Мерос тўғри бўлиши учун бир қатор рукн, шарт ва сабаблар топилиши талаб этилади. Қуйида ушбулар ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз.
Мероснинг рукнлари
Мероснинг рукнлари 3 тадир:
“Рукн” – бу бирор нарса ёки воқеъликнинг ажралмас қисми бўлиб, бу рукнсиз ўша нарса ёки воқеълик вужудга келмайди. Масалан, сажда – намознинг рукнидир, чунки у намоздан бир жуз бўлиб, саждасиз намоз намоз ҳисобланмайди.
1. Мерос қолдирувчи. Вафот этган инсон.
2. Меросхўр. Мерос қолдирувчи инсон вафот этгандан сўнг ҳаёт бўлган ёки ҳаёт бўлганлик ҳукмида бўлган, меросга ҳақдор мусулмон шахс. Шариатда белгиланган кишигина меросга ҳақдор бўлади.
3. Мерос бўлиб қолаётган мол-мулк ва шаръий ҳуқуқлар. Мерос илмида бу атама “мерос”, “тарика”, “ирс” деб ҳам номланади.
Мазкур 3 нарса мероснинг рукни ҳисобланади ва улардан бири топилмаса, мерос қолдириш ва мерос олиш вужудга келмайди.
Мероснинг шартлари
“Шарт” – шундай нарсаки, агар у нарса мавжуд бўлмаса, унга боғлиқ воқеълик ҳам вужудга келмайди, аксинча, у мавжуд бўлса, ўша воқеълик мавжуд бўлиши ҳам, мавжуд бўлмаслиги ҳам мумкин.
Меросда 3 та шарт мавжуд:
1. Мерос қолдирувчининг ўлими. Мазкур ўлим ҳолати уч хил кўринишда бўлади: “ҳақиқий ўлим” – яъни жисмоний (биологик) ўлим, “ҳукмий ўлим” (яъни йўқолган инсоннинг маҳкама томонидан вафот топган, деб ҳукм қилиниши, мусулмон кишининг динидан қайтиб, муртад бўлиши кабилар киради), “тақдирий ўлим” (яъни ҳомиладор аёлга ташқи шикаст етказиш туфайли ҳомиланинг тушиб қолиши тушунилади).
2. Мерос қолдирувчининг вафотидан сўнг меросхўрнинг ҳаёт бўлиши. Бу ҳолат 2 хил кўринишда: “ҳақиқий” ёки “тақдирий” ҳаёт кўринишида бўлиши керак.
“Ҳақиқий ҳаёт” бўлган инсон жисмонан (биологик) тирик инсон ҳисобланади.
“Тақдирий ҳаёт” деб мерос қолдирувчи вафот этишидан олдин она қорнида пайдо бўлган ҳомилага айтилади ва унинг туғилиши шарт қилинади.
3. Мерос олувчининг мерос қолдирувчига нисбатан ким эканлиги аниқ бўлиши ва насаби тайин бўлиши лозим. Меросхўрнинг қариндошлик даражаси аниқ белгиланган бўлиши, яъни мерос қолдирувчининг ўғлими, қизими, ака-укасими (ва ҳоказо) эканлиги равшан бўлиши керак. Шунингдек, «лиъон» айтишган эр-хотиннинг («лиъон» деб хотинини зинода айблаб, гувоҳ келтира олмаган эрнинг ва зинони рад этган хотиннинг қози ҳузурида бир-бирларини лаънатлашларига айтилади) фарзанди ҳам ота тарафдан насаби бўлмагани боис, ота тарафдан мерос олмайди ва ота тарафга мерос қолдирмайди.
Мерос олиш сабаблари
“Сабаб” – у мавжуд бўлгани учун ўзи сабаб бўлаётган воқеълик вужудга келади, у мавжуд бўлмаса, воқеълик бошқа бир сабабдан вужудга келиши мумкин.
Мерос олиш ҳаққи 3 хил сабаб ила собит бўлади:
1. Насаб йўли билан. Ота-она, фарзандлар, ака-ука, опа-сингил, амакилар ва бошқа ота ёки она томон қариндошлари шу тоифага киради. Бу тоифани уламолар “ота-она ва уларга мансуб кишилар” деб ҳам аташади.
2. Никоҳ йўли билан. Бунда тўғри, шаръий йўл ила, никоҳ билан боғланган инсонлар орасида бир-биридан мерос олиш ҳаққи собит бўлади. Яъни эр киши хотини қолдирган меросдан (“тарика” деб ҳам аталади), хотинлар эса эрлари мол-мулкидан мерос олади. Бироқ фосид ва ботил никоҳ (асли шаръан тўғри бўлмаган никоҳ) туфайли эса мерос олиш ҳаққи собит бўлмайди.
3. Қул озод қилиш туфайли. Воқеълигимзда мавжуд бўлмаса-да, лекин илгариги вақтда / Ислом тарихининг илк асрларида озод қилинган қул вафот этса-ю, унинг меросхўри бўлмаса, қулдан қолган меросни олишга уни озод қилган киши ҳақли бўлган. Чунки у киши яхшилик қилиб, марҳумни қулликдан озод қилган.
Манбалар:
1. “Исломда мерос тақсимоти” Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази жамоаси.
2. “Ҳадис ва ҳаёт” 12-жуз “Фароиз ва васиятлар” Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.