Ислом инвестиция фонди деганда сармоядорлар ўзларининг бўш маблағларини шариат талабларига мувофиқ равишда, ҳалол даромад олиш мақсадида инвестиция киритиладиган жамғарма назарда тутилади.
Бу каби фондларга сармоя киритиш орқали аъзо бўлган сармоядорлар уларни шу жамғармага киритган сармояларини ифодаловчи ва жамғарма келтирган умумий даромаддан улуш олиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатга эга бўладилар. Мазкур ҳужжатни аъзолик сертификати, акция ёки шунчаки улуш деб аташ мумкин. Сармоядорлар даромаддан оладиган улуш, уларнинг фондга киритган сармояларига мувофиқ бўлади.
Ушбу ҳужжатнинг Шариат нуқтаи назаридан жоизлиги қуйидаги асосий талаблар билан белгиланади:
1. Сертификатда қатъий суммадаги фойда миқдори белгиланиши мумкин эмас, бунинг ўрнига фойда миқдори фонд тарафидан топилган ҳақиқий даромадга нисбатан маълум бир улуш кўринишида белгиланиши керак. Зеро, нафақат фойда олиниши, балки сармоянинг тани қайтиши ҳам кафолатланмаган бўлади. Сармоядорлар ушбу фондга сармоя киритаётган вақтлари, сармоядан келадиган фойда фонднинг ҳақиқий даромадига боғлиқ эканлигини, агар фонд зарар кўрадиган бўлса улар ҳам зарар кўришларини яхши тушунишлари лозим. Бордию фонд катта даромад кўрса, сармоядорларнинг фойдаси ҳам катта бўлади, зарар кўрса, сармоядорлар ҳам зарарга шерик бўладилар. Аммо, зарар фонд бошқарувчиларининг лоқайдликлари, ноқонуний ёки ношаръий амалиётлари туфайли кўрилган бўлса, у ҳолда фонд эмас балки шахсан бошқарувчиларнинг ўзи жавобгар бўладилар.
2. Фондда йиғилган маблағлар фақат шариат рухсат берган фаолият турларига йўналтирилиши мумкин. Яъни нафақат бизнеснинг ўзи, балки у амалга оширадиган лойиҳалар, савдо ва бошқа амалиётлари ҳам шариатга мос бўлиши лозим.
Мазкур асосий қоидаларни инобатга олган ҳолда, ислом инвестиция фондларининг бир нечта турлари ҳақида келгуси мақолаларимизда маълумот беришга ҳаракат қиламиз.
Манба: Муфтий Муҳаммад Тақий Усмонийнинг “Ислом молиясига кириш” китоблари асосида рус тилида тайёрланган ва 2021 йилда чоп этилган “Исламские финансы” китобидан олинди.