Мерос ҳақида сўз борганида васият масаласига ҳам алоҳида аҳамият бериш зарур. Чунки васият масаласида ҳам одамлар орасида жуда кўп келишмовчиликлар, турли фикрлар содир бўлади. Вафот этган одамлар томонидан ҳам гоҳида ноўрин васиятлар бўлиб туради. Аслида васият ҳам мерос ҳақидаги ояти каримада баён қилинади.
“Зарар қилмайдиган васиятни ёки қарзни адо этгандан сўнг. Булар Аллоҳнинг васиятидир. Ва Аллоҳ билувчи ҳамда Ҳалийм Зотдир” (Нисо, 12-оят)
Демак, мол-мулкини кимгадир васият қилиб қолдириш ҳам шаръан жоиз амал. Яъни бир инсон вафот қилишидан аввал меросхўрларини йиғиб “болаларим ман вафот қилганимдан кейин қолдирган мулкимдан фалончига мунча миқдорда беринглар” деса мана шу васият бўлади. Аммо унинг ҳам бир қатор талаб ва қоидалари мавжуд бўлиб қуйида уларга имкон қадар тўхталамиз.
1. Мулкдор одам ўзининг мерос молидан кимгадир васият қилишга мажбур эмас. Бу мустаҳаб амал. Васият қилиш ёки қилмаслик мулк эгасининг ўз ихтиёридаги ишдир.
2. Мулкдор одамнинг ўз молидан васият қилиши меросхўрларидан бошқа одамларнинг номига адо қилинади. Чунки меросхўрларга мерос молидан белгиланган улуш бордир. Улар ўша мерос улушига эга бўладилар.
Бунинг асоси қуйидаги ҳадиси шарифдир:
“Албатта Аллоҳ таоло (мерос борасида) барча ҳақдорларнинг ҳаққини белгилаб бергандир. Меросхўрлар учун васият қилинмайди”. (Абу Довуд, Термизий, ибни Можа, Аҳмад ва Байҳақийлар ривояти).
Борди-ю майит шу каби васиятни тайинлаган бўлса ҳам у васият бажарилмайди. Чунки гуноҳ ва маъсиятга қаратилган васиятлар амалга оширилмайди.
3. Васият қилинган мулк миқдори марҳум қолдирган мулкнинг 1/3 қисмидан ошмаслиги керак. Масалан, бир инсон вафот қилишидан аввал болаларига “мендан кейин ўзим таълим олган мактабга мулкимнинг ярмини ўтказиб беринглар” деса унинг бу васияти молининг 1/3 қисмида бажарилади. Чунки унинг қолган мулки меросхўрлар орасида ҳар бирининг белгиланган миқдордаги улушига қараб тақсимланиши керак.
4. Марҳум мулкининг ҳаммасини меросхўрларидан бошқага васият қилган бўлса ва бу ишга унинг меросхўрлари рози бўлсагина мазкур васият тўлиқ амалга оширилади. Аммо меросхўрлар рози бўлмасалар ҳам мулкнинг 1/3 қисми айтилган ўринга топширилади.
Айни шу масалада васият қилинган мулк, ўз эгасига топширилмаса уни олган одам гарчи марҳумнинг меросхўри бўлса-да бировнинг ҳақини ўзлаштириб олган бўлади. У мулкни тасарруф қилиш ушбу меросхўр учун ҳаромдир. Яъни бировнинг ҳақини еган бўлади.
5. Васиятни ижроси марҳумнинг бўйнидаги қарзлари ўз эгаларига етказилганидан кейин амалга оширилади.
6. Агар васият қилувчи мулкини ношаръий, ножоиз жойларга васият қилса, унинг васияти эътиборга олинмайди ва бажарилмайди.
Манба: https://islommoliyasi.uz/uz/vasiyat/
Қўшимча изоҳ: бизда одамлар фароиз илмини билишмаганлиги, ўрганишга ҳаракат қилишмаслиги оқибатида мерос, васият ва инсон тириклигида ўз мулкига нисбатан қилган тасарруфи борасида жуда кўп чалғишади, бу масалаларни чалкаштириб юборишади. Демак, бу масалада баъзи асосий қоидаларни яна бир бор такрорлаб/тушуниб оламиз:
- инсон ўз меросхўрларига васият қилиши мумкин эмас, чунки уларга шариат белгилаб қўйган улушлар бор;
- инсон ўз мулкининг фақат 1/3 ини (меросхўрлардан бошқаларга) васият қилиш ҳуқуқига эга;
- ўгай фарзандлар меросга даъвогарлик қилишлари мумкин эмас. Агар инсон истаса, ўгай фарзандига мол-мулкининг 1/3 ини васият қилиши мумкин;
- агар меросхўрлар рози бўлишса, васиятни марҳум қолдирган мол-мулкнинг 1/3 идан кўпроғига нисбатан ҳам татбиқ қилишлари мумкин;
- васият қилувчи мулкини ношаръий, ножоиз жойларга (масалан, маст қилувчи ичимликлар сотадиган дўкон қуришга) васият қилса, унинг васияти эътиборга олинмайди ва бажарилмайди;
- инсон вафот этгандан кейин унинг қолдирган мол-мулки унинг дафн маросимларига сарф қилинади;
- қолган мол-мулкдан унинг қарзлари ёпилади;
- мол-мулк ортиб қолса, марҳумнинг васиятини бажаришга йўналтирилади (1/3 қисми), ундан ҳам ортиб қолган мол-мулк меросхўрлар ўртасида шариат кўрсатмаларига мувофиқ равишда тақсимланади.
Шу билан бирга, инсон тириклик чоғида ўз мол-мулкини истаганича (албатта, шариат ва адолат тамойилларига риоя қилган ҳолда) тасарруф қилиши мумкин ва бу унинг ихтиёридаги масала. Мисол учун, у барча мол-мулкини ўғил ва қиз фарзандлари ўртасида тенг тақсимлаб (хат ҳужжат асосида ёки гувоҳлар иштирокида), уларга ҳадя қилиб бериши мумкин. Лекин бу васият эмас, балки инсон тириклик чоғида мол-мулкини тасарруф қилиши бўлади. Бироқ, ҳадя қилмасдан, балки (қайсидир сабаб билан), шу мулк сизларнинг номингизда туриб турсин деб берган бўлса, у ҳолда бу ҳадя ҳисобланмайди ва қолган мулк (кимнинг номига расмийлаштирилган бўлишига қарамасдан) барча меросхўрлар ўртасида шариат кўрсатмалари асосида тақсимланади. Айнан шунинг учун ҳам бу масалани инсон тириклигида аниқлаштириб қўйиш керак бўлади (яъни бу ҳадями ёки номига расмийлаштиришми), акс ҳолда, бу меросхўрлар ўртасида зиддият чиқишига сабаб бўлади. Шу ўринда бир нарсани айтиб ўтиш лозим, бугунги кунда кўпчилик мамлакатларда мерос замонавий қонунчилик асосида тақсимланади. Шунинг учун бундай мамлакатларда доимий равишда истиқомат қилувчи мусулмонлар, ўз мол-мулкларини ҳаётлик чоғларида тасарруф қилиб қўйишлари мақсадга мувофиқ бўлади. Валлоҳу аълам.
@IslomMoliyasi телеграм саҳифаси