Вақф сўзининг истилоҳий маъноси борасида фуқаҳолар тарафидан турли-хил таърифлар айтилган. Уларнинг хулосаси шуки, «вақф бу — бирор нимани Аллоҳнинг мулки сифатида (олди-берди муомаласидан) тўсиб қўйиш ва ундан ҳосил бўладиган манфаатни эса муайян қатламга ёки барча эҳтиёжмандларга ёхуд барча мусулмонлар учун садақаи жория қилиб қилиб қўйишдир».
Мисол учун, бир инсоннинг боғи бор. У инсон ўша боғни ундан чиқадиган меваларни Аллоҳ учун вақф қилдим, деса ёки шу ишни расмийлаштириб қўйса, унинг боғидан ҳосил бўлган мевалар боғ йўқ бўлиб кетгунча халқ учун хайр-эҳсон қилинади.
Вақф мулки шаръий ҳукмда мулк кимнинг номида қолади, уни вақф қилган инсоннингми ёки мазкур шахснинг мулкидан чиқиб Аллоҳнинг мулки деб эътибор қилинадими(?), деган масала борасида ҳам фуқаҳолар ўртасида бироз ихтилоф мавжуд. Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)га кўра, вақф мулки гарчи ундан ҳосил бўладиган манфаат садақа қилинса ҳам, аммо унинг асли вақф қилган инсоннинг эгалигида қолади, деганлар.
Ушбу фикрга кўра вақф мулкининг асли худди фойдаланишга бериб туриладиган буюм кабидир. Шунга биноан, у меросхўрларга қолиши, сотилиши ёхуд эгаси томонидан вақфдан чиқарилиши мумкин. Негаки, Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) наздида вақф қилинган нарса шаръий жиҳатдан лозимлик касб этмайди ва ундан исталган пайт қайтилиши мумкин. Бу сўз эса имом Муҳаммаднинг «Мабсут» номли асарида келгани каби имом Абу Ҳанифанинг аслида вақф тушунчасини жоиз деб билмасликларига бориб тақалади. Бошқа ривоятларда эса вақф Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга кўра жоиздир аммо, лозимлик касб этмайди.
Имом Абу Ҳанифага кўра фақат, бир ҳолатдагина вақф унинг эгасининг мулкидан чиқиб, лозимлик касб этади. У ҳам бўлса, давлат бошлиғи тайинлаган ҳоким шундай ҳукм қилса, яъни, вақф қилинган мазкур мулкни эгасининг тасарруфидан буткул чиқариш қарорини қилса, ана ўшанда вақф қилинган нарса эгасининг тасарруфидан чиқиб кетади.
Лекин, масжид масаласида у зот ҳам бошқа фуқаҳолар сингари масжид қуриб битказиб, у ерда ҳатто бир киши тарафидан бўлса ҳам намоз ўқилиши билан у уни қурган инсоннинг мулкидан чиқиб, Аллоҳнинг мулкига айланади дейдилар. Фақат, бу масжид ҳақиқий маънодаги масжид бўлиши керак. Қандайдир бино ичида намозхона қилиб қўйилган жой гарчи, намоз ўқиш жоиз бўлса-да фиқҳий маънодаги тўлақонли масжид ҳисобланмайди.
Бироқ, фақиҳларнинг аксари шу жумладан, имом Аҳмад ва имом Шофеийларга кўра ҳамда мазҳабимиз асосчиларидан имом Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг икки издоши имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммадлар наздида вақф қилинган нарсанинг эгалиги вақф қилувчи шахс тасарруфидан чиқиб, Аллоҳнинг мулкига қайтади.
Имом Муҳаммадга кўра вақф эгасининг тасарруфидан чиқиб кетиши учун тегишли мулк, вақф ишлари учун тайинланган раҳбар шахсга топширилиши, у эса уни қабул қилиб олиши шарт.
Имом Абу Юсуф наздида эса вақф кучга кириши учун бир оғиз сўз кифоядир. Яъни, фалон мулкимни вақф қилдим деб айтса, шунинг ўзи билан вақф қилинган ашё эгасининг мулкидан чиқади. Зеро, бу ўз мулкидан воз кечиш демакдир. Бунинг учун эса сўз кифоя қилади. Имом Шофеий ва бошқа аксар аҳли илмнинг фикри ҳам шудир.
Имом Абу Ҳанифа ва Имом Муҳамадга кўра, бирор мулк вақф қилинаётганда ундан чиқадиган манфаатнинг доимий сарфланиш жиҳатини айтиш вақфнинг дуруст бўлиши учун шартдир.
Аммо, имом Абу Юсуф наздида, вақф қилишда унинг манфаати учун абадий/ доимий сарфланиш жиҳатини тилга олиш шарт эмас. Яъни, «абадий» сўзини айтиш шарт эмас. Балки, вақф қилувчи жисмоний шахслардан иборат бирор жиҳатни белгилайди. Агар мазкур жиҳат қачондир узилиб қолса, бояги вақф мулкидан чиқадиган манфаат фақирларга сарфланади.
Имом Абу Ҳанифага кўра китоб, Мусҳаф, рўзғор буюмлари, либос ва ҳоказолар каби инсонлар ўртасида қўлма-қўл кўчиб юрадиган ашёларни вақф қилиш дуруст эмас. Чунки бу нарсалар ишлатилиш оқибатида ейилиб, эскириши, ишдан чиқиши мумкинлиги эътиборидан уларга нисабатан абадийлик тушунчасини ишлатиб бўлмайди.
Абу Юсуфга кўра манқул мулкдан фақат ҳадиси шарифларда зикри келган от-улов ва қурол-аслаҳа каби нарсаларнигина вақф қилиш дуруст.
Имом Муҳаммад наздида эса одамлар орасида муомалада бўлган, сотилиб-сотиб олинувчи ёхуд ория (бепул фойдаланиб туриш)га бериладиган ҳар қандай буюмни вақф қилиш жоиз. Зеро, таомил бу қиёсдан ҳам кучли мавқега эга балки, у ижмо каби кучли далилдир.
Лекин, манқул деганда тезда истеъмол қилиб, йўқ қилиб юбориладиган маҳсулотлар тушунилмайди. Масалан егулигу ичимлик, ғалла ва бошқа истеъмол маҳсулотлари вақф қилинмайди. Чунки вақф бирор мулкнинг аслига оид тушунча бўлиб, ундан чиқадиган манфаатни садақа қилишни кўзда тутади. Масалан, юз гектар далани ундан чиқадиган мева, ғалла каби манфаатни эҳтиёжмандларга садақа қилиш йўлига кўра вақф қилишингиз мумкин. Аммо, бир қоп ун ёки бир коса овқат вақф қилинмайди. Чунки, буларнинг ўзи манфаатдир.
Алишер СУЛТОНХЎЖАЕВ