Омон султонлигида ислом молияси 25 фоизга ўсиб, 2026 йилда 45 млрд. долларга етиши кутилмоқда[1]
Омонда ислом молия соҳаси туб ўзгаришлар босқичига кирмоқда ва 2026 йил ушбу тармоқ учун муҳим бурилиш нуқтаси бўлиши кутилмоқда. Fitch Ratings агентлигининг сўнгги таҳлилига кўра, соҳа кучли тартибга солиш тизими, аҳолининг ортиб бораётган талаби ҳамда халқаро капитал бозорларига йўналтирилган стратегия туфайли барқарор кенгайишда давом этади. Омоннинг Vision 2040 доирасидаги иқтисодий диверсификация сиёсати фонида ислом молияcи, хусусан ислом қимматли қоғозлари – сукуклар, мамлакат молиятизимида тобора муҳим ўрин эгалламоқда.
Ўсиш суръатлари
Fitch агентлиги маълумотларига кўра, Омоннинг ислом молияси саноати 2026 йил давомида барқарор ўсиш суръатларини сақлаб қолади. Агентлик баҳосига кўра, тармоқнинг умумий ҳажми тахминан 45 млрд долларга етиши мумкин. Бу сўнгги йиллардаги юқори даражадаги ўсишнинг мантиқий давоми бўлиб, 2025 йил ўрталарига келиб соҳа ҳажми аллақачон 36 млрд доллардан ошиб кетган.
Гарчи Омон Форс кўрфази ҳамкорлик кенгаши давлатлари орасида ислом молия бозорига нисбатан кечроқ кирган бўлса-да, мамлакат жуда кучли мослашувчанликни намоён қилди. Fitch’нинг қайд этишича, ислом банк активлари ҳозирда Омон банк тизими умумий активларининг тахминан 20 фоизини ташкил этади. Ушбу ўсиш анъанавий банк тармоғи кўрсаткичларидан юқори бўлиб, шариат талабларига мос маҳсулотларни танлаётган жисмоний ва юридик мижозлар сони ортиши сабабли бу тенденция давом этиши кутилмоқда.

Қарз капитали бозорида сукукнинг устунлиги
Fitch тадқиқотининг энг муҳим хулосаларидан бири — Омон қарз капитали бозорида (DCM) сукукнинг тобора устун мавқега эга бўлаётганидир. Агентлик маълумотларига кўра, сукук мамлакатдаги умумий қарз мажбуриятларининг сезиларли қисмини ташкил этмоқда. Бу ҳолат минтақавий трендни акс эттиради, унда ислом молия воситалари анъанавий (фоизли) облигацияларга нисбатан анча афзал кўрилмоқда.
Сўнгги прогнозида Fitch шундай дейди: «2026 йилда Омоннинг доллардаги аксарият эмиссиялари сукук шаклида бўлиши кутилмоқда». Бунинг асосий сабаблари — сармоядорларнинг кенгроқ қатламини жалб қилиш имконияти ҳамда ислом молияси тамойилларининг Омон ҳукумати ва давлатга алоқадор тузилмалар амалга ошираётган узоқ муддатли инфратузилма лойиҳаларига мос келишидир.
Омон ислом молия тармоғига бўлган ишонч мамлакатнинг суверен кредит рейтинги яхшиланиши билан чамбарчас боғлиқ. Омоннинг суверен рейтинги «BBB-» даражасига кўтарилганидан сўнг, кўплаб Омон давлати томонидан чиқарган сукукларининг рейтинглари ҳам юқорилади. Fitch бу воситаларни «ўсиб бораётган юлдузлар» деб атаб, суверен рейтингнинг яхшиланиши қарз олиш харажатларини камайтиргани ва Омон эмиссияларининг глобал бозордаги жозибадорлигини оширганини таъкидлади.
Агентлик шунингдек минтақадаги кредит сифати юқори эканини қайд этиб, «Fitch томонидан баҳоланган GCC сукукларининг тахминан 84 фоизи инвестицион даражада» эканини билдиради.
Долларда чиқариладиган сукукларга ўтиш
Маҳаллий валютадаги сукук чиқариш ички ликвидликни таъминлаш учун муҳим бўлиб қолаётган бўлса-да, Fitch 2026 йилда АҚШ долларида чиқариладиган сукукларга стратегик ўтиш кутилaётганлигини таъкидлайди. Бу қадам Омонни глобал молия тизимига янада чуқур интеграция қилишга қаратилган.
Fitch изоҳига кўра, Уммон компаниялари ва давлатга алоқадор тузилмалар мавжуд қарзларни қайта молиялаштириш ёки янги лойиҳаларни молиялаш учун доллардаги сукук бозорига мурожаат қилмоқда, чунки у жуда катта капитал манбаига эга.
[1] https://economymiddleeast.com/news/islamic-finance-in-oman-set-for-25-percent-growth-reaching-45-billion-in-2026/