Вақф ҳақида аввалги мақолаларимиз орқали бир қатор маълумотлар бериб ўтдик. Бизнинг минтақа аҳолиси ўртасида вақф, асосан, мол-мулк кўринишида бўлади, деган тушунча мавжуд бўлиб, нақд пул кўринишидаги вақфлар (cash waqfs) бироз янгилик бўлиб туюлиши мумкин. Мазкур омилни ҳисобга олиб, мақоламизнинг ушбу қисмини нақд пул кўринишидаги вақфлар мавзусига бағишлашга қарор қилдик. Аллоҳ таоло ушбу мақолада берилган маълумотларни халқимиз учун манфаатли қилсин.
Нақд пул кўринишидаги вақфлар (cash waqfs)
Мусулмон уламоларнинг барчаси рибонинг ҳар қандай тури тақиқланиши борасида якдил фикрдалар. Бунга Қуръон ва суннатда келган қайтариқлар, шунингдек рибо асосида берилган қарзлар билан боғлиқ адолатсизликлар ҳам сабаб ҳисобланади. Лекин рибони рад этиш ҳисобига қарзлар олди-бердисидаги жамият аъзолари ўртасида юзага келадиган қийинчиликларни енгиш мақсадида ислом молия тизимида ўзаро тижорий-молиявий муносабатлар, олди-берди амалиётларини амалга ошириш учун шариатга мувофиқ бўлган воситалар ҳам ишлаб чиқилган. Ушбу мақолада рибо асосидаги молиялаштиришга муқобил (алтернатив) ҳисобланувчи ислом молия тизимининг бир қисми – cash вақф ва унинг моҳияти, жамиятдаги муҳтож қатламга ёрдам бериш имкониятлари кўриб чиқилади.
Қашшоқликнинг асосий ечимларидан бири бўлган тадбиркорлик ривожи учун нақд пулнинг мавжудлиги зарурий шартдир. Шу билан бирга, камбағалларнинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун банклардан қарз олишлари жуда қийин жараён саналади, чунки банклар бундай инсонларни қарзни қайтариб беришлари даргумон мижозлар, деб ҳисоблашади.
Мақолада cash вақф дунёда тадбиркорликни ривожлантиришга сабаб бўла олиши кўрсатиб берилган бўлиб, бунга сабаб cash вақф муассасаларининг фоизсиз кредитлари, камбағал қатламнинг ўзига ишончи ортишига ва ўрта қатлам даражасига чиқа олишига имкон бериши ҳисобланади.
Маълумки, қашшоқликни камайтириш муаммоси бугунги кунда дунёдаги энг катта муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Бу борада cash вақф – нақд пулга асосланган вақф туридан самарали фойдаланиш мумкин, чунки бундай вақфлар кичик корхоналар учун фоизсиз қарз бериш учун ишлатилади, шунингдек вақф бошқарувчиларининг қарорига биноан, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун ҳам вақф ҳисобидан беғараз бошланғич молиявий ёрдам ажратилиши мумкин.
Собиқ Усмонли империясида жуда узоқ вақт давомида бундай вақфлар муваффақиятли қўлланган ва қашшоқликни камайтиришга ҳисса қўшган. Шунингдек, Марокашнинг Фес шаҳрида ҳам ҳеч қандай устамаларсиз қарз бериш ва қарз олиш учун cash вақф амалиёти мавжуд бўлган. Ҳозирги кунда баъзи мамлакатларда, жумладан, Кувайт, Омон, БАА ва Саудия Арабистонида cash вақфнинг ушбу имкониятидан унумли фойдаланишмоқда, яъни вақф маблағлари хайриянинг бир кўриниши бўлган қарзи ҳасан (муайян муддатга фоизсиз бериладиган қарз) сифатида ишлатилмоқда.
Осиё мамлакатлари, хусусан Малайзияда ҳам cash вақфлардан фойдаланишга рухсат берилган. Малайзия Миллий Фатво Кенгаши (the Malaysian National Fatwa Council) 2007 йилда cash вақф жоизлиги бўйича фатвони қабул қилган. Малайзиянинг Yayasan Waqaf ташкилоти ҳам cash вақфларни бошқариш бўйича тажриба эга. Бундан ташқари, Agama Islam Selangor (MAIS, Селангор давлат диний кенгаши) томонидан тўпланган улкан нақд пул вақф жамғармаси ислом иқтисодиётини ривожлантириш, кичик ва ўрта бизнесни молиялаштириш, уй-жойларни бўлиб тўлашга сотиш, мол-мулкларга сармоя киритиш (ижара асосида молиялаштириш) каби маҳсулот ва хизматлар тақдим этиб келмоқда.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда қуйидагича марҳамат қилади:
“Юзларингизни Машриқ ва Мағриб томонларига бураверишингиз яхшилик эмас, балки Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга иймон келтирган, ўзи яхши кўриб туриб молини қариндош-уруғларига, етим-есирларга, мискин-бечораларга, йўловчи-мусофирларга, тиланчи-гадоларга ва қулларни озод қилиш йўлида берадиган, намозни тўкис адо қилиб, закотни берадиган киши яхши кишидир ва аҳдлашганларида аҳдларига вафо қилгувчилар ва хусусан оғир-енгил кунларда ва жангу жадал пайтида сабр-тоқат қилгувчилар яхши кишилардир. Ана ўшалар чин иймонли кишилардир ва ана ўшалар асл тақводорлардир.” (Бақара, 177-оят, Шайх Аловиддин Мансур таржимаси).
Имом Қуртубий “Ал-жомиъ ли аҳкамил-Қуръан” китобида юқоридаги оятда келган “ал-бирру” лафзини барча солиҳ амалларни ўз ичига олувчи сўз сифатида таърифлаганлар. Ояти каримада ўзи яхши кўрган молидан етим-есир, бева-бечора каби қийналган тоифаларга бериш, ундан закот чиқариш ҳақида ҳам сўз юритилган бўлиб, бундай инсонлар иймонли, тақволи сифатлари билан сифатланган. Вақфлар ҳам ихтиёрий садақотлар – солиҳ амаллар қаторига киради.
Тадбиркорлик қобилияти бор, лекин моддий жиҳатдан кўмакка муҳтож инсонларга бироз туртки берилса, улар камбағаллик даражасидаги ҳаётдан тезроқ чиқиб кетишлари мумкин бўлади. Бу борада cash waqf лар берадиган имкониятлардан фойдаланиш айни муддао бўлади.