Маълумки, ҳар қандай бизнес лойиҳани амалга ошириш учун муайян миқдорда инвестиция (сармоя) киритиш талаб этилади. Шу билан бирга, мусулмон одам қандай бизнес лойиҳаларга ва қай усулда инвестиция киритиш кераклигини билиши лозим бўлади, акс ҳолда динимиз тақиқлаган ёки шубҳали лойиҳаларга сармоя киритиб қўйиш хавфи пайдо бўлади. Бу масала янги ва янги бизнес фаолият турлари пайдо бўлаётган бугунги кунимизда янада долзарб бўлиб бормоқда. Шуни инобатга олган ҳолда биз инвестицияларга бўлган ислом молияси талаблари бўйича бир жадвал тайёрладик ва бугун ушбу жадвални сизларнинг эътиборингизга ҳавола қилмоқчимиз.
Умид қиламизки, жадвалда келтирилган маълумотлар нафақат тадбиркорлар ва сармоядорлар учун, балки биржаларда фаолият олиб борувчи савдогар (trader)лар учун ҳам фойдали бўлади.
Актив/молиявий восита (инструмент) | Ислом молияси тамойилларига мувофиқ келади/мувофиқ келмайди | Мувофиқлик/номувофиқлик борасида умумий маълумот |
---|---|---|
"Дей-трейдинг" (кунлик савдо) акциялари | Мувофиқ эмас | Гардкамчилик асосидаги қимор ўйинларга ўхшайди (кун давомида олди-сотди қилиб улгуриш зарур, хатто зарарига бўлса ҳам). |
Forex бозорларида савдо қилиш | Мувофиқ эмас | Валютанинг айни ўзи эмас, балки унинг бошқа валютага нисбати (яъни ўртадаги фарқ) савдо қилинади. Фоизлар ва кредит елкасининг мавжудлиги. |
Бизнесга инвестициялар | Муайян шартларга риоя қилинса мувофиқ келади | Бизнес ва молиявий скрининг (текширув) ўтказиш талаб этилади. Бизнес скриннинг деганда корхонанинг бизнес фаолияти шариат талабларига жавоб бериш ёки бермаслиги текширилади; Молиявий скриннинг деганда, жумладан корхона олган фоизли кредитлар қанчалиги қаралади. |
Биржа инвестиция облигациялари (ETN) | Мувофиқ эмас | Асосий/таянч мулкка эга бўлмаган пул кўринишидаги қарзлар |
Биржа маҳсулотлари савдоси | Муайян шартларга риоя қилинса мувофиқ келади | Агар савдо фьючерс шартномалари устида ёки маҳсулотни етказмасдан нархлар ўртасидаги тафовут устида ўйнашга қаратилган савдо шартномалари (CFD) эмас, балки ҳақиқий/мавжуд маҳсулотлар устида амалга оширилса. |
Бўлажак аъзоларга янги аъзоларни жалб этиш орқали даромад топиш таклиф қилинадиган ташкилотлар/жамиятлар/лойиҳалар (бунда асосий савдо амалиётлари компания ичида, яъни унинг аъзолари орасида бўлади). | Мувофиқ эмас | Бу ерда асосий эътибор мавжуд маҳсулотлар савдосига эмас, балки жамиятнинг янги аъзолари қаралади. Бунда маҳсулотлар "парда" вазифасини бажаради, савдо эса асосан тизимнинг ичида амалга оширилади. |
Венчур фондлар | Муайян шартларга риоя қилинса мувофиқ келади | Бизнес ва молиявий скрининг (текширув) ўтказиш талаб этилади. Бизнес скриннинг деганда корхонанинг бизнес фаолияти шариат талабларига жавоб бериш ёки бермаслиги текширилади; Молиявий скриннинг деганда, жумладан корхона олган фоизли кредитлар қанчалиги қаралади. |
Ер | Мувофиқ | |
Имтиёзли акциялар | Мувофиқ эмас | Кафолатланган даромад (дивидендлар) тўлангани учун мувофиқ эмас. Шунингдек, компания тугатилиши (ликвидация) ҳолатида имтиёзли акциялар оддий акциялардан олдинда туради. |
Компаниядаги акция ва улушлар | Муайян шартларга риоя қилинса мувофиқ келади | Бизнес ва молиявий скрининг (текширув) ўтказиш талаб этилади. Бизнес скриннинг деганда корхонанинг бизнес фаолияти шариат талабларига жавоб бериш ёки бермаслиги текширилади; Молиявий скриннинг деганда, жумладан корхона олган фоизли кредитлар қанчалиги қаралади. |
Краудфандинг | Муайян шартларга риоя қилинса мувофиқ келади | Битим шартлари, шу билан бирга молиялаштириш шакли ва таркибий тузилишига боғлиқ |
Криптовалютага сармоя киритиш | Мавҳум | Муаммо асосан ғарар борлиги ва кўпроқ чайқов амалиёти учун қўлланиши билан боғлиқ. |
