ШАРЪИЙ МЕЪЁР №9
ИЖАРА ВА ИЖАРА МУНТАҲИЯ БИТТАМЛИК
Меъёрнинг баёни (матни)
7. Ижарадаги фавқулодда ҳолатлар:
7/2 Ижара шартномасини бекор қилиш, тугатиш ва янгилаш
7/2/1 Ижара шартномасини икки томоннинг келишувига биноан бекор қилиш мумкин. Томонлардан ҳеч бири шартномани бир томонлама бекор қилишга ҳақли эмас, фақатгина фавқулодда узрли ҳолат бундан мустасно. Шунингдек, ижарачи (ижара объектидан) фойдаланишига тўсқинлик қиладиган нуқсон туфайли шартномани бекор қилиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, муайян муддат ичида шартномани бекор қилиш танлови/шартини (хияр аш-шарт) қўйган томон ҳам (ўша келишилган муддат ичида) шартномани бекор қилиш ҳуқуқига эга.
7/2/2 Ижарага берувчи, ижарачининг ижара ҳақини тўламагани ёки тўловни кечиктиргани учун шартномани бекор қилиш шартини (шартномага) киритиши жоиз.
7/2/3 Ижара шартнома тузувчи томонлардан бирининг ўлими билан тугатилмайди. Бироқ, ижарачининг меросхўрлари мерос қолдирувчининг вафоти сабабли ўз молиявий имкониятлари шартнома мажбуриятлари юкини кўтара олмаслигини ёки ушбу ижара уларнинг эҳтиёжлардан ортиқча эканлигини исботлаб берсалар, ижара шартномасини бекор қилишлари мумкин.
7/2/4 Муайян (аниқ бир) актив ижарага берилганда, ўша активнинг бутунлай ҳалокатга учраши ёки ундан фойдаланиш имкони йўқолиши сабабли ижара шартномаси тугатилади, чунки бу ҳолатда асосий мақсад — мулкдан фойдаланиш — йўқолади.
7/2/5 Икки томоннинг розилиги билан ижара шартномаси кучга киришидан олдин бекор қилиниши (иқола) мумкин.
7/2/6 Ижара шартномаси келишилган / белгиланган муддат якунига етгач тугайди, лекин баъзи асосли сабабларга кўра, зарарни олдини олиш ёки уни даф қилиш мақсадида, амалда қолиши мумкин. Масалан, транспорт воситалари ижара шартномасида кўрсатилган жойга кеч етиб келган бўлса ёки деҳқончилик мақсадида ижарага берилган ерда ҳосил етилиш вақти кечикса. Бундай ҳолатда ижара давом этади ва ижара ҳақи бозор қиймати – ужра ал-мисл асосида белгиланади. Бунда ижарани кейинги муддатга узайтиришга йўл қўйилади — бу (жорий) шартнома муддати тугамасидан олдин, шартномага янги муддат бошланганда у автомат равишда, узайишини кўзда тутувчи модда/банд киритиш орқали ҳам амалга оширилиши мумкин.. Агар томонлардан бири шартномани узайтиришни истамаса, буни иккинчи томонга (эртароқ) расман маълум қилиши лозим.