“Ва бирингизга ўлим келиб: “Роббим, агар менинг ўлимимни яқин муддатга орқага сурсанг, бас, садақа қилиб солиҳлардан бўлсам”, демасидан аввал, Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан нафақа қилинг.”
Ризқнинг асосий манбаи Аллоҳ таолонинг Ўзидир ва У Зот одамларга Ўзи хоҳлаганича ризқ бериб қўйган ва ундан нафақа, хайр-эҳсон қилиб туришга буюрган. Албатта, бу иш ўлим келишидан аввал бўлиши шарт. Соғ-саломатликда, ҳамма нарсага қодирлик пайтида хайр-эҳсон қилса, ўрнига тушади. Ўлим келганда эса ҳамма ҳам ёлвориб, Аллоҳдан яна озгина умр беришини сўрайди, садақа қилиб, яхши кишилар қаторида бўлишни истаб қолади. Лекин унда кеч қолган бўлади.