Байтулмолда сақланадиган умумий жамғармаларга эътибор қаратиш
Халифа Умар ибн Абдулазиз байтулмолдаги жамоат мулки тасарруфида жуда дақиқ (эҳтиёткор) эди. У тўпланган мулкни ижтимоий ҳимоя учун сарфларди. Бева-бечоралар ва камбағалларга алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, Халифа токи ёмон ва ғаразли йўлларда сарфланиши мақсад қилинмас экан, одамларнинг қарзларини ҳам тўлаб берарди. Ҳалок бўлганларнинг қарзлари ҳам байтулмол ҳисобидан тўлаб бериларди. Хабар бериб ўтилганидек, байтулмолдаги йиғилган пуллар шу қадар кўп эдики бу ҳақида Куфа раҳбари Халифага хат ёзади. Халифа қуйидаги жавоб ёзган эди. “Сен менга байтулмолнинг кўп миқдордаги бойлиги ҳақида сўзлапсан. Ундаги бойликларни токи ёмон мақсад учун эмас экан аскарларинг учун ва ҳаттоки маҳр тўлашга қурби етмайдиган бўйдоқларни оила қуриб олиши учун ҳам тасарруф этишинг мумкин”.
Шунга ўхшаш эълон Куфа Масжидида ҳам халққа етказилган. Катта эътибор шол ва ногирон бўлган касалларга қаратилган. Халифа уларнинг эҳтиёжларини бажариш учун қуллар ажратган. Манбаларда келадики, ўша даврда кўзи ожиз инсонларнинг эҳтиёжини бажо келтирадиган қуллари бўлган экан. Мусулмон асирлар ва қулларга ҳам эътибор қаратилган, яъни уларни халос қилиш ва озод этиш учун Байтулмолдан маблағ ажратилган. Ҳаттоки жиноятчиларга эътибор қаратилган, улар қишда ҳам ёзда ҳам муносиб таом ва кийим-кечак билан таъминланган. Халифа давлат ходимлари иш ҳақларини кўтарган, ўзининг ойлигини эса камайтирган. Расмийлар ва давлат ходимлари моддий манфаат учун пора олишларини олдини учун шундай ислоҳотларни амалга оширган.
Ғазнадан фойдаланишдаги эҳтиёткорлик
Халифа Умар ибн Абдулазиз давлат ғазнасидан фойдаланишда жуда эҳтиёткор ва тежамкор эди. Масалан Мадина ҳокими Абу Бакр ибн Муҳаммад ибн Амр ибн Ҳазмга кечалари шахсий ишлари билан ташқарига чиқмоқчи бўлса, давлат ишларини бошқаришда фойдаланиш учун берилган шамлардан фойдаланмаслик, яна бир ҳокимга қоғоздан фойдаланишда исрофгарчиликка йўл қўймаслик ҳақида хат ёзган. Бу тақиқ ва огоҳлантиришлар халифа томонидан байтулмол маблағларини исрофгарчилик ва беҳуда сарфлашдан сақлаш учун чиқарилган эди.
Хулоса
Умар ибн Абдулазизнинг давлат хазинасини бошқаришдаги тежамкорлиги байтулмол маблағлари кўпайиб кетишига имкон берди. Хазина маблағлари тўлиб-тошганига қарамай, халифа уни ўзи ёки оиласи учун ишлатмади. Халифа ва унинг оиласи ночор ҳолатда яшасада, унинг ҳукмронлиги остидаги одамлар фаровон ҳаёт кечирдилар. Зайд ибн Хаттобнинг наслидан бир киши ривоят қилади:
Умар ибн Абдулазиз икки ярим йил, яъни 30 ой ҳукмронлик қилди. У бизни жуда кўп мол-мулклар билан бой қилгандан сўнгра вафот этди. Ҳолат шундай даражада эдики, ўша пайтда закот ёки давлатдан ёрдам олишга ҳақли одам қолмади.
Албатта, байтулмолни тўлиб-тошиши фақатгина халифа Умар ибн Абдулазиз томонидан амалга оширилган ислоҳотларларга боғлиқ эмас эди. Муваффақиятга эришишда халифа ҳокимият устуни деб ҳисоблаган тўртта асосий кучнинг таъсири ва аҳамияти катта бўлди. Бу куч халифани ўзи, ҳокимлар (волийлар), қозилар ва байтулмол ходимларидан иборат эди. Фақат ўз ишини яхши билган халифа, ҳокимлар, қозилар ва байтулмол амалдорларидан иборат куч орқалигина байтулмол маблағларини муваффақиятли бошқариш мумкин бўлган.
Демак, байтулмол/ғазна каби молия муассасаси малакали (яъни жойига муносиб бўлган) ва виждонли (яъни адолат билан иш кўрадиган) инсонлар томонидан пухта режалар асосида (ва уларга қатъий амал қилган ҳолда) бошқарилсагина, халқ ва мамлакатга катта манфаат етар экан.
Мақоланинг асл манбаси ҳақида маълумот:
Мақола номи: “Baitulmal management during the reign of Caliph Umar Ibn Abdul Aziz”
Муаллиф: Radieah Mohd Nor
Муаллифнинг иш жойи: Department of Management, University Sains Malaysia (Малайзия илмий университети)
Мақола чоп қилинган сана: 28.07.2015й.
Ислом молиясидан сўнгсўз ўрнида:
Ушбу мақола ташаббускорлари ва таржимонлари бўлган Абдураҳим Абдуқаҳҳоров, Шарифжон Бобошарипов, Улуғбек Акрамов ва Муҳаммадқодир Исмоиловга миннатдорчилик билдирамиз.
Шунингдек, телеграм саҳифамиз ва сайтимиз аъзоларига ислом молиясига алоқадор мақола ва маълумотларни бизга юбориш мумкинлигини билдирамиз. Юборилган маълумот ва мақолалар муайян илмий аҳамият ва қийматга эга деган хулосага келинган тақдирда, улар лозим даражада таҳрир қилиниб, мақола ёки маълумот ташаббускорлари ва асл манба муаллифлари кўрсатилган ҳолда телеграм саҳифамиз ва сайтимизда қўйилиши мумкин.