Аввалроқ хабар берганимиздек, Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида Ислом молияси ва банк иши мавзусида суғурта ва лизинг компаниялари ҳамда тижорат банклари вакиллари учун семинар-тренинг бўлиб ўтяпти.
Шундай қилиб, семинарнинг навбатдаги куни ўзбекистонлик тренинг иштирокчиларига Малайзия халқаро ислом университети қошидаги Ислом банкчилиги ва молияси институти профессори, AAOIFI Шариат кенгаши аъзоси (эслатиб ўтамиз, ушбу халқаро ташкилотнинг Шариат Кенгаши раиси Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратларидир) профессор Азнан Ҳасан Малайзияда энг кўп қўлланиладиган асосий ислом молия маҳсулотлари ҳақида жуда ажойиб маълумотлар берди. Ушбу суҳбат бизга Малайзия ислом банк-молия тизимини англаб етиш ва кўп қизиқарли ва айни дамда баҳсли масалаларни тушуниб олиш имкониятини тақдим этди. Хусусан, биз Малайзияда энг кўп қўлланадиган молия маҳсулотлари Таварруқ*, Ижара ҳамда Мушарака мутанақиса эканлигини билдик. Аксарият уламолар фикрича, Малайзияда қўлланувчи Таварруқ молиявий маҳсулоти баҳсли ҳисобланади, чунки улар ушбу молия маҳсулотини ташкиллаштирилган, деб ҳисоблашади. Бироқ Доктор Азнан фикрича, Малайзияда кенг қўлланувчи Таварруқ ташкиллаштирилган эмас ва шу сабабли зиддиятли ҳам эмас. Профессорнинг тушунтиришига кўра, Таварруқ схемасида иштирок этувчи Малайзиядаги ҳар бир компания ёки молия муассасасида шариат масалалари бўйича маслаҳатчи бор ва у таварруқнинг ташкиллаштирилган тоифага тушиб қолмаслигини назорат қилиб туради (яъни бундай бўлмаслигини таъминловчи тегишли чоралар кўради).
*Таварруқ ҳақида ушбу боғлама орқали тегишли маълумотни очиб ўқишингиз мумкин: https://t.me/Izohlar_IslomMoliyasi/13826