Ислом инвестиция жамғармаларининг яна бир тури – Ижара жамғармаси.
Ижаранинг батафсил қоидалари ва ҳукмлари, ушбу мавзуда саҳифамизга аввал юкланган кўплаб мақолаларда ёритилган. Бу каби жамғармаларда йиғилган маблағлар кўчмас мулк, машина ва турли ускуналарни, шунингдек бошқа асосий воситаларни харид қилишга йўналтирилади. Сўнгра харид қилинган воситаларни ижарага бериш орқали даромад кўрилади, яъни уларнинг эгалик ҳуқуқи жамғармада қолган ҳолда, ижарадан тўпланган маблағлар жамғарма аъзолари ўртасида улушларига мувофиқ тарзда тақсимланади.
Жамғармага аъзо бўлган ҳар бир сармоядорга махсус аъзолик сертификати тақдим этилиб, ушбу ҳужжатда сармоядорнинг улуши кўрсатилган бўлади ва у сармоядор умумий даромаддан ўз улушини олишини кафолатлайди. Ушбу сертификатнинг номи “Сукук” бўлиб, у ўз эгасининг ижара объектидаги улушини ифодалайди. Бундай қимматли қоғозларнинг савдосига ҳеч қандай тақиқ йўқ, улар эркин нархда сотилиши мумкин. Шунингдек улар билан иккиламчи бозорда ҳам савдо қилиш мумкин.
Сукук ифодалайдиган мол-мулкдаги улуш уни сотиб олган шахсга ўтади. Сукукнинг нархи эркин тарзда бозор механизмлари ёрдамида (одатда фойда келтириш даражасига кўра) белгиланади.
Бироқ ижара шартномалари шариат талабларига тўлиқ мувофиқ эканлигига аҳамият қаратиш лозим. Шариатга мос ижара шартлари анъанавий лизинг шартларидан муайян тарзда фарқ қилади. Ушбу фарқлар бу мавзу борасида саҳифамизда мавжуд аввалги мақолаларда батафсил берилган бўлишига қарамасдан, қуйида уларни қисқача келтириб ўтамиз:
- Ижарага берилаётган мулкда манфаат (узуфрукт) олиб келиш имкони бўлиши керак ва ижара ҳақи манфаат ижарачига ўтган келишни бошлаган вақтдан ҳисобланади;
- Ижарага олинадиган мол-мулк табиатан ҳалол мақсадда ишлатишга мўлжалланган бўлиши керак;
- Ижарага берилган мулкка эгалик бўйича келиб чиқадиган барча жавобгарлик мулк эгаси (ижарага берувчи)да бўлади;
- Ижаранинг нархи белгиланган бўлиши ва шартнома тузилаётган вақтда иккала тарафга ҳам аниқ бўлиши керак.
Бу каби жамғармаларда менежмент, яъни бошқарув сармоядорларнинг вакили тушунчаси асосида амалга оширилиши керак ва бу хизмат эвазига маълум ҳақ тўланиши лозим. Бошқарувчиларнинг хизмат ҳақи икки йўл билан белгиланиши мумкин:
• Қатъий белгиланган қийматда;
• Ижара тушумидан муайян улуш кўринишида.
Ижара сукуки ва сукукнинг бошқа турлари билан Ислом молияси телеграм ва веб саҳифалари орқали батафсил танишишингиз мумкин.