14-ноябр куни Малайзиянинг Куала Лумпур шаҳрида Ислом молияси ва банк иши мавзусида лизинг компаниялари ва тижорат банклари вакиллари учун семинар-тренинг бошланди. Ушбу тадбир Islamic Business and Finance (IsBF) компанияси ва Ўзбекистон лизинг уюшмаси томонидан Малайзия халқаро ислом университети билан ҳамкорликда ташкил қилинди. Тренинг-семинарнинг биринчи куни IsBF ва Ислом молияси лойиҳаси таъсисчиларидан бири Жаҳонгир Имамназаров ҳамда Қадриятлар академияси ва IsBF компанияси таъсисчиларидан бири Козимхон Тўраев ушбу тренинг-семинарнинг “Ислом молияси асослари” ҳамда “Ислом молиясидаги асосий маҳсулотлар” мавзуларида маруза қилишди.
16-ноябр куни Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида Ислом молияси ва банк иши мавзусида семинар-тренингнинг навбатдаги мавзуси давомида Малайзия ислом банк-молия тизими ҳақида баъзи қизиқарли маълумотлар берилди. Шу маълумотларни сизларнинг ҳам эътиборингизга ҳавола қилишга қарор қилдик.
Бугунги кунда Малайзия ислом банк-молия соҳаси энг яхши ривожланган пешқадам давлатлардан бири ҳисобланади. Қизиқ тарафи, мамлакат аҳолисининг тахминан 63 фоизи мусулмон холос. Аҳолининг қолган қисми асосан маҳаллий хитойлар (тахминан 28%) ва ҳиндлардан (9% атрофида) иборат.
Анъанавий ва ислом банк фаолияти мамлакат Марказий банки (Bank Negara Malaysia — BNM) томонидан мувофиқлаштирилади. BNM 1959 йил 26 январда, яъни давлат мустақилликка эга бўлгандан 2 йил кейин ташкил этилган. Малайзия Марказий банки нафақат мамлакат банк тизимини, балки суғурта тизимини, шу жумладан ислом суғурта тизими (такафул)ни ҳам назорат қилади. Капитал бозори фаолиятини, шу жумладан ислом қимматли қоғозлари – сукукни эса Малайзия Қимматли қоғозлар бўйича комиссия биргаликда назорат қилади.
Малайзия дунёда биринчи бўлиб Ислом банкчилиги бўйича махсус қонун қабул қилган давлат ҳисобланади. 1983 йилда(!) қабул қилинган ушбу қонун Islamic Banking Act деб номланади (Act № 276). Ислом молия муассасалари фаолияти мазкур қонун доирасида мувофиқлаштирилади. Шу қонун қабул қилиниши билан икки турдаги банк тизими ёндош равишда фаолият юритиши (Dual Financial System) йўлга қўйилди.
Бугунги кунда Малайзиянинг энг катта банки Maybank ва бошқа бир нечта анъанавий банклар ислом банк фаолияти билан алоҳида лицензия асосида шуғулланувчи махсус бўлинма (филиал) очишган. Яна иккита банк (шулардан бири Саудия Арабистонининг энг йирик ислом банкларидан бири бўлган Al-Rajhi банкнинг Малайзиядаги бўлинмаси, фақат ислом банк фаолияти билан шуғулланади (яъни бу иккиси анъанавий банк фаолияти билан шуғулланмайди). Айтиб ўтиш лозим, Малайзия халқаро ислом университети билан биргаликда ташкил этилган ва ҳозирда давом этаётган тренинг давомида биз Al-Rajhi банкнинг Малайзиядаги бўлинмасига ташриф буюрдик ва ушбу банк раҳбарлари билан суҳбатлашдик.
1997 йилнинг май ойида Малайзия Марказий банки қошида Шариат кенгаши тузилган бўлиб, Кенгаш мамлакат ислом банк-молия тизими фаолиятини шариат нуқтаи назаридан мувофиқлаштирувчи Олий Кенгаш ҳисобланади. Кенгашнинг 12 аъзоси бор. Қизиқарли жиҳати, ҳар бир кенгаш аъзосининг номзоди Марказий банк томонидан кўриб чиқилади ва Кенгаш аъзолигига номзодларнинг якуний рўйхати кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун мамлакат Қиролига тақдим қилинади. Қирол ҳар бир номзодни алоҳида кўриб чиқади ва агар қайсидир номзод ўрнатилган талабаларга жавоб бермаса, ўша номзод ўрнига бошқа номзод тайинлаш масаласи кўриб чиқилади.
Марказий банк қошидаги (Олий) Шариат Кенгашидан ташқари, ҳар бир ислом молия муассасасида ҳам шариат кенгашлари фаолият юритади. Лекин уларнинг аъзолигига номзодлар ўша молия муассасалари доирасида кўриб чиқилади ва тасдиқланади.
Албатта, ҳар ким ҳам Шариат кенгаши аъзоси бўла олмайди. Бунинг учун номзод Шариат қоидалари, Фиқҳ ал-муоъмала ва Усул ал-фиқҳни билиши керак (ва албатта, бу билимларни тасдиқловчи ҳужжати ҳам бўлиши керак) экан. Шу сабабли Малайзия Марказий банки қошида махсус икки йиллик ўқув курслари ташкил қилинган бўлиб, унинг битирувчилари тегишли имтиҳонлардан ўтганларидан кейин Шариат кенгаши аъзолигига таклиф қилинишлари мумкин. Шариат кенгашлари борасида Малайзияда қабул қилинган бир қонун бизни жуда ҳайратлантирди. Ушбу қонунда, Шариат кенгаши аъзоси нотўғри шаръий қарор чиқарса, 5 йил муддатга қамалиши ва 20 миллион рингит (тахминан 4,5 млн.АҚШ долларига тенг) жарима тўлаши кўзда тутилган! Шу сабабли, шариат кенгаши аъзолигига тайинланишдан олдин, ҳар бир номзод ушбу қонун билан танишиб чиққанлиги ва унинг моҳиятини англаб етганлиги ҳақида тегишли қоғозларни имзолаши керак бўлар экан. Баъзилар, Шариат кенгаши битта аъзо хулосаси асосида қарор қабул қилинмайдику, дейишлари мумкин. Ҳа, тўғри, лекин бу қонун Шариат кенгаши аъзолари келишиб олиб, бирор моддий манфаат эвазига ёки қандайдир маънавий босим сабабли нотўғри қарорни “ўтказиб” юборишларининг олдини олиш мақсадида қабул қилинган, деб тушундик.
Аллоҳ Малайзия ислом банк-молия тизимига барака берсин, шу қатори бизнинг мамлакатда ҳам шу соҳа тез орада ривожланиб кетишини насиб этсин.