Рақамли технологияларнинг жадал ривожланиши молиявий хизматлар кўрсатиш усулларини тубдан ўзгартирмоқда. Интернет, мобил иловалар, сунъий тафаккур, Open Banking ва API технологиялари натижасида молиявий хизматлар энди фақат банк филиаллари ёки банк иловалари орқали эмас, балки инсон ҳар куни фойдаланадиган рақамли платформалар орқали ҳам тақдим этилмоқда.
Шу жараён натижасида халқаро молия бозорида Embedded Finance (молиявий хизматларни (тўловлар, кредит, суғурта, инвестиция…) молиявий бўлмаган платформаларга (масалан, интернет–дўкон, такси илова, корпоратив дастур) киритиш/интеграция қилиш) модели шаклланди. Унинг Шариат тамойилларига мувофиқ кўриниши Embedded Islamic Finance деб аталади. Ушбу ёндашув ислом молияси маҳсулотларини электрон тижорат платформалари, супер-иловалар ва бошқа рақамли хизматлар ичига татбиқ қилиш ва шу орқали аҳоли учун янада қулай ва оммабоп хизматларни тақдим этиш имконини яратади.
Embedded Islamic Finance нима?
Embedded Islamic Finance — бу Шариат талабларига мувофиқ молиявий хизматларни номолиявий рақамли платформалар таркибига интеграция қилиш моделидир. Бунда мижоз молиявий хизматдан фойдаланиш учун алоҳида банк иловасига ўтмайди ёки филиалга бормайди. Барча жараён харид ёки хизматдан фойдаланиш пайтининг ўзида амалга оширилади.
Нима учун ушбу модель ривожланмоқда?
Кўплаб мамлакатларда аҳоли Шариат талабларига мувофиқ молиявий хизматлардан фойдаланишни истайди. Бироқ филиаллар сонининг чекланганлиги, хизматларни расмийлаштириш жараёнларининг мураккаблиги ва рақамли ечимларнинг етарли эмаслиги сабабли бу имконият ҳамма учун бирдек мавжуд эмас.
Embedded Islamic Finance ушбу муаммоларни бартараф этишга хизмат қилади. Энди мижоз ислом банкини қидирмайди, аксинча, ислом молияси хизмати у фойдаланаётган рақамли платформанинг ўзида тақдим этилади. Бу эса молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради ва молиявий қамровни оширади.
Embedded Islamic Finance қандай ишлайди?
Ушбу модель бир нечта иштирокчининг ўзаро ҳамкорлигига асосланади:
- Мижоз электрон савдо платформаси ёки мобил иловада маҳсулот ёки хизматни танлайди.
- Платформа ҳамкор ислом банки билан API орқали маълумот алмашади.
- Ислом банки мазкур амалиёт учун тегишли Шаръий битимлардан фойдаланади (масалан, Муробаҳа ёки Ижара).
- Шаръий назорат маҳсулотнинг Шариат талабларига мувофиқлигини таъминлайди.
- Барча ҳужжатлар электрон шаклда расмийлаштирилиб, молиялаштириш тезкор амалга оширилади.
Бу жараён орқали молиявий хизмат харид жараёнининг табиий қисмига айланади.
Амалий мисол
Тасаввур қилинг, сиз электрон савдо платформасида 12 миллион сўмлик ноутбук сотиб олмоқчисиз. Тўлов саҳифасида сизга қуйидаги вариантлар таклиф этилади:
- тўлиқ тўлаш;
- анъанавий равишда бўлиб тўлаш;
- Муробаҳа асосида 12 ойга бўлиб тўлаш.
Агар учинчи вариант танланса, ислом банки аввал ноутбукни сотувчидан сотиб олади, кейин эса келишилган устама билан сизга муддатли тўлов асосида сотади. Бу ерда фоизли қарз эмас, балки ҳақиқий маҳсулот олди-сотдиси амалга оширилади ва молиялаштириш Шариат талабларига мувофиқ ташкил этилади.
