Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
“Молларини Аллоҳнинг йўлида сарфлайдиганларнинг мисоли худди ҳар бошоқда юзтадан дони бор, етти бошоқни ўстириб чиқарадиган бир дона донга ўхшайдир. Ва Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишисига янада кўпайтириб берадир. Ва Аллоҳ қамрови кенгдир, ўта билувчидир.”
Иқтисодий масала ҳар бир жамиятда муҳим ўрин тутади. Исломда ҳам ушбу масалага алоҳида эътибор берилади. Ҳар бир жамиятда ижтимоий тенглик ҳукм суриши учун иқтисодий жиҳатдан етарли имконга эга бўлган шахслар ўзларининг бу соҳадаги ночор биродарларига молиявий ёрдам қилиб туришлари керак. Шу нуқтаи назардан Исломда закот ва садақаи фитр каби буюрилган молиявий ибодатлардан ташқари, имкони бор кишиларни ихтиёрий хайр-эҳсон қилиб туришга ҳам қаттиқ тарғиб қилинади. Бу ишнинг аҳамияти нечоғли эканини унинг Қуръони Каримда «Аллоҳнинг йўлида мол сарфлаш» деб аталишиданоқ билса бўлади.
«Молларини Аллоҳнинг йўлида сарфлайдиганларнинг мисоли худди ҳар бошоқда юзтадан дони бор, етти бошоқни ўстириб чиқарадиган бир дона донга ўхшайдир».
Демак, камбағал кишига молиявий ёрдам берган киши ёки жамоат фойдасига пул сарфлаган одам Аллоҳнинг йўлида мол сарфлаган бўлади.
Аллоҳнинг йўлида мол сарфлашнинг фойдаси ушбу оятда ажойиб услубда васф қилинмоқда. Сиртдан қараганда, хайр-эҳсон қилган кишининг мол-дунёси камайганга ўхшайди. Аслида эса хайр-эҳсон худди ерга экилиб, ўзини фидо қилган бир донга ўхшайди. Ўша бир дона дон кейинчалик униб чиқиб, кўпайганидек, хайр-эҳсон қилинган мол ҳам бир неча чандон кўпайиб кетади. Уни Аллоҳнинг Ўзи кўпайтириб беради. Донни мисол келтиришдан мурод Аллоҳнинг йўлида сарф қилинган битта нарса етти юзтага кўпайишига урғу беришдир. Аммо бу ҳам охирги чегара эмас, чунки
«Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишисига янада кўпайтириб берадир».
Демак, Аллоҳ таолонинг йўлида сарфланган бир дона молнинг савоби етти юз марта кўпайтириб берилиши ҳам охирги чегара эмас. Аллоҳ таоло хоҳласа, етти юздан яна неча чандонга кўпайтириб бераверади, чунки