Сўнгги йилларда Ўзбекистон иқтисодиётида кузатилаётган энг муҳим ўзгаришлардан бири – ислом банк-молия тизимини институционал асосда жорий этиш жараёнидир. Агар аввал ислом молияси алоҳида молиявий хизматлар билан чекланган бўлса, 2026-йилдан бошлаб мазкур йўналиш миллий молия тизимининг мустақил тармоғи сифатида шаклланиш босқичига кирмоқда.
Нега Ўзбекистон учун ислом молияси муҳим?
Ўзбекистон аҳолиси 38 миллиондан ортиқ бўлиб, аҳолининг асосий қисми мусулмонлардан иборат. Шу билан бирга, мамлакатда фоизсиз молиявий хизматларга бўлган талаб узоқ йиллар давомида қондирилмай келган.
Ислом молиясининг ривожланиши қуйидаги вазифаларни ҳал этиши мумкин:
- молиявий хизматлар қамровини кенгайтириш;
- кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш;
- норасмий иқтисодиётдаги маблағларни расмий молия тизимига жалб қилиш;
- хорижий сармоялар оқимини кўпайтириш;
- инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш учун янги механизмларни яратиш.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки маълумотларига кўра, ислом молияси мамлакат иқтисодиётига қўшимча сармояларни жалб қилиш ҳамда аҳоли ва тадбиркорларнинг молиявий иштирокини оширишнинг муҳим воситаси сифатида баҳоланмоқда.
Ҳуқуқий асослар: янги босқичнинг бошланиши
2026-йил март ойида қабул қилинган янги қонун Ўзбекистонда ислом банкчилиги учун ҳуқуқий асос яратди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, мамлакатда ислом банклари ҳамда амалдаги тижорат банклари таркибида ислом дарчалар фаолият юритиши мумкин.
Қабул қилинган қонун доирасида:
- ислом банк фаолияти ва «ислом молиявий операциялари» тушунчалари ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди;
- ислом банклари учун алоҳида лицензиялаш тизими жорий этилди;
- ислом молияси амалиётлари бўйича солиқ хусусиятлари белгиланди;
- Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузурида Ислом молияси кенгашини ташкил этиш назарда тутилди;
- ҳар бир ислом молия муассасасида шариат кенгашларини тузиш тартиби белгиланди.
Ушбу ислоҳотлар Ўзбекистонни Марказий Осиёда ислом молиясини тизимли равишда жорий этаётган давлатлар қаторига олиб чиқмоқда.
Бугунги ҳолат
Ҳозирги босқичда мамлакатда ислом молияси асосан баъзи тижорат банкларида очилган Ислом тараққиёт банки гуруҳига кирувчи халқаро ташкилотлар томонидан очилган муробаҳа ва ижара молиялаштириш линиялари ҳамда микромолия муассасалари фаолияти орқали ривожланмоқда.
Жорий йилнинг дастлабки беш ойини ўзида Ўзбекистон микромолия ташкилотлари ислом молияси тамойиллари асосида 22 млрд сўмлик молиявий хизматлар кўрсатишган.
Молиялаштириш таркибида муробаҳа шартномалари устунлик қилиб, умумий ҳажмнинг 63 фоизини ташкил этмоқда. Бу эса микромолия ташкилотлари ҳам, аҳоли ва тадбиркорлар ҳам ўзларига тушунарли бўлган, шаклан анъанавий молиялаштириш механизмига ўхшаш молиявий маҳсулотларга талаб юқори эканлигини кўрсатади.
2026–2030 йиллар учун тахминлар
1. Ислом банк-молия муассасалари сони кўпаяди
Марказий банк режаларига кўра, 2030 йилгача мамлакатда бир нечта ислом банки фаолият юритиши, шунингдек, йирик давлат банкларида ислом дарчалар ташкил этилиши кутилмоқда.
Тўлиқ форматдаги ислом банклари иш бошлаши натижасида иқтисодиётга қўшимча 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида сармоя ва депозитларни жалб қилиш мумкин бўлади.
Ислом банкларининг ривожланиши аҳоли ва бизнес субъектларига молиялаштиришнинг муқобил манбаларини таклиф этади ҳамда банк-молия соҳасида рақобатни кучайтиришга хизмат қилади.
2. Сукук бозори шаклланади
Ҳозирча Ўзбекистонда сукук бозори шаклланмаган бўлсада, ҳуқуқий инфратузилманинг яратилиши мазкур молиявий воситани жорий этиш учун муҳим замин ҳисобланади.