API ва Open Bankingнинг аҳамияти
Embedded Islamic Finance модели API ва Open Banking технологияларига таянади. API турли дастурлар ўртасида хавфсиз маълумот алмашишни таъминласа, Open Banking банклар ва финтех компаниялари ўртасида ҳамкорликни кучайтиради.
Бу технологиялар ёрдамида молиялаштириш, электрон шартнома расмийлаштириш ва тўловларни амалга ошириш бир неча сония ичида бажарилиши мумкин. Натижада мижоз тезкор ва қулай хизматга эга бўлади, банк эса ўз маҳсулотларини кенгроқ аудиторияга етказиш имкониятини қўлга киритади.\
Embedded Murabaha
Муробаҳа Embedded Islamic Finance доирасида энг кенг қўлланилаётган маҳсулотлардан бири ҳисобланади. Масалан, мижоз электрон савдо платформасида маиший техника ёки компьютер танлаганда, унга «Муробаҳа асосида бўлиб тўлаш» хизмати таклиф этилади. Мижоз розилик билдирганидан кейин ислом банки активни сотувчидан сотиб олиб, келишилган устама билан муддатли тўлов асосида мижозга сотади. Бу жараёнда фоизли қарз эмас, балки ҳақиқий савдо муносабати амалга оширилади.
Яқин Шарқда фаолият юритаётган айрим «Buy Now, Pay Later» (BNPL) платформалари ушбу моделни ислом банклари билан ҳамкорликда жорий этиш устида иш олиб бормоқда. Бу эса электрон тижорат ва ислом молияси ўртасидаги интеграцияни янада кучайтирмоқда.
Embedded Ijara
Ижара активдан маълум муддат фойдаланиш ҳуқуқини ҳақ эвазига тақдим этишга асосланган шартномадир. Embedded моделда мазкур хизмат автомобиль, тиббий ускуналар, қурилиш техникаси ва саноат жиҳозларини молиялаштиришда қўлланилиши мумкин.
Масалан, мижоз автосалон веб-сайтида транспорт воситасини танлаганда, унга «Ижара асосида расмийлаштириш» хизмати таклиф қилинади. Барча ҳужжатлар электрон шаклда расмийлаштирилиб, хизмат тезкор тарзда амалга оширилади.
Embedded Musharakah ва Mudarabah
Рақамли платформалар кичик ва ўрта бизнесни шериклик асосида молиялаштириш учун ҳам янги имкониятлар яратмоқда. Мушоракада банк ва тадбиркор капитал қўшиб иштирок этса, Мудорабада бир томон маблағ, иккинчи томон эса бошқарув ва меҳнат билан қатнашади. Фойда олдиндан келишилган нисбатда тақсимланади, зарар эса Шариат қоидаларига мувофиқ тақсимланади.
Бу модел айниқса стартаплар, кичик бизнес ва инновацион лойиҳаларни молиялаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Embedded Takaful
Такафул хизматлари ҳам рақамли платформалар орқали кенг ривожланмоқда. Масалан, авиачипта ёки саёҳат хизматини харид қилиш жараёнида мижозга бир вақтнинг ўзида сафар Такафулини расмийлаштириш имконияти таклиф этилади. Бу алоҳида Такафул компаниясига мурожаат қилиш заруратини бартараф этиб, хизматдан фойдаланишни янада соддалаштиради.
Бирлашган Араб Амирликлари ва Малайзия каби мамлакатларда банклар ҳамда Такафул операторлари рақамли платформалар билан ҳамкорликни кенгайтириб, ушбу хизматларни оммалаштирмоқда.
Embedded Sukuk
Рақамли технологиялар Сукук бозорини ҳам ўзгартирмоқда. Агар илгари Сукук асосан йирик сармоядорлар учун мўлжалланган бўлса, бугунги кунда рақамли инвестиция платформалари орқали чакана сармоядорлар ҳам давлат ёки корпоратив Сукукларга сармоя киритиш имкониятига эга бўлмоқда.
Айниқса, Малайзия ва айрим Форс кўрфази мамлакатларида рақамли инвестиция хизматлари аҳолининг капитал бозоридаги иштирокини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Embedded Social Finance
Embedded Islamic Finance нафақат тижорат молияси, балки ижтимоий молия соҳасида ҳам муҳим аҳамиятга эга. Замонавий рақамли платформалар орқали закот ҳисоблаш, садақа қилиш ва вақф лойиҳаларини молиялаштириш жараёнлари анча соддалашмоқда.
Масалан, мобил илова фойдаланувчининг закот миқдорини автоматик ҳисоблаб, маблағни тегишли ташкилотга ўтказиши мумкин. Шунингдек, электрон савдо платформаларида харид якунланганидан кейин ихтиёрий хайрия қилиш имконияти ҳам тақдим этилмоқда.
Индонезия ва Малайзияда рақамли закот ва хайрия платформаларининг кенг жорий қилиниши ижтимоий молия самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Халқаро тажрибанинг аҳамияти
Бугунги кунда Малайзия, Индонезия, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа қатор мамлакатларда Embedded Islamic Finance финтех компаниялари, ислом банклари ва давлат тартибга солувчи ташкилотлар ҳамкорлигида жадал ривожланмоқда.
Ушбу тажриба шуни кўрсатадики, рақамли технологиялар ислом молияси маҳсулотларини аҳолига янада яқинлаштириш, хизмат кўрсатиш харажатларини камайтириш ва молиявий қамровни кенгайтиришнинг самарали воситаси ҳисобланади.
Ўзбекистон учун имкониятлар
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда молия тизимини рақамлаштириш, финтех хизматларини ривожлантириш ва ислом молияси учун ҳуқуқий асосларни шакллантириш бўйича муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу эса Embedded Islamic Finance моделини жорий этиш учун қулай шароит яратмоқда.
Аввало, электрон тижорат платформалари билан ислом банклари ўртасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали аҳолига Муробаҳа, Ижара ва Истисна асосидаги молиялаштириш хизматларини бевосита харид жараёнида таклиф этиш мумкин. Бу харидорлар учун қулайлик яратиш билан бирга, ислом молияси маҳсулотларининг оммалашувига ҳам хизмат қилади.
Шунингдек, рақамли платформалар орқали кичик ва ўрта бизнесни Мушорака, Мудораба ва Салам шартномалари асосида молиялаштириш имкониятлари кенгайиши мумкин. Бу айниқса ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларида янги лойиҳаларни қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади.
Бундан ташқари, рақамли Такафул хизматлари, шунингдек, закот, садақа ва вақф маблағларини бошқаришга мўлжалланган платформаларни ривожлантириш мамлакатда ижтимоий молиянинг самарадорлиги ва шаффофлигини оширишга хизмат қилиши мумкин.
Шариат талаблари
Embedded Islamic Finance рақамли технологияларга асосланган бўлса-да, унинг барча амалиётлари Шариат талабларига қатъий мувофиқ амалга оширилиши лозим. Аввало, молиялаштириш рибо (фоиз)га эмас, балки Муробаҳа, Ижара, Мушорака, Мудораба, Салам ва Истисна каби Шариат шартномаларига асосланиши зарур.
Шунингдек, битим шартлари аниқ белгиланиши, ғарар (ноаниқлик) ва майсир (қимор ёки ҳаддан ташқари таваккалчилик) унсурларига йўл қўйилмаслиги ҳамда ҳар бир амалиёт реал актив ёки хизмат билан боғлиқ бўлиши шарт. Барча маҳсулотлар Шариат кенгаши ва ички ҳамда ташқи Шариат аудити томонидан мунтазам баҳолаб борилиши муҳим ҳисобланади.
Асосий хатарлар
Ҳар қандай рақамли молиявий хизмат каби Embedded Islamic Finance ҳам муайян хатарларни келтириб чиқаради. Энг муҳим хатарлар қуйидагилардир:
- Шариатга мувофиқ эмаслик хатари — рақамли жараёнларда шартномаларнинг Шариат талабларига мувофиқ бажарилиши доимий назоратни талаб қилади. Зеро, Шариат талабларига зид деб баҳоланган ҳар қандай маҳсулот молия муассасасига нисбатан ишончнинг пасайишига сабаб бўлади.
