САВОЛ:
Ислом банкида мижозлар учун автоулов сотиб олишни молиялаштириш бўйича стандарт маҳсулот мавжуд. Ушбу молиявий маҳсулот Муробаҳа битимига асосланган бўлиб, унга кўра ислом банки мижоз танлаган автоуловни автомашина сотувчиси / автодўкондан сотиб олади ва сотиб олинган нархи устига ўз устамасини қўяди, кейин эса мижозга муайян вақт давомида бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан насияга сотади.
Ушбу Муробаҳа битими бўйича ҳосил бўлган қарзнинг қайтарилишини кафолатлаш мақсадида ислом банки мижоздан барча тўловлар амалга оширилгунига қадар транспорт воситасини гаровга қўйишни талаб қилади. Гаров масаласида шариатнинг қуйидаги икки жиҳати кўриб чиқилиши зарур:
– ислом банки гаровга қўйилган автоуловнинг эгаси ҳисобланадими?
– мижоз ўз мажбуриятларини бажармаган ҳолатда, яъни муробаҳа бўйича қарзини тўламаган тақдирда ислом банки гаровга қўйилган автоуловга нисбатан эгалик ҳуқуқини талаб қила оладими? Агар талаб қила олса, қай даражада?
ЖАВОБ:
Шариат тамойилларига мувофиқ, сотувчи ва харидор ўртасида олди-сотди битими тузилгач, гарчи маҳсулот нархи кейин тўланадиган бўлса ҳам (яъни савдо қилинган вақтда тўланмаса ҳам), сотилган маҳсулот/мол-мулкка эгалик ҳуқуқи ўша заҳоти сотувчидан харидорга ўтади. Ислом банки харидор томонидан сотув нархи тўлиқ тўлангунига қадар мулкка бўлган эгалик ҳуқуқини ўзида сақлаб туришига рухсат этилмайди. Шариат нуқтаи назарига кўра, олди-сотди шартномасида бунга ўхшаш шарт қўйиш савдони ботил (бекор) қилади.
Бироқ кечиктирилган савдо турларида, шу жумладан, Mуробаҳа битимида ҳам қарзларни ўз вақтида тўламаслик хавфидан ҳимояланиш мақсадида ислом банки мижоздан бирон бир мол-мулкни гаровга қўйишини сўрашга ҳаққи бор. Бундай шарт Муробаҳа олди-сотди битимига киритилиши мумкин, аксар ҳолларда автоуловнинг ўзи гаров сифатида қўйилади.
Бу каби вазиятда ислом банки автоуловни гаровга олувчи сифатида қаралади, унинг эгаси сифатида эмас. Чунки Муробаҳа олди-сотди битимига мувофиқ транспорт воситасининг эгаси мижоз ҳисобланади. Гаровда ушлаб туриш мижоз томонидан охирги тўловлар амалга оширилгунича давом этиши мумкин.
Мижоз томонидан тўлов мажбуриятлари ўз вақтида бажарилмаса, Ислом банки транспорт воситасига нисбатан эгалик ҳуқуқини талаб қила олмайди; лекин транспорт воситаси бўйича гаров шартномаси асосида автоуловни қайтариб олишни ва уни бозорда сотишни талаб қилиши мумкин. Автоуловни сотишдан тушган маблағни мижознинг гаров билан таъминланган қарзини ёпишга ишлатилади.
Автоулов сотувидан тушган маблағ мижознинг қарзини тўлашдан ортиб қолса, ўша ортиқча миқдор транспорт воситаси эгаси сифатида мижозга тегишли бўлади. Агар сотишдан тушган пул қарз миқдоридан кам бўлса, ислом банки мижоздан ўртадаги фарқни ҳам тўлаб беришини талаб қилиш ҳуқуқига эга. Гаровга қўйилган транспорт воситасини сотиш ўша пайтдаги бозор нархига мувофиқ бўлиши керак ҳамда банк ва мижознинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун очиқ бозорда ким ошди савдоси каби адолатли механизмлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Манба: https://daralsharia.ae/