ШАРЪИЙ МЕЪЁР №7
ҲАВАЛА
(қарз мажбуриятини бошқа шахсга ўтказиш)
Меъёрнинг баёни (матни
5. Ҳаваланинг турлари ва уларга тегишли ҳукмлар
5/1 Ҳавала 2 турга: чекланмаган (мутлақ) ёки чекланган Ҳавалага бўлинади.
5/1/1 Чекланган Ҳавала битими шаръан жоиз бўлиб, бунда қарзни тўлаб берувчи (муҳал алайҳ) унга ўтказилаётган (яъни ҳавала қилинаётган) қарзни қарздор (муҳил)нинг олдидаги қарзи ёки унинг тўлаб берувчи тасарруфида бўлган мол-мулки (актив)и ҳисобидан тўлаб бериши билан чегаралаб қўйилади.
5/1/2 Чекланмаган (мутлақ) Ҳавала шундай шартномаки, унда қарзни тўлаб берувчи (муҳал алайҳи) тасарруфида қарздор (муҳил)нинг дебиторлик қарзи ёки бирор мулки бўлмайди, балки қарзни тўлаб берувчи (муҳал алайҳ) қарздор (муҳил)нинг қарзини ўз маблағлари ҳисобидан тўлашни зиммасига олади. Агар Ҳавала қарздор (муҳил)нинг топшириғи/илтимосига биноан амалга оширилган бўлса, у ҳолда қарзни тўлаб берувчи (муҳал алайҳ) тўлаган маблағларини қарздор (муҳил)дан ундириб олади. Бу битим ҳам шаръан жоиз ҳисобланади.
5/1/3 Қарз дарҳол тўланишини кўзда тутувчи Ҳавала (спот ҳавала битими) жоиз ҳисобланади. Бу шундай битимки, унда қарзни тўлаб берувчи (муҳил алайҳ) қарзни дарҳол тўлаши лозим бўлади. Бунда ўтказилаётган қарзнинг тўлов муддати келган бўлиши ёки кечиктирилган бўлишининг аҳамияти йўқ. Шартномада қарзни дарҳол тўлаш шарт қилинади.
5/1/4 Қарз тўлови кечиктириладиган Ҳавала шартномасини тузиш жоиз. Бундай Ҳавалада қарзни тўлаб берувчи (муҳал алайҳ) қарзни келажакда тўлаши шарт қилинади. Бунда қарзнинг тўлов муддати ҳали келмаган бўлса, қарзни тўлаб берувчи (муҳал алайҳ)га ҳавала орқали шу ҳолатда ўтади. Шу билан бирга, қарзни тўлаш муддати келган бўлса ҳам, уни ҳавала қилишда (қарз) келажакда тўланиши шарт қилинади. Бу ҳолатда тўлов санасигача қарзни тўлаб берувчи (муҳал алайҳ)дан тўловни талаб қилиш мумкин эмас.
6. Ҳаваланинг шартлари
6/1 Ҳавала тўғри бўлиши учун учта томоннинг розилиги шарт қилинади. Булар: қарздор ёки қарзни ўтказувчи (муҳил), қарз берувчи-кредитор (муҳал) ҳамда қарзни тўлаб берувчи (муҳал алайҳ).
6/2 Ҳаваланинг тўғри бўлиши учун қарздор қарз берувчи (муҳал)га қарздор бўлиши керак. Зиммасида қарз мажбурияти бўлмаган шахснинг ҳаваласи қабз қилиш (қарзни ундириш) бўйича вакиллик битими бўлади, ҳавала эмас.
6/3 Ҳавалада қарзни тўлаб берувчининг қарздор (муҳил)дан қарзи бўлиши шарт эмас. Агар у муҳилдан қарздор бўлмаса, у ҳолда бу мутлақ (чекланмаган) Ҳавала битими бўлади. [5/1/2-бандга қаралсин].
6/4 Ҳавалада иштирок этувчи барча томонлар: Муҳил, Муҳал ва Муҳал алайҳ тасарруф этиш ваколати ва лаёқатига эга бўлишлари шарт.
6/5 Ҳавалада ўтказилган қарз ва муҳал алайҳнинг (қарздор олдидаги) қарзи маълум, (шаръан) саҳиҳ ва ўтказилиши мумкин бўлган қарз бўлиши керак.
6/6 Чекланган Ҳавалада ўтказилаётган қарз ёки унинг ҳавала қилинаётган қисми жинс, тур, сифат ва миқдорда қарзни тўлаб берувчи (муҳал алайҳ)нинг муҳил (қарздор) олдидаги мавжуд қарзига баробар бўлиши шарт қилинади. Шу билан бирга, камроқ миқдордаги қарзни каттароқ миқдордаги қарзи бор томонга Ҳавала қилиш ҳам мумкин, фақат бу ҳолатда қарз берувчи – кредитор ҳавала қилинган қарз миқдорига тенг маблағнигина (қарзни тўлаб берувчидан) олиш ҳуқуқига эга бўлади.
давоми бор …
Таржимонлар:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Олимжон Иргашев, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси