ШАРЪИЙ МЕЪЁР №13
МУЗОРАБА
Меъёрнинг матни
5. Музорабанинг турлари:
Музораба чекланмаган (мутлақ) ва чекланган (муқайяд) музорабага бўлинади.
5/1 Чекланмаган (мутлақ) Музораба шартномаси – сармоядор (инвестор) музорибга ҳеч қандай чекловларсиз Музораба капиталини бошқаришга рухсат берадиган шартнома. Бунда музориб ўзининг ҳалоллиги ва бизнес тажрибасига (сармоядор томонидан) бўлган ишонч асосида кенг кўламли ваколатлар доирасида иш олиб боради. Роббул мол (сармоядор) музорибга: “Ўз ихтиёрингга қараб бизнес фаолият олиб бор” деб айтиши/ваколат бериши чекланмаган Музорабага мисол бўла олади. Бироқ, чекланмаган Музорабада мутлақлик (эркинлик) қанчалик кенг кўламли бўлмасин, у Музораба мақсади – томонларнинг фойдага эришиш манфаатдорлиги доираси билан чекланади. Шунингдек, музорибнинг (сармояни тасарруф қилиш) эркинлиги Музораба шартномаси предмети бўлган инвестиция фаолияти доирасида амал қилувчи тижорий урф-одатлар билан чекланади.
5/2 Чекланган Музораба шартномаси – бу роббул мол музорибнинг бизнес фаолиятини маълум бир макон, соҳа ёки инвестор мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаган йўналишда, музорибнинг ишлашига тўсқинлик қилмайдиган тарзда чеклаб қўйишини ифодаловчи шартномадир.
6. Музораба шартномасида кафолатлар:
Роббул мол музорибдан етарли ва муносиб кафолат (гаров) талаб қилиб олиши жоиз. Фақат роббул мол бу кафолатдан музориб томонидан тажовуз (таъаддий), бепарволик/лоқайдлик ёки Музораба шартномасига хилоф иш тутиш ҳолати исботланган тақдирдагина фойдаланиши мумкин.
7. Капитал ва унга тегишли шартлар:
7/1 Асл қоида шуки, Музораба капитали пул (кўринишида) бўлиши керак. Мол-мулк ҳам Музораба капитали бўлиши мумкин. Бу ҳолатда, мол-мулкнинг шартнома имзоланаётган вақтдаги қиймати Музораба капитали сифатида эътиборга олинади. Мол-мулкларни баҳолаш мутахассислар фикр-хулосасига ёки икки тараф келишувига асосан амалга оширилади.
7/2 Музораба капитали маълум бўлиши ҳамда сифат ва миқдор жиҳатдан ноаниқликларга жой қолдирмайдиган даражада аниқ бўлиши шарт.
7/3 Музориб ёки бошқа (учинчи) шахсларнинг роббул мол (инвестор) олдидаги қарз мажбуриятлари Музораба капитали бўлиши мумкин эмас.
7/4 Музораба шартномаси кучга кириши ҳамда музориб тасарруф этиш имконига эга бўлиши учун Музораба капитали музорибга тўлиқ ёки қисман топширилиши ёки музорибнинг капитални эркин тасарруф этиш имкониятига эга бўлиши шарт ҳисобланади.
(давоми бор)
Таржимон:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси