Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Шайтон сизга фақирликни ваъда қиладир ва фаҳш ишларга буюрадир. Аллоҳ сизга Ўзидан мағфират ва фазлни ваъда қиладир. Ва Аллоҳ қамрови кенгдир, ўта билувчидир.
Шайтон бандаларни васваса қилиб: “Ҳали ҳаётинг олдинда. Бугун мана бу ишга пул сарфлашинг керак, кейин садақа қилишга улугурасан. Агар мана шу ишни қилиб олмасдан пулингни садақа қилиб юборсанг, қариган чоғингда фақир-камбағал бўлиб қоласан?”, деб қўрқитади. Ҳамда у кишиларни фаҳшга – ёмон, гуноҳ ишларга, қизғанчиқликка, бахиллик ва молу дунёга ўч бўлишга ундайди. Шайтоннинг гапига кирганлар фақирликдан қўрқиб, бахил бўлиб, Аллоҳнинг йўлида садақа қилмай юраверадилар.
«Аллоҳ сизга Ўзидан мағфират ва фазлни ваъда қиладир».
Ким Аллоҳнинг йўлида садақа қилса, У Зот унинг гуноҳларини мағфират қилади ва бунинг устига, Ўзидан фазл ҳам беради.
«Ва Аллоҳ қамрови кенгдир, ўта билувчидир».
Яъни Аллоҳ кенг қамровли, билувчи Зотдир. Кенг қамровлилиги туфайли бандаларига ҳам кенг ризқлар беради. Ўзининг йўлида садақа қилганларнинг ризқини яна ҳам кенг қилиб қўяди. Билувчилик сифати билан, ким садақа қиляпти ва ким қилмаяпти – ҳаммасини билади.
Манба: https://islom.uz да берилган мақола асосида тайёрланди.