Келгуси беш йил ичида қуйидаги йўналишларда сукук чиқарилиши эҳтимоли юқори:
- транспорт инфратузилмаси;
- энергетика;
- қайта тикланувчи энергия манбалари;
- уй-жой қурилиши;
- давлат-хусусий шериклик лойиҳалари.
Сукук бозорининг ривожланиши мамлакатнинг халқаро капитал бозорларига чиқиш имкониятларини кенгайтиради ва узоқ муддатли сармояларни жалб қилишга ёрдам беради.
3. Хорижий сармоялар ҳажми ортади
Ислом молияси ривожланиши Ўзбекистон учун Яқин Шарқ ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларидан сармоя жалб қилиш имкониятларини кенгайтиради.
Хусусан, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Малайзия ва Индонезия сармоядорлари учун шариат талабларига мос ҳуқуқий муҳит муҳим аҳамият касб этади.
Аввалги йилларда Ўзбекистон банклари халқаро ислом молия муассасалари билан ҳамкорликда ўнлаб миллион долларлик молиялаштириш линияларини жалб қилгани мазкур йўналишнинг истиқболини тасдиқлайди.
4. Рақамли ислом молияси шаклланади
Ўзбекистон финтех экотизими жадал ривожланмоқда. Рақамли тўлов тизимлари ва мобил банк хизматларининг кенгайиши ислом молияси учун ҳам янги имкониятлар яратади.
Келгуси беш йилда қуйидаги хизматлар оммалашиши мумкин:
- рақамли муробаҳа;
- ислом краудфандинг платформалари;
- рақамли сармоя маҳсулотлари.
Шунингдек, сунъий тафаккур технологияларидан фойдаланиш ҳисобидан мижозларга хизмат кўрсатиш сифати, шариат мувофиқлиги назорати ва молиявий таҳлил жараёнларининг самарадорлиги ортади.
5. Таълим ва кадрлар бозори кенгаяди
Ислом молияси муваффақиятининг асосий шарти – малакали ходимлардир.
Келгуси йилларда қуйидаги мутахассисларга талаб кескин ортиши кутилмоқда:
- шариат маслаҳатчилари;
- ислом молияси аудиторлари;
- ҳуқуқшунослар;
- бухгалтерлар;
- комплаенс мутахассислари;
- молиявий таҳлилчилар.
2030 йилгача маҳаллий олий таълим муассасаларида ислом молияси бўйича махсус магистратура дастурлари, халқаро сертификатлар ва малака ошириш курслари кенгайиши эҳтимоли юқори.
Асосий хатарлар ва чекловлар
Ислом молияси ривожланиши юқори суръатларда кечиши учун бир қатор муаммоларни ҳал этиш талаб этилади.
Булар қуйидагилардан иборат:
- малакали мутахассислар етишмаслиги;
- аҳолининг молиявий саводхонлиги юқори эмаслиги;
- шариат меъёрларини маҳаллий қонунчиликка мослаштириш зарурати;
- бухгалтерия ва аудит меъёрларини уйғунлаштириш;
- сукук бўйича тегишли қонунчилик асосларини яратиш ва сукук бозорини шакллантириш.
Шу билан бирга, ислом молияси тармоғида бошқарув сифати, шаффофлик ва корпоратив бошқарув тамойилларига қатъий риоя этиш муҳим аҳамият касб этади.
Хулоса
2026–2030 йиллар Ўзбекистонда ислом молиясининг ҳуқуқий шаклланиш босқичидан амалий ривожланиш босқичига ўтиш даври бўлади.
Агар қабул қилинган ислоҳотлар изчил амалга оширилса, келгуси беш йил ичида Ўзбекистон:
- Марказий Осиёдаги етакчи ислом молия марказларидан бирига айланиши;
- халқаро сармоялар оқимини кўпайтириши;
- молиявий қамровни кенгайтириши;
- кичик бизнесни қўллаб-қувватлаши;
- инфратузилма лойиҳаларини молиялаштиришнинг янги механизмларини яратиши мумкин.
Шу тариқа, ислом молияси Ўзбекистон учун нафақат молия бозорининг янги тармоғи, балки иқтисодий ўсиш, молиявий барқарорлик ва халқаро интеграцияга ёрдам берувчи муҳим таъсир кучларидан бирига айланиши кутилмоқда.
Жаҳонгир Имамназаров, иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси;
Дилдора Эгамбердиева, тадқиқотчи