Кўчмас мулк сармоя жамғармалари (REIT) | Муайян шартларга риоя қилинса мувофиқ келади | Битим шартларига боғлиқ. Ижарага олувчининг фаолияти шариат талабларига мувофиқ келиши керак. |
Маҳсулот олди-сотдисига сармоя киритиш | Муайян шартларга риоя қилинса мувофиқ келади | Агар маҳсулот/хизматлар шариатда рухсат этилган ва олди-сотди амалиёти ислом ҳуқуқи талабларига жавоб берса |
Мол-мулк | Мувофиқ | Битим шартлари, жумладан, молиялаштириш усулига боғлиқ |
Муайян буюмлар тўплами (коллекция) | Муайян шартларга риоя қилинса мувофиқ келади | Эгалик ҳуқуқи талаб этилади |
Облигациялар | Мувофиқ эмас | Облигациялар-фоизли қарзлардир |
Оддий депозит (омонат) ва жамғарма ҳисоб рақамлар | Мувофиқ эмас | Фоизли омонат ҳисоб рақамлар бўлгани учун |
Оддий/анъанавий лизинг | Мувофиқ эмас | Ушбу битим фоизли қарз битими сингари тузилган, яъни бунда мулк (актив) ижарага олувчига топширилгандан сўнг, ушбу мулк билан билан боғлиқ барча хатарлар ижара олувчига ўтади. |
Олди-сотди ва ижара асосидаги молиялаштириш | Мувофиқ | Ислом ҳуқуқи талабларига мувофиқ келиши юзасидан текширув ўтказиш талаб этилади |
Олтинга сармоя киритиш | Муайян шартларга риоя қилинса мувофиқ келади | Олтин савдо жойида мавжуд бўлиши ва у дарҳол (қўлма-қўл) олди-сотди қилиниши лозим (насияга мумкин эмас). |
Опцион ва бинар опционлар (рақамли опцион бўлиб, бунда олдиндан белгиланган даромад бериш кўзда тутилади) | Мувофиқ эмас | Опционлар Рибо, Ғарар (мавҳумлик) ва Майсир (қимор)ни назарда тутади. Бу, нол натижали ўйинларга қиёсланади (бунда бир тараф иккинчи тарафнинг мағлубияти ҳисобидан ютади. |
Сармоядорларга кафолатланган фойда (кўп ҳолатларда бўрттирилган) таклиф қиладиган ва шу билан бирга уларга лойиҳанинг барча хатарларини очиқ ойдин кўрсатмайдиган турли жамғарма/компания/тузилмалар | Мувофиқ эмас | Ёлғон, рибо, ғарар, майсир ва адолатсизликка асосланган. |
Своплар | Мувофиқ эмас | Анъанавий своплар мавжуд бўлмаган мулк (активлар)ни айирбошлашни назарда тутади. Шу билан бирга ислом ҳуқуқи талабларига мувофиқ келувчи своплар ҳам бор. |
Сукук | Мувофиқ | Фатво талаб этилади |
Тафовут бўйича битим (Contract for Differences - CFD) | Мувофиқ эмас | Бунда муайян маҳсулотлар савдоси эмас, балки уларнинг нархлари ўртасидаги фарқ устида чайқов амалиёти олиб борилади. Бу амалиётда рибо аломатлари ҳам мавжуд. |
Тўғридан-тўғри инвестициялар (хусусий капитал) | Муайян шартларга риоя қилинса мувофиқ келади | Бизнес ва молиявий скрининг (текширув) ўтказиш талаб этилади. Бизнес скриннинг деганда корхонанинг бизнес фаолияти шариат талабларига жавоб бериш ёки бермаслиги текширилади; Молиявий скриннинг деганда, жумладан корхона олган фоизли кредитлар қанчалиги қаралади. |
Турли ўзаро, жамғарма, нафақа, фондлар, оилавий суғурта жамғармалари ва ҳ.к. | Мувофиқ эмас | Жамғарманинг ўзи ҳам, унинг инвестициялари ҳам ислом ҳуқуқи талабларига мувофиқ келиши лозим. Аксар фондлар ислом ҳуқуқида тақиқлаган активларга (деривативлар, облигациялар ва фоизли воситалар ва ҳ.к.з.) эга. |
Тушуниш қийин ёки хатто иложсиз бўлган турли чалкаш инвестиция лойиҳаларики, уларни хатар ва мукофот нуқтаи назаридан англаб бўлмайди. Улар бир қарашда жозибали кўринади, лекин амалга ошириш нуқтаи назаридан тушунарсиз бўлади. | Мувофиқ эмас | Ёлғон, рибо, ғарар, майсир ва адолатсизликка асосланган. |
Форвард, фьючерслар | Мувофиқ эмас | Бунда бир нечта муаммо бор, жумладан: - ғарар (мавҳумлик); - мулкка эгалик ҳуқуқига бўлмаган ҳолда савдо қилиш - ислом ҳуқуқи тамойилларига асосан битим мавзуси (предмети) бўлиши мумкин бўлмаган нарсалар билан савдо қилиш. |
Шортинг (савдо пайтида мавжуд бўлмаган қимматли қоғозлар, маҳсулотлар ёки валюта савдоси) | Мувофиқ эмас | Қарзга олинган акцияларни сотиш тақиқланган, шунингдек, рибо, ғарар ва бошқа ахлоқий муаммолар бор). |