Молия бозорларининг ривожланиши бевосита мамлакат иқтисодиётида намоён бўлади. Мамлакатимизда ҳам молия бозорини ривожлантириш масаласи устувор йўналишлардан бири бўлиб келмоқда. Буни давлат раҳбари ҳам, юртимиз иқтисодчи ва тадқиқотчилари ҳам ислом молия тизимини жорий этиш зарурати борлигини таъкидлашган. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистонда ислом молиясининг бир йўналиши сифатида сукукларни жорий этиш мақсадга мувофиқ.
Ўзбекистон аҳолисининг 90%дан ортиғи мусулмонлар эканлиги ислом тамойилларига асосланган қимматли қоғозларга талаб мавжудлигини англатади. Бироқ сукук бўйича аҳолининг маълумоти (саводхонлиги) ҳам, бу соҳада мутахассислар ҳам етарли эмаслиги ушбу йўналиш ривожи учун бирламчи тўсиқ бўлди. Шу сабабли, сукук тизимини Ўзбекистон фонд бозорига жорий этишни бир неча босқичларда амалга оширишни талаб этади.
Сукукнинг шаклланиши, ривожланиш тенденцияси ва бугунги кундаги фаолияти бўйича Малайзия ва бошқа хорижий мамлакатлар тажрибаси ҳамда мамлакатимиз шароитини ўрганган ҳолда, сукукларни Ўзбекистон фонд бозорига жорий этишни қуйидаги уч босқичда амалга ошириш керак, деб ҳисоблаймиз:
1. Институционал асосларни яратиш.
Бу ўз ичига аҳоли саводхонлигини ошириш, мутахассис ходимлар тайёрлаш, ҳуқуқий асосларни яратиш, молиялаштириш инфратузилмасини шакллантириш каби муҳим масалаларини олади.
2. Сукук эмиссияси.
Тажриба (пилот) лойиҳаси сифатида давлат томонидан сукук чиқариш;
3. Узоқ муддатли ривожланиш дастури (стратегия) ишлаб чиқиш.
Сукукларнинг мамлакат иқтисодиёти учун аҳамияти даражасини аниқ рақамларда кўриш учун иқтисодий маълумотлар асосида эконометрик таҳлиллар амалга оширилган бўлиб, унга кўра, бошқа омилларни ҳисобга олмаган ҳолда муомаладаги сукук ҳажми 1 фоизга ўсиши аҳоли жон бошига миллий даромад 0,18 фоизга ўсишига олиб келади. Ушбу модел барча мезонлар орқали текшириб кўрилган ва шу асосда уларнинг статистик аҳамиятга эга эканлиги, моделлар параметрларининг ишончлилиги, хатоликларнинг мавжуд эмаслиги аниқланган.
Юқоридаги ва аввалги барча мақолаларимиздаги маълумотлар асосида қуйидаги хулосаларни умумий хулосалар сифатида келтириб ўтамиз:
1. Ўзбекистон фонд бозорида сукукни жорий этишда Малайзия тажрибасидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Бунда Малайзия тажрибасининг сукукларнинг жорий этиш босқичлари ва механизмларига эътибор қаратилса, сукук тушунчаси ва фаолиятига оид методологик жиҳатлар халқаро ҳамжамият эътироф этган Ислом молия муассасалари учун бухгалтерия ва аудит ташкилоти (AAOIFI)нинг 17-стандартидан олиниши лозим.
2. Бугунги кунда Малайзия сукуклар фаолиятини тартибга солиш тизими ўзига хос бўлиб, бошқа мамлакатлардан республика (олий) Шариат кенгаши мавжудлиги билан ажралиб туради. Кенгаш сукук фаолиятига оид масалалар юзага келганда уларни ҳал қилувчи энг сўнгги босқич ҳисобланади. Шу каби кўп поғонали кенгашни Ўзбекистонда ҳам ислом қимматли қоғозлари тизимига киритиш муҳим аҳамият касб этади.
3. Сукукни жорий этиш бўйича хорижий мамлакатлар тажрибасини таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, бу молиявий воситани муваффақиятли ва самарали жорий этишда қонунчиликни шакллантириш, мутахассис ходимлар тайёрлаш ва шариат кенгаши тузиш кабиларни ўз ичига олувчи ҳар томонлама ёндашув талаб этилади.
Муаллиф: Сирожиддин Аброров
Тошкент давлат иқтисодиёт университети
“Молия” кафедраси доценти,
иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)