Ушбу мақолада Дар аш-Шарианинг муробаҳа асосида автомашина сотиб олиш ва бунда кафолатга пул талаб қилиш масаласи юзасидан фатвоси келтирилади. “Dar Al Sharia” – 2007 йилда Дубай ислом банки ташаббуси билан тузилган, шариат уламолари, ислом ҳуқуқи ва молияси бўйича мутахассислардан иборат, ислом молияси ва банкчилиги масалалари билан шуғулланувчи компания.
Савол:
Транспорт воситаларини муробаҳа орқали молиялаштириш бўйича қўлланма тайёрлаш жараёнида ислом банки кафолат сифатида омонат (security deposit ёки ҳамиш жиддия) қабул қилиш масаласида банд/қоида киритишни режа қилди. Кафолат сифатидаги махсус омонат деганда мижоз муробаҳа битими доирасида муайян транспорт воситаси сотиб олишни сўраб банкка мурожаат қилган пайтда, банк томонидан мижоз буюртмаси асосида сотиб олинадиган транспорт воситасини банкдан сотиб олиш ваъдасини бажарилишини кафолати сифатида махсус ҳисоб рақамга мижоз тарафидан қўйилган муайян пул маблағлари назарда тутилади.
Шу муносабат билан, банкнинг шариат кенгашига қуйидаги саволлар келиб тушди:
1. Шариатда мижоздан бундай кафолат сифатидаги омонатни талаб қилиши жоизми?
2. Банк-мижоз ўртасидаги олди берди (битим) жараёнининг қайси босқичида мижоздан бундай омонат талаб қилиш мумкин?
3. Бундай омонат бўйича бирор бир ўрнатилган чеклов борми (яъни омонат миқдорининг чегараси қандай)?
4. Агар мижоз муробаҳа шартномасини имзоламаса банк кафолат сифатидаги омонатни тўлиғича ушлаб қолиш (ўзига олиб қолиш) ҳуқуқига эгами ёки йўқми?
5. Агар муробаҳа битими имзоланса (яъни муваффаққиятли амалга оширилса), омонатдаги пул маблағлари қандай тасарруф қилинади?
Жавоб:
Муробаҳа доирасида сотиб олинадиган транспорт воситасини банкдан сотиб олиш ваъдасини бажарилишини таъминлаш / кафолатлаш мақсадида мижоздан омонатга пул қўйишни талаб қилишни банк маъмурияти / раҳбарияти зарур деб билса, шариат буни таъқиқламайди, яъни бунда муаммо йўқ.
Мижоз сотиб олиниши режалаштирилган транспорт воситасини банкдан сотиб олиш ваъдасини берган пайтда банк мижоздан бундай омонат талаб қилиши мумкин.
Омонат миқдори бўйича ҳеч қандай чеклов ҳам йўқ, яъни омонат миқдори муробаҳа доирасида олиб берилаётган нарсанинг кийматидан келиб чиққан ҳолда белгиланади ва агар томонлар шунга рози бўлса бундай омонат учун алоҳида ҳисоб рақам очилади.
Омонат қайтарилишини кўзда тутган ҳолда у қуйидагича тасарруф қилиниши лозим:
- қандайдир сабаб билан мижоз банкдан битим жараёнини (бу ҳолатда транспорт воситаси сотиб олиш жараёнини) тўхтатишни сўраса ва агар банк ҳали сўралган транспорт воситасини сотиб олиб улгурмаган бўлса, у ҳолда банк шу пайтгача қилган харажатларини (қилинган харажатлар мижозга кўрсатилади/исботланади) мижоздан кафолат сифатида олинган омонат ҳисобидан қоплайди ва қолганини мижозга қайтаради;
- бироқ, банк транспорт воситасини сотиб олиб бўлгандан кейин мижоз уни (яъни транспорт воситасини) банкдан сотиб олиш истагини билдирмаса ва банк олинган транспорт воситасини учинчи томонга сотиб юборишга мажбур бўлса, у ҳолда банк сотувдан тушган пул маблағлари ҳисобидан ўз қилган харажатларини қоплайди ва қолганини мижозга қайтаради. Хуллас, транспорт воситасини сотиб олиш ва (учинчи тарафга) сотиш нархи ўртасидаги фарқ банкнинг зарари ҳисобланади ва банк шу зарарни омонатга қўйилган пул маблағлари ҳисобидан қоплаш ҳуқуқига эга;
- агар банк кўрган зарар омонатга қўйилган пул маблағларидан кўп бўлса, у ҳолда банк зарарни қоплашга етмаётган қисмини мижоздан талаб қилиши мумкин;
- агар банк транспорт воситасини учинчи тарафга фойда билан сотса (яъни сотувдан тушган пул қилинган харажатдан кўпроқ бўлса), у ҳолда банк омонатни мижозга қайтариб беради. Лекин транспорт воситасини сотишдан кўрилган фойда банкнинг ўзига қолади, чунки банк транспорт воситасининг эгаси ҳисобланади;
- агар мижоз сотиб олинган транспорт воситасини ўз ваъдасига мувофиқ банкдан сотиб олса ва муробаҳа шартномаси муваффаққиятли тарзда амалга оширилса, у ҳолда қабул қилиб олинган пул маблағлари мижозга тўлиғича қайтарилади ёки транспорт воситасини муробаҳа орқали мижозга сотилаётганда инобатга олинади (яъни тўлов доирасида ҳисоб-китоб қилинади).
Эслатма: Ушбу фатво ислом молияси ташкилотлари дуч келадиган баъзи амалий жиҳатларни тушунтириб бериш мақсадидагина тақдим қилинган. Бу ерда баён этилган фатво Дар аш-Шариа томонидан уларнинг мижоз ташкилотлари учун қабул қилинган ва улар ўз фаолиятлари давомида дуч келаётган муаммоларни акс эттиради.
Манба: https://daralsharia.ae/