Анъанавий молия тизимига муқобил равишда ислом молиясини жорий этишга қаратилган қонунчилик асосларини яратиш вақти келди деб ёзадилар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Фарҳод Зайниев ва Жаҳонгир Абдурасулов.
Шиддаткор давр янги имкониятларни излаш, реал иқтисодиётнинг ривожланиши ва фаоллашуви учун молиявий имкониятлар манбасини кенгайтиришни тақозо этаётир. Бунинг учун эса анъанавий молия тизимига муқобил равишда ислом молиясини жорий этишга қаратилган қонунчилик асослари яратилиши лозим.
“Агар биз фуқароларимизнинг маълум бир қисми диний эътиқодидан келиб чиққан ҳолда банк хизматларидан фойдаланишни истамаётганини инобатга олсак, ислом молияси тамойилларига асосланган банк хизматлари ана шу қатлам омонатларини иқтисодиётга жалб этиш, улардан эса оқилона фойдаланиш учун катта имконият яратади”, – деб ёзади депутат Фарҳод Зайниев.
Қайд этилишича, айни пайтда ислом молияси кўплаб ривожланган мамлакатларда иқтисодий ўсишнинг асосий омили бўлмоқда. Ҳаттоки, дунёвий давлат бўлса-да, аксарият фуқаролари насроний бўлган Буюк Британиянинг 20 дан ортиқ банкларида мижозларга ислом молияси маҳсулотлари ва хизматлари таклиф қилинмокда.
Ф.Зайниевга кўра, ислом молияси маҳсулотларидан фойдаланиш учун амалдаги банк қонунчилиги, солиқ ва фуқаролик кодексларига ҳамда бошқа қонуности ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш ёки алоҳида қонун қабул қилиш лозим.
“Шу ўринда ушбу тизим анъанавий банк-молия тизимининг муқобили сифатида Ислом ҳамкорлик ташкилоти аъзолари бўлмаган давлатларда ҳам тобора оммалашаётганини таъкидлаш жоиз. Ўтказилган сўровномалар, тижорат банклари, тадбиркорлар ҳамда илмий доираларда ўтказилган учрашувлар таҳлили мамлакатимизда ҳам ушбу тизимга жуда катта қизиқиш билдирилаётганини кўрсатаётир ”, – деб ёзади депутат Жаҳонгир Абдурасулов.
Маълумки, Президентимиз Ш.Мирзиёев Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессиясида сўзга чиқиб, бу мавзуга ўз муносабатини билдирган эди.
Чиндан ҳам кўплаб молиячилар бугун юртимизда кечаётган туб ислоҳотлар даврида миллий молия секторини ривожлантириш, миллий иқтисодиётимиздаги ўсиш кўрсаткичларини янада яхшилашда ислом молияси муҳим ўрин тутишини, хусусан, қимматли қоғозлар бозорини ривожлантиришнинг янги истиқболли йўналишларини жорий этиш, давлатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, банк маҳсулотлари бозори ривожига сезиларли даражада ҳисса қўшиши мумкинлигини таъкидламоқдалар. Бас, шундай экан, ислом молияси тамойиллари асосида фаолият юритадиган банклар, инвестиция фондлари ва компаниялар маблағини Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига, айниқса, хусусий секторга жалб этиш мақсадга мувофиқдир. Бунинг учун эса, анъанавий молиялаштириш механизмлари билан бир қаторда шерикчиликка асосланган ислом молияси механизмларини жорий этиш лозим.
Маълумки, ислом молияси фойда ва зарарни бўлишиш ҳамда реал активларга асосланган молиялаштиришни кўзда тутади. Яъни, у шерикчиликка асосланади. Улар мижоз талаби билан объектни қуриб бериши, асбоб-ускуналар, товар, хом ашёлар олиб бериши ёки уларни ижарага бериши мумкин. Молиялаштириш асосида эса савдо амалиёти ётади. Замонавий банк тизимида эса банкларнинг савдо амалиётларини амалга ошириш қонунчилик нуқтаи назаридан мушкул бўлиб, бунга солиқ ҳамда банк фаолиятига тааллуқли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тўсқинлик қилади.
Ушбу тизим иқтисодий инқироз юз берган пайтларда ҳам барқарор фаолият олиб борганини назарда тутсак, айни вақтда АҚШ ва Европанинг кўплаб давлатларида ислом молияси тизимининг асосий тамойиллари чуқур ўрганилаётгани сабабини тушуниш мумкин бўлади.
Шериклик асосидаги молиялаш тизими, шунингдек, дахлсизлик, шартнома мажбуриятларига риоя қилиш, таваккалчиликларни, фойда ва даромадларни адолатли тақсимлаш, иқтисодий фаровонлик ва ижтимоий адолатнинг мувофиқлик тамойилларига ҳам асосланади. Ахлоқий меъёрларга риоя қилиш, ижтимоий адолат, қонун доирасида ҳаракат қилиш, маблағларни меъёрида сарфлаш ва монополияга қарши курашиш мазкур тизимнинг фундаментал асослари эканини ҳам таъкидлаш жоиз.
Аввалроқ Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист, юридик фанлар доктори, профессор Омонбой Оқюлов ҳам янги таҳрири устида ишланилаётган Фуқаролик кодексига ислом молияси механизмлари ҳамда олди-сотди қоидалари киритишни таклиф этган эди.
Ислом динига эътиқод қилувчилар учун судхўрлик оғир гуноҳдир. Бинобарин, улар эътиқодига тўғри келадиган шартнома конструкциялари Фуқаролик кодексида ўз ифодасини топиши лозим, дея фикр билдирган профессор Омонбой Оқюлов.
Ўзбекистон Республикаси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ушбу мавзуда фикр юритиб: “Ислом молияси бу бутун дунёда тараққий топаётган ва юқори суръатларда ривожланиб келаётган молия соҳларидан бири. Лекин биз шуни тан олишимиз керакки, Ўзбекистонда бу борада Ўзбекистонда амалий қадамлар ташлангани йўқ. Ваҳолангки, ҳукумат томонидан бу соҳанинг муҳимлиги ва ундан унумли фойдаланиш, ривожлантириш ишларини бошлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинган ва барча давлат идораларга етказилган эди”, – дея таъкидлаганди.
Шу ўринда, Ислом молияси тизимининг шаклланиши нафақат иқтисодий, балки ахлоқий, маданий ва диний соҳаларда ҳам жамиятда бойликларни тенг тақсимлашда ижтимоий адолатни кучайтиришга қаратилгани билан ҳам мутахассислар эътиборини тортмоқда. Шунинг учун ҳам ушбу тизим анъанавий кредитлаш тизими сингари бозор иқтисодиёти ҳамда ижтимоий-маданий қадриятларга тўла мос келади. Бугунги кунда Малайзия, Туркия, Англия, Швейцария, Франция, Қозоғистон ва Қирғизистон иқтисодиётига ушбу тизим жадал кириб бормоқда.
Мамлакат банк тизими ва молиячилар зиммасига юклатилаётган вазифалар эса бизда ҳам ушбу тизимни жорий этиш учун ҳуқуқий асослар яратиш пайти келганини кўрсатаяпти. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистон иқтисодиётига қўшимча капитал ва инвестициялар кириб келиши ҳамда муқобил молиялаштириш механизмларини таклиф этишга ҳам имкон яратади.