Қуйидаги расм-жадвалда АҚШнинг 5 та энг йирик компанияларининг бир сония (секунд)да топадиган даромади кўрсатилган.
Apple пешқадам. Ушбу компания бир сонияда 3 минг доллар соф даромад топади.
Microsoft бир сонияда 2443 АҚШ долларига эга бўлади.
Alphabet (Google Inc. ва унинг таркибига кирувчи компанияларни бошқарувчи холдинг) эса бир сонияда 2115 АҚШ доллари соҳибига айланади.
Эътибор берсангиз, буларнинг барчаси IT компаниялар бўлиб, маълумотлар, юқори маълумот технологиялари (ИКТ) соҳасида фаолият олиб боришади, яъни буларнинг ҳеч бири табиий бойликлар (нефть, газ, олтин, кўмир…) қазиб олиш, қайта ишлаш (пўлат қуйиш, табиий газни суюлтириш каби…) ёки қурилиш билан шуғулланишмайди. Бироқ, шунга қарамасдан, улар шундай катта даромадга эга. Бу нимани англатади? Бу, биз яшаётган замон юқори технологиялар замони эканлигини, IT / юқори технологиялар аллақачон ҳар қандай соҳанинг ва ҳатто ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб бўлганлигини англатади. Агар шу пайтгача буни сезмаган бўлсангиз, Amazon орқали қўлингизга келиб тушган Appleдан бошингизни кўтариб атрофга бир разм солинг…
Яна бир нарса — юқоридаги компанияларнинг бирортаси мусулмон давлатларига алоқаси йўқ, уларнинг бирортасини ҳам мусулмон одам бошқармайди… Ваҳоланки, IT соҳаси асосланадиган алгоритм ва алгебра бизнинг юртдошимиз, буюк мусулмон алломаси Ал-Хоразмий билан бевосита боғлиқ. Ҳатто, алгебра номи ҳам ушбу олим тарафидан тахминан 825 йилда ёзилган “Алжабр вал муқобала” китобидан олинган. 0 рақами ҳам биринчи бор Ал-Хоразмий томонидан қўлланилган ва кейинроқ ушбу сонни араблар as-sifr ёки sifr деб таржима қилишган ва шу сўздан русча “шифр”, инглизча “cipher” пайдо бўлган. Кейинчалик бу сўздан “шифрлаш”, яъни бирор сирни рақам ва математик белгиларга айлантириш ва беркитишни англатувчи (рус тилида “шифровать”) сўзлар келиб чиққан. XII асрга келиб Ал-Хоразмийнинг “Алжабр вал муқобала” китоби лотин тилига таржима қилиниб, Европага олиб кирилган.
Хуллас, биз мусулмонлар ўз буюк аждодларимизни илмий меросини бир четга ташлаб майда масалалар устида ўралашиб қолган пайтимизда Европа ва кейинроқ Америкада уларни астойдил ўрганиб, янги билимлар билан бойитиб ривожланиб кетишди десак хато қилмаган бўлсак керак. Энди эса, биз улар ишлаб чиқарган машиналар, маиший техника, ақлли телефонлар, дастурлар, самолёт-ракеталар, қурол-яроғларни улардан фалон пулга сотиб олиб ишлатмоқдамиз…
Аллоҳ таоло «Зумар» сурасининг 9 оятида марҳамат қилиб, «Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўларми?!” Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар”», дейди.
Аллоҳ бизларни эслатма олувчи, Аллоҳнинг оят/белгиларидан тўғри хулоса чиқарувчи ақл эгаларидан қилсин.
Жаҳонгир Имамназаров
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси,
Иқтисодиёт фанлари бўйича
(Ислом иқтисодиёти йўналиши)
фалсафа доктори (PhD)