Бугун, 2020 йилнинг 29 декабр куни тарихий аҳамиятга эга бўлган воқеа юз берди дейиш мумкин. Давлатимиз раҳбари ўзининг Олий Мажлисга қилган мурожаатида, “Ўзбекистонда ислом молиявий хизматларини жорий этиш бўйича ҳуқуқий базани яратиш вақти-соати келди. Бунга Ислом тараққиёт банки ва бошқа халқаро молия ташкилотлари экспертлари жалб этилади”, – деди.
Ушбу мурожаат натижаси ўлароқ 2021 йилда бизнинг мамлакатимизда ҳам ислом молия тизимининг “юраги” уришни бошлайди деб умид қиламиз.
Маълумки, Ислом тараққиёт банки ва унинг таркибига кирувчи молия ташкилотлари Ўзбекистоннинг бир қанча маҳаллий тижорат банкларида ислом молия дарчалари очиш устида иш олиб бормоқдалар. Президентнинг бугунги мурожаати ана шу жараёнларни ҳам тезлашиб кетишига туртки беради деб ўйлаймиз.
Шу билан бирга, бу йўналишдаги асосий ишлар ислом молия тизими бўйича қонунчилик жорий қилингандан кейин бошланади десак тўғри бўлса керак. Чунки агар ислом молия тизими яшаб кетишни, ривожланишни истаса, йиллар давомида фаолият юритиб келаётган анъанавий молия тизими билан мижозларга хизмат кўрсатиш сифати, маҳсулотларнинг турлари ва нархлари, янги IT ва молия технологияларини татбиқ қилиш бўйича рақобат қилиши керак бўлади. Агар аҳоли ва тадбиркорларнигина эмас, балки банк-молия тизими мутахассисларининг ҳам ислом молияси бўйича билим ва тушунчалари етарли даражада эмаслигини инобатга оладиган бўлсак саводхонликни ошириш йўналишда кўплаб ишларни амалга ошириш кераклигини англашимиз мумкин.
Ислом қимматбаҳо қоғози бўлган сукукнинг ҳам жуда катта миқдордаги маблағларни жалб қилиш имкониятлари бор. Буни ислом молияси соҳасидаги мутахассислар ишонч билан таъкидлаб келмоқдалар. Бу имкониятлардан бугунги кунгача умуман фойдаланилмаган бўлсада (буни афсус билан қайд этишга мажбурмиз), яқин ойлар ичида чиқарилиши режалаштирилган яшил сукук бу йўналишга ҳам туртки бериши шубҳасиз.
Агар ҳаммаси яхши бўлса, яъни нафақат ислом молиясини жорий қилиш учун қонунчилик асослари яратилса, балки барча йўналишлар бўйича қўллаб-қувватланса ва тарғиб қилинса, қисқа муддатларда Ўзбекистон ислом молияси бўйича минтақада етакчи давлатга айланиши мумкин.