Қуйида, 2007 йилда Дубай ислом банки ташаббуси билан тузилган Dar Al Sharia – шариат уламолари, ислом ҳуқуқи ва молияси бўйича мутахассислардан иборат кенгаш томонидан чиқарилган муробаҳа битимига оид фатвони ўзбек тилига ўгириб саҳифамиз ва сайтимизга қўйишга қарор қилдик, чунки фикримизча ушбу фатвода кўрсатиб ўтилган қуйидаги асосий қоидалар бугунги кунда жуда долзарб ва шу сабабли бизнинг тадбиркорлар учун ҳам жуда фойдали бўлиши керак:
- Муробаҳага олинаётган молнинг нархи нафақат ушбу молнинг таннархи, балки уни олиб келиш билан боғлиқ бошқа бевосита қўшимча харажатларни ҳам инобатга олади;
- Маҳсулотни ишлаб чиқиш ёки олиб келиш билан бевосита боғлиқ бўлмаган бошқа турдаги харажатлар (масалан, офис ижараси, маъмурият ёки ходимлар маоши) муробаҳа доирасида олинаётган маҳсулот нархига қўшилмайди;
- Муробаҳа шартномаси тузиб бўлингандан кейин қилинган харажатлар ҳам муробаҳа битими доирасида олинаётган мол нархига қўшилмайди;
- Шунингдек, муробаҳа шартномаси доирасида олинган мол мижозга тақдим этилгандан кейин (мижоз томонидан) қилинган харажатлар ҳам муробаҳа нархига қўшилмайди.
Ушбу фатво яна шуниси билан аҳамиятлики, унда кўрсатиб ўтилган муробаҳа битими доирасидаги муҳим қоидаларни соҳага оид мумтоз асарлардан излаб топиш мушкул.
«Фатволар» туркумидан
Мавзу: Маҳсулотни мижозга етказиш билан боғлиқ турли харажатларни Муробаҳа асосида сотилаётган маҳсулот таннархига қўшиб юбориш масаласи
Савол:
Ислом молия муассасаси ўз мижозидан Муробаҳа орқали молиялаштирилаётган маҳсулот (ускуна, жиҳоз…) нархига юклаш, ташиш, сақлаш, етказиб бериш, божхона тўловлари ва бошқа шу каби харажатларни қўшиб юборишини сўраган мурожаатини олади. Баъзида бу каби харажатлар тўлов ҳужжатлари (инвойс) таркибида, баъзида эса алоҳида тўлов ҳужжати таркибига киритилган ҳолда тақдим этилади. Шу ўринда, яъни шу каби харажатлар Муробаҳа доирасида молиялаштирилиши мумкинми ўзи деган савол пайдо бўлади.
Жавоб:
Маълумки Муробаҳа ислом молия муассасалари томонидан молиялаштириш маҳсулоти сифатида кенг қўлланилади. Бунда ислом молия муассасаси маҳсулот нархи устига ўз устамасини қўйиб ва бу сотув нархини мижоз билан келишиб, шу маҳсулотни мижозига насияга (яъни, муайян муддат ичида бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан) сотади. Демак, Муробаҳа шартномаси асосида сотилаётган маҳсулот нархи икки нарсани ўз ичига олади: маҳсулот нархи ва молия муассасаси устамаси (фойдаси).
Маҳсулот нархининг шаклланиши:
Маҳсулотни сотиб олиш билан боғлиқ барча бевосита қўшимча харажатлар (юклаш, ташиш, сақлаш, етказиб бериш, божхона тўловлари, турли солиқлар ва ҳ.к.) маҳсулот нархи ичига киритилиши мумкин. Аммо бундаги муҳим шарт шуки, ушбу харажатлар, муробаҳа шартномаси орқали сотиш учун сотиб олинаётган маҳсулотнинг сотув нархи (яъни молия муассасаси мол эгасидан/сотувчидан олаётган молнинг нархи) ҳисоблаб чиқилгандан кейингина муробаҳа битими доирасида молиялаштирилиши мумкин.
Агар молия муассасаси маҳсулотни сотиб олиш бўйича аккредитив очган бўлсаю, лекин ҳали мижоз билан муробаҳа шартномаси имзоламаган бўлса, ва бу орада мижоз маҳсулот нархига бевосита алоқадор қўшимча харажатларни қўшиб юбориш юзасидан мурожаат қилса, ҳамда ушбу харажатларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар тақдим қилса, молия муассасаси ушбу харажатларни маҳсулот нархига қўшиб юбориши мумкин.
Аммо, молия муассасаси ва мижоз ўртасида тузилган муробаҳа шартномасида маҳсулот нархи келишиб бўлинган бўлса ва мижоз шундан кейин бундай мурожат билан чиқса, унда бу талаб/илтимос қондирилмайди (яъни, бу ҳолда қўшимча харажатларни маҳсулот нархига қўшиб юбориб бўлмайди).
Ҳудди шу каби, агар очилган аккредитивда барча турдаги бевосита харажатлар қопланиши кўзда тутилган бўлса, лекин унда сотувчига (мол эгасига) турли тўловлар, турли вақтда (турли саналарда) амалга оширилиши кўзда тутилган бўлса ҳам, ушбу барча харажатларни тасдиқловчи тегишли хужжатлар тақдим қилингандан кейингина Муробаҳа битими амалга оширилиши мумкин.
Манба: https://daralsharia.ae/
1 comment
Murobaxa suzini manosi nima