11-12 сентябрь кунлари, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги биносида “Ислом молияси асослари ва ҳалол савдо фаолияти” мавзусида амалий семинар ташкил қилинди. Семинар Islamic Business and Finance (IsBF) компанияси мутахассислари ҳамда Ислом тараққиёт банки ва унинг шўъба корхоналарида фаолият олиб бораётган мутахассислар томонидан ўтказилди. Ислом молияси соҳасида амалий тажрибага эга бўлган ушбу мутахассислар асосан тадбиркорлар, ҳуқуқшунослар, банк ходимлари ва талабалардан иборат юздан ортиқ семинар иштирокчиларига жуда қизиқ бўлган амалий масалаларни ёритиб бердилар.
Ўқув тадбири Ўзбекистонда бўлиб ўтган Ислом тараққиёт банкининг йиллик анжуманидан сўнг ташкил қилинганлиги соҳага қизиқиш ортаётганлигини англатади. Семинар давомида Ислом молиясининг асосий тамойиллари, ундаги тақиқлар, шартномаларга қўйиладиган талаблар, шерикчилик ва савдо-сотиқ қоидалари, Ислом банклари фаолияти, шунингдек, мусулмон тадбиркорнинг ахлоқи мавзулари батафсил кўриб чиқилди.
Тадбирга Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим мудири Муҳаммад Айюбхон Ҳомидов ҳам ташриф буюриб, семинар иштирокчиларига савдо-сотиқ ва молиявий муносабатларда ислом дини талабларини тушунтирдилар ҳамда уларнинг Ислом ва тижорат фиқҳига оид саволларига жавоб бердилар.
Семинар якунида иштирокчилар мазкур соҳада ўқув курсларини ташкиллаштиришга эҳтиёж катталигини, чунки Ислом молияси ривожланиши мамлакатимиз тадбиркорларига ниҳоятда зарурлигини таъкидладилар.
Таъкидлаш лозимки, ушбу семинар 2019 йилдан бери Ислом молияси ва банкчилиги мавзусида мамлакатимиз тижорат банклари ва молия муассасалари ходимларига тренинглар ўтиб келаётган IsBF компанияси томонидан тадбиркорлар учун ўтказилган биринчи семинар бўлди. Тадбиркорлар томонидан семинарга бўлган юқори қизиқиш ушбу йўналишда кўплаб семинар ва тренинглар ўтказиш зарурати борлиги кўрсатди.