Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Ушбу ояти каримада садақадан кейин миннат қилиб, озор бериб, қилган яхшилигининг савобидан бебаҳра қолиш ажойиб бадиий васф билан тасвирланяпти. Бу билан мусулмонлар қалбида мазкур ишнинг нақадар ёмон иш экани жонли тасвирланмоқда. Оятнинг аввалида садақани миннат ва озор бериш билан ботил қилмасликка амр бўляпти. Кейин эса, агар шундай қилинса, риё учун садақа қилганга ўхшаб қолишининг баёни келяпти:
«Эй иймон келтирганлар! Садақаларингизни миннат ва озор бериш билан, Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмаса ҳам, молини одамлар кўриши учун нафақа қилганга ўхшаб, ботил қилманг».
Демак, ортидан миннат ва озор келадиган садақа Аллоҳга ва охират кунига иймон туфайли эмас, балки риёкорлик учун қилинган садақага ўхшар экан. Ўз навбатида:
«У мисоли устини тупроқ босган, сўнгра кучли ёмғир ёғиб, уни сип-силлиқ қилиб қўйган ясси тошга ўхшайдир».
Асли чатоқ бўлгани учун ушбу қилинган яхши амал унинг эгасига юқмайди. Риё учун қилинган садақа силлиқ, бетаъсир, қаттиқ тошнинг устига тўпланиб қолган озгина тупроққа ўхшайди. Ёмғир ёғса, ундан наф олиб, ўсимлик ўстиришнинг ўрнига, ювилиб, оқиб кетади ва силлиқ, қаттиқ тош очилиб қолади. Бу тарзда садақа қилувчилар
«Касб қилган нарсаларидан бирор нарсага қодир бўлмаслар».
Яъни улар ҳеч қандай савоб олмайдилар.
«Ва Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоят қилмас».
Бақара сураси, 265-оят
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Молларини Аллоҳнинг розилигини истаб, ўзларидаги ишонч билан сарфлайдиганлар худди тепаликдаги боққа ўхшайди. Унга кучли ёмғир ёғса, мевасини икки баробар беради. Агар кучли ёмғир ёғмаса, майдалаб ёққани ҳам бўлаверади. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчидир.
Бу ҳақиқий мўмин кишининг васфи. У садақани риё учун эмас, Аллоҳнинг розилиги учун қилади. Унинг қалби силлиқ тошдек қотиб қолгани йўқ, балки иймон билан тўла, яхшилик умиди билан обод:
«Молларини Аллоҳнинг розилигини истаб, ўзларидаги ишонч билан сарфлайдиганлар худди тепаликдаги боққа ўхшайди».
Тепаликка жойлашган боғ баҳаво бўлади.
«Унга кучли ёмғир ёғса, мевасини икки баробар беради».
Яъни у ёққан ёмғирдан тўла фойдаланади. Тўла ишонч билан, Аллоҳнинг розилигини тилаб қилинган садақа ҳам шундай, эгасини кўп савобга эриштиради. У боғнинг меваси кўпайиши учун доимо кучли ёмғир ёғиши шарт эмас.
«Агар кучли ёмғир ёғмаса, майдалаб ёққани ҳам бўлаверади».
Майдалаб ёққан ёмғир билан ҳам унинг меваси кўпаяверади. Шунингдек, мўмин банданинг риёсиз, миннатсиз ва озорсиз, ихлос билан қилган нафақаси оз бўлса ҳам, кўп ажр-савобга сабаб бўлаверади.
«Ва Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчидир».
Аллоҳ ким нима қиляпти, садақани ким риё учун қиляпти, ким Аллоҳнинг розилиги учун қиляпти – ҳамма-ҳаммасини кўриб туради.
Манба: Islom.uz портали