- Киберхавфсизлик хатари — мижоз маълумотларини ҳимоя қилиш ва API орқали маълумот алмашиш хавфсизлигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.
- Техник/амалий хатарлар — техник носозликлар ёки тизимдаги узилишлар хизмат кўрсатиш жараёнига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
- Ҳуқуқий хатар — рақамли молиявий хизматларни тартибга солувчи қонунчиликни мунтазам такомиллаштириб бориш талаб этилади.
- Обрў-эътибор (репутация)га путур етиши хатари — турли ноқонуний/ношаръий/нотўғри хатти-ҳаракатлар муассаса обрўсига салбий таъсир кўрсатади.
Асосий афзалликлар
Embedded Islamic Finance модели барча иштирокчилар учун қатор афзалликларни таъминлайди. Мижозлар молиявий хизматлардан тезкор ва қулай тарзда фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Ислом банклари рақамли платформалар орқали янги мижозларни жалб қилиб, хизмат кўрсатиш харажатларини қисқартиради. Электрон платформалар эса харид жараёнини соддалаштириш орқали фойдаланувчиларнинг қониқиш даражасини ва савдо ҳажмини оширади. Натижада мамлакатда молиявий қамров кенгайиб, рақамли иқтисодиёт ҳамда ислом молияси инфратузилмаси ривожланади.
Келажак истиқболлари
Халқаро таҳлилларга кўра, келгуси йилларда сунъий тафаккур, Open Banking, рақамли идентификация, блокчейн технологиялари ва API иқтисодиёти Embedded Islamic Finance ривожланишининг асосий омилларига айланади. Бу технологиялар ислом молияси хизматларини янада тезкор, хавфсиз ва оммабоп қилишга хизмат қилади.
Ўзбекистонда ҳам рақамли инфратузилманинг ривожланиши, финтех компаниялари фаоллигининг ортиши ва ислом молияси бўйича ҳуқуқий муҳитнинг такомиллашиши мазкур моделни амалиётга жорий этиш учун муҳим имкониятлар яратмоқда.
Хулоса
Embedded Islamic Finance – мавжуд ислом молия маҳсулотларини рақамли технологиялар орқали тақдим этишнинг замонавий шакли. У электрон тижорат, мобил иловалар ва бошқа рақамли экотизимларга интеграция қилиниши орқали аҳоли учун Шариат талабларига мувофиқ молиявий хизматларни янада қулай ва оммабоп шаклда тақдим этиш имконини беради.
Халқаро тажриба ушбу ёндашувнинг молиявий қамровни кенгайтириш, рақамли иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш ва ислом молияси бозорини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга эканини кўрсатмоқда. Ўзбекистонда ҳам давлат идоралари, ислом банклари, финтех компаниялари ва ахборот технологиялари соҳасидаги ташкилотлар ўртасидаги самарали ҳамкорлик Embedded Islamic Finance экотизимини шакллантиришнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Фойдаланилган манбалар:
- Islamic Financial Services Board (IFSB). Guiding Principles on Digital Innovation in Islamic Finance. Куала-Лумпур, Малайзия.
- Islamic Development Bank Institute (IsDB Institute). Islamic Finance and Digital Transformation. Жидда, Саудия Арабистони.
- Bank for International Settlements (BIS). Open Finance and Open Banking. Basel, Switzerland.
- World Bank. Islamic Finance: A Catalyst for Shared Prosperity? Washington, D.C.
- Bank for International Settlements (BIS). Innovation, FinTech and Artificial Intelligence.
- Cambridge Centre for Alternative Finance. Global FinTech Ecosystem Reports.
- International Monetary Fund (IMF). Islamic Finance: Opportunities, Challenges, and Policy Options.
- Organisation for Economic Co-operation and Development (OECD). Digital Finance Outlook.
@IslomMoliyasi