Баъзида бировни савдоси устига савдо қилиш мумкин эмаслиги ҳақида эшитганмиз, буни қандай тушуниш керак, бозорларда биз бир одам савдо қилиб турган бўлса, уни орқасидан келиб бошқа ҳаридорлар ҳам савдо қилишади, бу ҳолат ҳам бировни савдоси устига савдо қилиш бўладими, деган саволлар беришади. Шундай саволларга жавоб тариқасида қуйидаги мақолани эътиборингизга ҳавола қилишга қарор қилдик.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Киши ўз биродарининг савдоси устига савдо қилмасин, ўз биродари совчилиги устига совчилик қилмасин. Фақат унга ўзи изн берса, майли», дедилар». Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоят қилишган.
Бошқа бир ривоятда: «Мусулмон ўз биродарининг савдолашиши устига савдолашмасин», дейилган.
Ушбу ҳадиси шарифда савдода содир бўлиб турадиган икки хил ишдан наҳйи қилинмоқда:
1. Бировнинг битирган савдоси устига савдо қилиш.
Бу икки хил кўринишда бўлиши мумкин:
Биринчи кўринишда бировдан нарса сотиб олган одамга: «Савдонгни бузиб, нарсасини қайтариб бер, мен сенга худди шу нарсани арзон нархга бераман», дейди.
Иккинчи кўринишда эса: «Бировга нарса сотган одамга: «Савдонгни бузиб, нарсангни қайтариб ол, мен сенга ундан кўра кўпроқ пул тўлайман», дейди. Бу кишилар ўртасида келишмовчилик, уруш-жанжал келтириб чиқарадиган бузғунчиликдан иборат ишдир. Эркин бозор қоидасига, одамларнинг баъзилари баъзиларидан фойда олишига зид нарсадир. Шунинг учун ҳам бу нотўғри иш шариатда ман қилинган.
2. Бировнинг савдолашиши устига савдолашиш. Яъни бир киши бир нарсанинг устида савдолашиб қўйди, ҳали бир йўла сотиб олгани йўқ. Шунда бир одам келиб, сотувчига: «Менга сотсанг, ундан кўп нарх бераман», дейиши мумкин эмас. Ёки харидорга: «Менинг худди шу савдолашган нарсангга ўхшаш нарсам бор, сенга арзонга бераман», дейиши мумкин эмас.
Бунақа ҳолатлар кўп учрайди ҳаётимизда. Кўпинча бирор нима олмоқчи бўлиб, ўша нарсани сотаётган савдогар билан энди гаплашишни бошлаганимизда бошқаси югуриб келиб, уни моли яхшироқ эканлигини айтиб, ўзини молини ўтказмоқчи бўлади. Албатта, бундай безбетлик биринчи савдогарни асабини бузади, сизни ҳам тинчгина савдо қилишга қўймайди ва бунинг натижасида жанжал чиқади. Баъзида мардикор бозорга бориб одам ёллашга тўғри келади, лекин бирданига 20 та мардикорлар билан гаплашишга тўғри келишини ўйлаб одам боргиси келмай қолади ва қимматроқ бўлса ҳам эълон орқали керакли ишчини ёллайди.
Аслида, бир томон савдолашишини бошлаган пайтда бошқа савдогарлар сабр қилиб туриши керак, биринчи савдогар билан савдо битса, битиб кетди, битмаса, кейин (иккинчи савдогар) харидорга ўз молини таклиф қилса бўлади. Шунда бошқаларга зарар етмайди, чунки айнан шу сабабли, яъни бировни савдоси устига савдо қилишда бошқага зарар келтириш борлиги учун бу иш ҳаром қилинган.
Ўйлаб кўрадиган бўлсак, бозор ва савдо соҳасида келиб чиқадиган кўпгина уруш-жанжал, келишмовчиликларнинг асосий сабабларидан бири ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган масаладир. Кишиларнинг Ислом таълимотларидан бехабарликлари, хабардорларнинг мазкур таълимотларга амал қилмасликлари оқибати нима бўлишини шундан ҳам билиб олаверсак бўлади.
Манба: https://islom.uz да берилган мақола асосида тайёрланди.