Ушбу мақолада Дар аш-Шарианинг муробаҳа мажбуриятларини бирлаштириш масаласи юзасидан фатвоси келтирилади. “Dar Al Sharia” – 2007 йилда Дубай ислом банки ташаббуси билан тузилган, шариат уламолари, ислом ҳуқуқи ва молияси бўйича мутахассислардан иборат, ислом молияси ва банкчилиги масалалари билан шуғулланувчи компания.
Савол:
Ислом банкининг мижози банкдан бир нечта Муробаҳа битимлари орқали молия жалб қилган. Ушбу Муробаҳа шартномаларининг ҳар бири турли вақтларда имзоланган ва уларнинг тўлов жадваллари турлича. (Мисол учун, муробаҳа асосида автомашина 5 йил муддатга олинган бўлиб, ушбу шартнома бўйича тўлов санаси ҳар ойнинг 15-санасида, бошқа шартнома бўйича 15 йил муддатга уй олинган ва бу шартнома бўйича тўлов муддати ҳар ойнинг 30 куни ва ҳоказо).
Мижоз шартномалар бўйича тўловларни амалга ошириш учун маблағ (нақд пул) етишмовчилиги (ликвидлик) муаммосига дуч келади ва шу масалани ҳал қилиш мақсадида Ислом банкига қуйидагича ариза билан мурожаат қилди:
– унинг (яъни мижознинг) банк тузган барча Муробаҳа шартномалари бўйича мажбуриятларни бирлаштириш (консолидация қилиш) ва ягона тўлов жадвалини шакллантириш;
– умумий тўлов муддатини узайтириш орқали унга бироз енгиллик бериш.
Мижоз, унинг ушбу мурожаати доирасида юзага келиши мумкин бўлган молиявий харажат ва зарарларни қоплаш учун банкка ҳар қандай қўшимча тўлов тўлашга ҳам тўлиқ розилик билдирди. Мана энди бу борада шариат кўрсатмаларига мурожаат қиламиз
Жавоб:
Юқоридаги вазият учта масалани ўз ичига олади:
1. Ягона тўлов жадвалини тузиш мақсадида барча қарзларни бирлаштириш;
2. Тўловнинг умумий муддатини узайтириш;
3. Мижоздан қарздорлик бўйича тўловлар устига қўшимча равишда маблағ ундириш.
Мазкур уч масаланинг ҳар бири алоҳида ва мустақил кўриб чиқилиши керак, чунки ҳар доим ҳам мана шу учта шартни бир вақтда қўллашга эҳтиёж бўлмаслиги мумкин (яъни келажакда мавжуд уч масаладан фақат биттасига ёки иккитаси юзасидан мурожаат тушиши мумкин).
• Шариат бўйича, икки томон (яъни банк ва мижоз) ягона тўлов жадвалини шакллантириш учун турли қарз мажбуриятларини бирлаштиришлари мумкин.
• Икки томоннинг келишувига кўра, хоҳ битта қарз бўлсин, хоҳ бир неча қарзларнинг бирлашмаси (консолидацияси) бўлсин, тўлов муддатини узайтириш шариатга кўра жоиз.
• Бироқ, қарз муддатини узайтирганлик учун қарз устига ортиқча тўлов тўлаш/ундиришга шариат рухсат бермайди.
Шуни таъкидлаш керакки, тўлов жадвали қайта кўриб чиқилганлиги ёки мижознинг қайсидир мажбуриятларни бажармаганлиги учун қўшимча тўлов олиниши тамомила таъқиқланади, ҳатто бунга мижознинг ўзи рози бўлса ҳам.
Эслатма: Ушбу фатво ислом молияси ташкилотлари дуч келадиган баъзи амалий жиҳатларни тушунтириб бериш мақсадидагина тақдим қилинган. Бу ерда баён этилган фатво Дар аш-Шариа томонидан уларнинг мижоз ташкилотлари учун қабул қилинган ва улар ўз фаолиятлари давомида дуч келаётган муаммоларни акс эттиради.
Манба: https://daralsharia.ae/