ШАРЪИЙ МЕЪЁР №11
ИСТИСНА ВА ПАРАЛЛЕЛ ИСТИСНА
Меъёрнинг матни
7. Параллел Истисна
7/1 Буюртмачи муассаса ишлаб чиқарувчи билан ноаниқлик/мавҳумликларни бартараф этувчи тавсифга эга бўлган буюм/маҳсулот/активларни харид қилиш бўйича шартнома имзолаши ва шартнома тузилган пайтда (маҳсулот учун) тўлов қилиши, сўнгра муассаса ишлаб чиқарувчи ёки етказиб берувчи сифатида худди шу тавсифдаги маҳсулот/активларни бошқа (учинчи) томонга параллел (ёндош) Истисна шартномаси асосида сотиши жоиз. Бунда етказиб бериш муддати биринчи Истисна шартномасидаги муддатдан кейин бўлади. Фақат икки Истисна шартномаси бир-бирига боғланмаган (яъни мустақил) бўлиши шарт. (3/1/4 бандга қаралсин).
7/2 Муассаса ишлаб чиқарувчи/етказиб берувчи сифатида бирор мижоз билан кечиктирилган тўлов асосидаги Истисна шартномасини тузиши ҳамда биринчи шартномада кўрсатилган хусусиятларга мувофиқ маҳсулот ёки бинони сотиб олиш бўйича ишлаб чиқарувчи ёки пудратчи билан нақд тўлов асосидаги Параллел Истисна шартномасини имзолаши жоиз. Ушбу икки шартнома ўзаро боғланмаган бўлиши ва бу амалиёт 3/1/4 бандда келтирилган қоидаларга мувофиқ тарзда амалга оширилиши керак.
7/3 Муассаса ишлаб чиқарувчи сифатида Истисна шартномасини тузиши натижасида келиб чиқадиган эгалик ҳуқуқи, техник хизмат кўрсатиш ва суғурта билан боғлиқ мажбуриятларни маҳсулот/актив мижозга топширилмагунча ўз зиммасида сақлаб қолиши лозим. У мижоз олдидаги мажбуриятларини Параллел Истисна шартномасидаги ишлаб чиқарувчига ўтказиш ҳуқуқига эга эмас.
7/4 Истисна шартномаси ва Параллел Истисна шартномаси ўртасида боғлиқлик бўлиши жоиз эмас. Икки шартномадан бирида етказиб бериш амалга ошмаса, иккинчи шартномада ҳам етказиб беришдан озод бўлиш йўқ. Кечиктириш ёки харажатларнинг ошиб кетиши (масаласи) ҳам худди шундай (яъни бир шартнома доирасида харажатларнинг ошиши иккинчисида ҳам ошишига олиб бормаслиги керак). Шу билан бирга, муассаса биринчи Истисна шартномасида буюртмачи билан бажариши лозим бўлган шартларга ўхшаш ёки ундан фарқ қиладиган шартларни (жумладан, жарима бандини) Параллел Истисна шартномасида ишлаб чиқарувчига нисбатан қўллаши (шарт қилиши)да ҳеч қандай монелик йўқ.
8. Меъёрнинг чиқарилган санаси
Ушбу меъёр ҳижрий 1422-йил 29-сафар (мил. 2001-йил 23-май) куни чиқарилган.
Таржимон:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси