Нақд пул кўринишидаги вақфнинг таърифи
Вақфнинг таърифига биноан, истеъмол қилинса, йўқ бўлиб кетадиган нарсаларни, масалан, бир қоп ун, гўшт, бир коса овқат кабиларни вақф қилиб бўлмайди. Чунки бу каби нарсалардан доимий манфаат олиб турилмайди, балки истеъмол қилиниши билан манфаати ҳам тугайди.
Лекин доимий манфаат келиб турадиган нарсаларни вақф қилиш жоиздир. Мисол учун, бир гектар ер ёки 10 сотих боғ кабилар вақф қилинса, ўша ер ва боғдан чиқадиган ҳосиллар садақа қилиниши назарда тутилади.
Бу ўринда айрим инсонларда савол туғилиши мумкин: нақд пулни вақф қилиш мумкинми?
Аввал нақд вақфларга берилган таърифларни ўрганиб чиқсак.
Ал-Тасули “Туҳфатул-Ҳуккам” асарига ёзган шарҳида, Моликий мазҳабига кўра нақд вақфга “фойдаланувчи (бенефициар) сифатида белгиланган шахсларга фоизсиз қарз бериш мақсадида нақд пулни вақф қилиб ажратиш” деб таъриф берган. (Ал-Тасули).
Шунингдек Ҳанафий уламоларидан Имом Зуфар ибн ал-Ҳузаил (110-158 ҳижрий) нақд вақфга “нақд пулни вақф сифатида ажратиш ва уни сармоя кўринишида бирор ишга тикиш, ундан олинган фойдани эса вақфнинг муайян хайрия лойиҳасига йўналтириш” деб тавсифлаган (Ибн Нужайм).
Худди шу маънода, баъзи замондош олимлар нақд вақфни “пул маблағлари билан ташкил этилган хайрия ёрдами” деб таърифлаган бўлишса, бошқа бирлари “маълум миқдордаги пулни хайрия қилувчининг тасарруфидан чиқиб, ундан келадиган манфаатни жамият фаровонлигини таъминлаш мақсадида сафарбар этиш” деб изоҳлашган.
Нақд пул кўринишидаги вақфларга яна бир қанча таърифлар берилган:
“Нақд вақф – бу нақд пулнинг аслини ушлаб туриб, уни сармоя (инвестиция) қилиш натижасида олинган фойдани эҳсон қилиш” (Либа, Накаси)
“Нақд вақф – бу вақфнинг махсус тури бўлиб, кўчмас мулк кўринишидаги вақфлардан, вақфнинг асосини ташкил этувчи капитал нақд пул кўринишида бўлиши билан ажралиб туради.” (Хусусий тармоқни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси, 2015).
Нақд вақфнинг шариатда жоиз эканлиги
Нақд вақфларнинг жоиз эканлигига вақфнинг китоб, суннат ва ижмога мувофиқ эканлиги далил қилиб келтирилади. Ҳозирги даврдаги нақд пуллардан уларни йўқотмасдан, зарар етказмасдан фойдаланиш/манфаат олиш мумкин: бунда улар қарзга берилади ва маълум муддатдан сўнг қайтариб олинади. Ёки пулнинг аслини инвестиция қилиш билан олинган фойда ўзаро тақсим қилинади. Вақф мулки яроқсиз ҳолга келиб қолса ёки ишлатилмай турса, уни сотиб, ўрнига бошқа вақф мулкини сотиб олиш мумкин. Бу билан ҳам вақфдан қасд қилинган нарса амалга ошаверади. Нақд вақфларда ҳам вақф қилинган пулнинг ўрни бошқа пул билан тўлдирилади.
Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти қошидаги Ислом фиқҳи академияси доимий ва вақтинчалик нақд вақфларни жоиз деб қарор чиқарган (1425-ҳижрий 14-19-муҳаррам, Маскат, Уммон султонлиги, 15-мажлис). Қуйида ўша қарордан айрим иқтибосларни келтирамиз:
- Нақд пул кўринишидаги вақф шаръан жоиздир. Чунки вақфдан кўзланган шаръий мақсад бу аслни ушлаб туриб, ундан олинган манфаатни ҳақдорларга йўналтиришдир.
- Нақд вақфни қарзи ҳасан қилиб бериш, тўғридан тўғри ёки бир неча вақф қилувчиларни жамлаб (investment pool кўринишида) сармоя қилиш ёки акциялар чиқариш орқали жамоа ширкати/ мушорака компанияси ташкил этиш мумкин.
- Агар вақф қилинган нақд пуллар вақф нозири томонидан бирор кўчмас мулк сотиб олиш ёки завод-фабрикалар қуриш каби ишларга сармоя қилинса, бу каби усул ва кўринишлар нақд пул сифатидаги вақф ҳисобланмайди, балки уларни сотиш орқали, давомли сармоя киритиш билан фойда олишлик жоиз бўлади. Ўшанда вақф нақд маблағнинг асли бўлади.
Шунингдек, Ислом молия муассасалари учун бухгалтерия ва аудит ташкилоти (AAOIFI) 33-шариат стандарти 3/4/3 бандида нақд пул вақфи, улуш ва сукук кўринишидаги вақфлар жоизлиги таъкидланган.
Ал-Барака ислом иқтисодиёти симпозиуми 33-йиғилишида (2012 йил) нақд пулларни вақф қилиш жоизлиги борасида фатво чиқарган бўлиб, унда қуйидалар келтирилади:
- Биринчидан, нақд пуллар, акция, сукук кўринишидаги вақфлар ислом шариатига мувофиқ инвестицион фаолиятга йўналтирилса жоизлигига шубҳа йўқ.
- Иккинчидан, нақд вақфлар қарз бериш мақсадида ёки шариатга мувофиқ уни кўпайтириш ва олинган даромадни садақа/эҳсон қилиш билан бўлади.
Фатволар ва тадқиқотлар бўйича Европа кенгашининг (European Council for Fatwa and Research) 1431-ҳижрий (2010-милодий) санада ўтказган 20-мажлисида ҳам нақд пул кўринишидаги вақфларнинг жоизлиги юзасидан 20/1 сонли қарор қабул қилган.