Кеча, 2023 йил 8 сентябрь куни Инвестициялар, савдо ва саноат вазирлигида Ўзбекистонда Ислом банк-молия тизимини татбиқ қилиш масаласига бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Учрашув Президент маъмурияти вакили томонидан олиб борилганлиги эътиборга молик (демак, масала давлат раҳбари назоратида). Учрашувда асосан ислом банк-молия тизимини мамалкатимизда жорий қилинишидан биринчи навбатда манфаатдор бўлган томонлар – банклар, лизинг ва суғурта компаниялари, Банк молия академияси, Мусулмонлар диний идораси, Ислом академияси вакиллари, ҳамда молия ва аудит соҳаси экспертлари иштирок этишди. Ислом молияси лойиҳаси ва компаниямиз (Islamic Business and Finance) номидан Жаҳонгир Имамназаров ва ҳуқуқшунос Жамшид Усмонов ушбу мажлисда иштирок этдик.
Муҳокама давомида Буюк Британиянинг IFAAS компанияси томонидан тайёрланган ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан мувофиқлаштирилган ислом молияси бўйича жорий қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар, бугунги кунда ушбу йўналишда нималар қилинганлиги ва қилинаётганлиги, мавжуд муаммолар, тўсиқлар, имкониятлар ҳамда молия соҳасида бевосита амалиёт олиб бораётган бозор иштирокчиларининг амалий таклиф ва мулоҳазалари тингланди ва Президент маъмурияти вакили томонидан ёзиб олинди.
Муҳокамада Apex банк, Hayot банк, Банк-молия академияси, Мусулмонлар диний идораси вакиллари фаол иштирок этишди. Бизнинг компанияга ҳам, қонунчиликни ишлаб чиқишда иштирок этаётган томон сифатида, ушбу йўналишдаги ишларни тезлаштириш зарурлиги эслатиб ўтилди. Умуман олганда, тадбир конструктив руҳда ва дўстона кайфиятда ўтди. Ният қиламиз, тез орада бу масалада ижобий ишлар амалга оширилади.