ШАРЪИЙ МЕЪЁР №8
МУРОБАҲА
Меъёрнинг баёни (матни)
3. Муассаса маҳсулотни эгаликка олиши ва қабз қилиши ҳамда бу ишларга вакил тайинлаши
3/2 Муассаса маҳсулотни Муробаҳага сотишдан олдин қабз қилиши
3/2/1 Муассаса маҳсулотни Муробаҳа асосида ўз мижозига сотишдан олдин уни ҳақиқий ёки ҳукмий (конструктив) қабз қилган бўлиши лозим.
3/2/2 Маҳсулотни қабз қилиш шартидан мақсад – муассаса сотмоқчи бўлган нарса бўйича жавобгарликни ўз зиммасига олиши керак. Яъни маҳсулот сотувчининг жавобгарлигидан чиқиб, муассасанинг жавобгарлигига ўтиши керак. Шунингдек, маҳсулотнинг бир томондан бошқасига ўтиш босқичларини ҳисобга олган ҳолда, маҳсулот билан боғлиқ жавобгарликнинг муассасадан мижозга ўтиш нуқтаси аниқ белгиланиши шарт.
3/2/3 Нарсалар (актив, маҳсулот)ни қабз қилиш тартиби уларнинг табиати ва уларни қабз қилиш бўйича тижорий урф-одатларнинг хилма-хиллигига қараб фарқланади. Қабз қилиш, қўл билан ушлаш, транспорт ёрдамида етказиб бериш ёки сотиб олувчи ва/ёки унинг вакили эгалигига ўтказиш каби ҳолларда жисмоний равишда амалга ошиши ҳам мумкин. Шу билан бирга, ҳеч қандай жисмоний тарзда етказиб бериш амалга оширилмаса ҳам, маҳсулотни харидор ўз хоҳишига кўра тасарруф этиш имкониятини бериш орқали бу ҳукмий тарзда амалга оширилиши мумкин. Кўчмас мулкни қабз қилиш уни бўшатиб қўйиш ва уни тасарруф этиш имкониятини бериш билан бўлади. Агар харидор савдо молини тасарруф этиш имкониятига эга бўлмаса, у ҳолда кўчмас мулкни бўшатиб бериш қабз ҳисобланмайди. Кўчувчи активларни қабз қилиш уларнинг табиати/хусусиятига мувофиқ амалга оширилади.
3/2/4 Муассаса ёки унинг вакили ташқи (халқаро) бозорларда маҳсулотлар сотиб олаётганда конносамент (юк ташувчи томонидан юк эгасига жўнатилган маҳсулотларга эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат)ни қабул қилиб олиши, шунингдек, муайян маҳсулотлар тегишли омборхоналарда ўрнатилган тартибда сақланаётганлиги ҳақидаги ҳужжатларни қабул қилиб олиш ҳам ҳукмий қабз ҳисобланади.
3/2/5 Асл тамойил шуки, муассасанинг ўзи маҳсулотни дастлабки сотувчи (мол етказиб берувчи)нинг омборидан ёки етказиб бериш шартларида кўрсатилган жойдан олиши керак. Маҳсулотга жавобгарлик уни эгалигига олгандан сўнг муассасага ўтади. Шу билан бирга, муассаса юқоридаги амалиётни унинг номидан амалга ошириши учун бошқа шахсни вакил этиб тайинлаши мумкин.
3/2/6 Муробаҳа маҳсулотини мижозга сотишдан олдин суғурта қилиш муассасанинг мажбурияти ҳисобланади. Муассаса маҳсулот эгаси бўлгани сабабли суғурталашни ўз ҳисобидан амалга оширади ҳамда бундан келиб чиқадиган хатарларни ўз зиммасига олади. Мулк ҳуқуқи мижозга ўтказилишидан олдин суғурта ҳодисаси рўй берса, суғурта товони фақат муассасанинг ўзига тегишли бўлади. Товон миқдори сотув нархидан ошиб кетган тақдирда ҳам мижоз унга ҳақли бўлмайди. Муассаса суғурта харажатларини кейинчалик маҳсулот таннархига ва шу тариқа Муробаҳа сотув нархига киритишга ҳақли. Имкон қадар суғурта Такофул асосида амалга оширилиши керак.
3/2/7 Муассаса маҳсулотни эгаликка олиш босқичида суғурталаш ишларини амалга ошириш учун вакил тайинлаши жоиз. Бироқ, суғурта харажатларини муассаса ўз зиммасига олиши шарт.
давоми бор …