилган. Биз ҳам аслидан келиб чиққан ҳолда “Қарз тўловини кечиктирувчи қарздор”, деб таржима қилдик.
2. Қарз тўловини кечиктириш юзасидан Шаръий ҳукм
2/1 Қарз тўловини кечиктирувчи қарздор
2/1/1 Тўловга қодир қарздорнинг қарзни тўлашни кечиктириши ҳаромдир.
2/1/2 Қарзини ўз вақтида тўламаган қарздорга нисбатан “жарима” (пеня) деб номланувчи молиявий жаримани шарт қилиш, у хоҳ пул кўринишида бўлсин, хоҳ моддий кўринишда , хоҳ аввалдан келишилган бўлсин, хоҳ келишилмаган бўлсин, тақиқланади.
Ушбу қоида бой берилган даромад (йўқотилган имконият) сабабли кўрилган зарар учун кўзда тутилган жаримага ҳам, валюта қиймати (курси)нинг ўзгариши сабабли кўрилган зарарни қоплашга қаратилган жаримага ҳам бирдек тегишли.
2/1/3 Қарзини (қасддан) тўламаётган қарздордан қарз тўловини кечиктиргани учун пул ёки моддий кўринишдаги молиявий жаримани суд орқали талаб қилиш жоиз эмас.
2/1/4 Қарз тўловини (қасддан) кечиктираётган қарздор суд харажатларини, шунингдек, қарз берувчи томон қарзини ундириб олиш учун қилган бошқа (тегишли) сарф-харажатларни қоплаб беришга мажбур.
2/1/5 Қарз берувчи томон (қарзни ундириш учун) гаровни пулга айлантириш мақсадида уни сотишни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, судга мурожаат қилмасдан гаровнинг пулидан қарзни ёпиш мақсадида, қарз берувчи қарздордан гаровни сотишга ваколат беришини шарт қилиш ҳуқуқига ҳам эга.
2/1/6 Қарздор даврий тўловлардан бирортасини кечиктирган тақдирда, у қолган қарзнинг барчасини дарҳол (яъни муддатидан олдин) тўлашини шарт қилиш жоиз. Мазкур шарт, ҳеч қандай фавқулодда ҳолат (форс-мажор) бўлмаган ҳолатда, қарздор хабардор қилингандан кейин ва унга муайян муносиб муддат берилгандан кейин, , татбиқ этилгани мақбул. (қўшимча равишда “Кафолатлар” тўғрисидаги № 5 сонли Шаръий меъёрнинг 5-бандига қаранг).
2/1/7 Муробаҳа савдоси доирасида сотилган мол (товар) дастлабки сотилган ҳолатида бўлса, мижоз эса тўловни кечиктириб, кейинроқ тўловга лаёқатсиз (банкрот) бўлиб қолса, сотувчи (муассаса) банкротлик ҳолатида қилинадиган тегишли амалиётларга киришиб ўтирмасдан, сотилган молни қайтариб олиш ҳуқуқига эга.
2/1/8 Муробаҳа каби қарздорлик ҳосил бўлувчи шартномаларда қарз тўловини кечиктирган қарздор муайян маблағни ёки қарз миқдорининг маълум фоизини (учинчи томонга) садақа (хайрия) қилиш мажбуриятини зиммасига олиши жоиз. Бундай маблағлар муассасанинг Шариат кенгаши назорати остида муассаса орқали хайрия мақсадларига йўналтирилиши шарт.
давоми бор …
Таржимонлар:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Олимжон Иргашев, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси