Айланма маблағларни мушорака орқали молиялаштириш, асосий воситалари кўп бўлган, фаолият юритиб турган корхоналарда анча қийин бўлиши мумкин, чунки корхонанинг барча мол-мулкини, уларнинг нархи тушиши ёки кўтарилишини ҳисобга олиш ва бухгалтерия нуқтаи назаридан тўғри ифода қилиш осон бўлмаслиги эҳтимоли бор. Бундай ҳолатларда мушорака бошқа йўл билан амалга оширилиши мумкин.
Бунда қийинчиликлар асосан билвосита харажатлар, яъни ускуна-дастгоҳларнинг эскириши, ходимларнинг маоши ва бошқа шу кабиларни ҳисобга олиш билан боғлиқ бўлади. Ушбу муаммони четлаб ўтиш мақсадида томонлар соф фойдани эмас, балки ялпи фойдани ўзаро тақсимлашга келишиб олишлари мумкин. Бунда билвосита харажатлар тақсимланаётган фойдадан чегириб (чиқариб) ташланади ва ушбу харажатлар мушорака орқали маблағ жалб қилган мижоз (кўпинча бу корхонанинг эгаси бўлади) томонидан қопланади. Мушорака шартномаси асосида маблағ ажратган томон фақат бевосита харажатларни (масалан хом-ашё сотиб олиш, бевосита мушорака доирасида ишлаган ходимларга кетган сарф-харажатлар, газ/электр таъминоти) қоплайди. Шу билан бирга, билвосита харажатларни ўзига олган мижознинг фойдадаги улуши кўпайтирилиши, унинг харажатларини маълум даражада қоплайди ва шу орқали адолат таъминланади.
Бундай шартноманинг маъқул тарафи шундаки, бунда молия муассасаларининг мижозлари, уларда керакли ишлаб чиқариш воситалари, мутахассислар ва ҳоказолар бўлганлиги ва улар шу нарсалар ёрдамида бошқа фаолият ҳам олиб боришлари мумкин бўлганлиги сабабли (яъни улар ўзларини фақат молия жалб қилинаётган лойиҳа билан чегаралашининг зарурати йўқ) мушорака доирасидаги харажатларни молиялаштирувчи томон зиммасига юкламаслик имконияти бор.
Келинглар энди амалий мисол келтирамиз. Тасаввур қилайлик, мато ишлаб чиқарувчи фабриканинг 22000 доллар турадиган биноси, 2000 доллар турадиган дастгоҳлари, ҳамда бир ойда 500 доллар маош оладиган ишчилари бор. Фабрика ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида Банкдан 5000 долларга тенг молия маблағларини мушорака шартномаси асосида, 1 йил муддатга жалб қилишни режалаштирди. Бу, 1 йилдан кейин мушорака якунланади ва шу муддат давомида кўрилган фойда келишилган нисбатда томонлар ўртасида тақсимланади дегани. Бунда, барча бевосита харажатлар даромаддан чегириб (чиқариб) ташлангандан қолган маблағ фойда сифатида тақсимланган. Бевосита харажатлар деганда қуйидагилар тушунилади:
- хом-ашё сотиб олиш учун сарф қилинган маблағлар;
- бевосита хом-ашёни қайта ишлашга жалб қилинган ишчи-ходимларнинг маоши;
- ишлаб чиқаришда сарф қилинган электр/ёқилғи учун харажатлар;
- мушорака доирасида амалга оширилган бевосита харажатлар (масалан кўрсатилган хизматлар учун қилинган сарф-харажатлар).
Бино, дастгоҳлар ва ишчи-ходимлар маошига келадиган бўлсак, улар фақатгина мушорака шартномаси доирасидаги фаолият учун ишламайди, балки мушорака шартномаси 1 йилдан сўнг бекор бўлгандан кейин ҳам фабрика эгалари манфаати йўлида ишлайверади. Шу сабабли бино ва дастгоҳларнинг тўлиқ баҳоси ушбу қисқа муддатли мушоракага юклатилмайди. Бу ҳолатда, бино ва ускуналарнинг эскириши / нархи тушиши билан боғлиқ харажатлар мушорака ҳисобидан қопланиши мумкин холос.
Амалда, ишчилар ва дастгоҳлар қанча муддат мушорака доирасида ва қанча муддат бошқа жорий фаолият доирасида ишлаганини аниқлаш қийин ва бу турли бахс-мунозараларга сабаб бўлиши мумкин. Бу масалани ҳал қилишнинг икки йўли бор:
Биринчиси: мушорака доирасида фойдаланилаётган бино, ускуна ва дастгоҳлар учун мижозга (яъни фабрика эгасига) ижара ҳақи тўланади. Ижара ҳақи, мушорака фаолияти давомида фойда олиниши ёки зарар кўрилишидан қатъий назар мушорака доирасида жалб қилинган маблағлар ҳисобидан тўланаверади.
Иккинчи ечим: мижознинг фойдадаги улуши нисбати кўпайтирилади.
Шариат нуқтаи назаридан бу хизмат кўрсатишдаги мудорабага қиёсланади ва шу сабабли бундай амалиётга рухсат берилади.