Муаллифлар:
Farah Yasser
Assistant Professor, School of Commerce and Accountancy
University of Management and Technology, Lahore
Dr. Rukhsana Kalim
Professor, Dr. Hasan Murad School of Management
University of Management and Technology, Lahore
МАҚОЛАНИНГ ҚИСҚА МАЗМУНИ (АННОТАЦИЯ)
Ислом банк-молия соҳаси аста-секин ривожланиб бормоқда ва маҳсулотлар портфели ҳам доимий равишда ўзгариб, янги турдаги хизматлар билан бойиб бормоқда. Ҳозирда кўп қўлланиладиган ислом молияси воситаларига муробаҳа, ижара, истисна, салам, мушорака ва музораба киради. Шариат асосидаги молиялаштиришда яна бир жозибадор ва фойдали восита — хизматлар ижараси (Service Ijarah) ҳисобланади. Бу тушунча янги эмас, балки бу мумтоз «Ижара ал-Ашхас»га асосланади ва қадимдан турли тамаддун (цивилизация)лар томонидан қўлланилиб келинган. Ҳозирда Малайзия, Индонезия, БАА ва Бангладеш каби мусуслмон мамлакатларида ислом банклари (ёки анъанавий банклар қошидаги ислом дарчалари) томонидан таълим, туризм, тиббий хизматлар ва ҳ.к. ларни молиялаштиришда ушбу воситадан (яъни «Service Ijarah”дан) фойдаланиб келишмоқда. Бироқ, Покистондаги ислом банклари ҳали бу турдаги хизматни таклиф қилишмаяпти. Шу мақсадда ушбу мақолада хизматлар ижараси тушунчаси, унинг моделлари ва унинг қўлланилиши ҳақида сўз юритилади.
КИРИШ
Хизматлар ижараси — барча иштирокчилар учун қулай ва даромадли молиялаштириш имкониятидир. Ушбу мумтоз «Ижара ал-Ашхас» тушунчасига асосланган восита, ҳозирда турли мамлакатларда кенг қўлланилади. Ислом банк-молия муассасалари инсонларнинг таълим, тиббиёт, саёҳат ёки тўйлар ўтказиш каби шахсий эҳтиёжларини қондириш учун хизмат ижарасидан фойдаланишмоқда.
Хизматлар ижараси молиялаштириш воситаси сифатидабарча манфаатдор томонлар – ислом банклари, хизмат кўрсатувчилар ва истеъмолчи (мижоз)лар учун бирдек фойдали ҳисобланади. Бу шундай молиялаштириш усулики, у ислом банклари ликвидлигига салбий таъсир қилмайди, чунки банклар мижозларга нақд пул тўлашмайди, балки уларга хизматларни муддатли тўлов (насия) асосида сотиб олиш имкониятини тақдим қилишади. Бунда ислом банклари хизмат кўрсатувчи томонидан таклиф этилаётган хизматларни ижарага олиб, келишилган устама/фойда билан мижозга қайта ижарага беришади. Шу тарзда уч томон ҳам ўз мақсадига эришади. Бу жараёнда, хизмат кўрсатувчилар ўз маҳсулот/хизматларини талабга кўра ижарага беришади ва кафолатланган сотувга эга бўлишади, чунки банк уларни аввал ижара асосида харид қилади, кейин эса мижозга сотади. Демак, бу ҳолатда ижара шартлари ҳақиқатда амалга оширилади (хизматларни банк томонидан сотиб олиш/ижарага олиш ва шундан кейин мижозга ижарага бериш амалиётни ҳақиқийлигини кафолатлайди ва шу орқали чайқов/спекуляция амалиётини йўққа чиқаради). Энг муҳими, хизматлар ижараси орқали эхтиёжи бор мижоз ўзига керак бўлган хизматни ҳозир олиб, унинг учун тўловни кейин амалга ошириш имкониятига эга бўлади.
Ислом банк-молия тизими Покистонда жадал ривожланмоқда. Унинг филиаллар тармоғи ва маҳсулотлар портфели тез суръатлар билан кенгаймоқда. Покистон Марказий банки мамлакат бўйлаб фоизсиз банк тизимини жорий этиш учун тинмай ишламоқда. Ҳозирги кунда мамлакатда 5 та тўлиқ ислом банки мавжуд бўлиб, улар мушорака, мудораба, мурабаха, ижара, салам ва истисна асосида шариат талабларига жавоб берадиган истеъмол ва корпоратив молия маҳсулотлари ҳамда хизматларининг кенг турларини тақдим этишмоқда. Хизматлар ижараси барча манфаатдор томонлар учун бирдек фойдали бўлишига қарамай, ҳозирча Покистонда бирор бир банк хизматлар ижараси асосида молиялаштириш хизматини жорий этмаган.
Ушбу тадқиқотнинг асосий мақсади – Покистон ислом банклари томонидан хизматлар ижарасига асосланган молиявий хизматларни ишлаб чиқиш заруратини ўрганишдир. Шунингдек, мақолада Ижара ал-Ашхас тушунчаси ва унинг амалиёти, банклар орқали хизматлар ижараси молиялаштириш воситанинг мазмун-моҳияти, амалий жиҳатлари ва жараёнларини очиб беришдир. Шунингдек, мақолада Покистон ислом банклари томонидан хизматлар ижараси хизматини жорий этиш имкониятлари муҳокама қилинади.
ХИЗМАТЛАР ИЖАРАСИ ТУШУНЧАСИ ВА УНИНГ КЕЛИБ ЧИҚИШИ
Ижара — ислом уламолари ва фақиҳлари томонидан кенг тарзда жоиз деб эътироф этилган молиялаштириш усулидир. «Ижара» атамаси «Ажир» сўзидан келиб чиққан бўлиб, «ажр», «мукофот» маъносини англатади. Техник нуқтаи назардан ижара «бир нарсани ижарага бериш» маъносига эга.
Қуръонда ижара шартномасининг жоизлигига далил қилинадиган бир неча оятлар мавжуд. Энг кўп тилга олинадиган оят — бу Ҳазрат Мусо (а.с.) ҳақидаги қисса бўлиб, унда Ҳазрат Шўайб (а.с.) уни маълум муддатга хизматга ёллаган. Бу ҳақда Қуръони каримнинг «Қасас» сурасининг 26-27 оятларида шундай келган: «Икки(қиз)дан бири: «Эй отажон, уни ишга ёллаб ол. Чунки, ишга ёлланадиган энг яхши кимса кучли ва ишончли кимсадир», деди. У (яъни Шўайб (а.с.) айтди: «Менга саккиз йил ишлаб беришинг шарти билан, шу икки қизимдан бирини сенга никоҳлаб бермоқчиман, агар ўн йилни тамомласанг, бу сенинг ишинг. Мен эса сенга машаққат қилишни истамасман. Иншоаллоҳ, менинг солиҳ кишилардан эканимни кўрасан», деди.
Ушбу оят ижара бўйича очиқ далилидир, чунки Мусо (а.с.) маълум вақт ва белгиланган ҳақ эвазига хизматга ёлланган. Яна бир оятда эса болани эмизган аёлга ҳақ тўлаш отанинг бурчи эканлиги баён қилинган. «Талоқ» сурасининг 6-оятида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Агар сизга (фарзандни) эмизиб берсалар, ҳақларини беринглар, ўзаро яхшилик билан маслаҳат қилинглар. Агар қийинчиликка учрасангиз, у(эр)га бошқа аёл эмизиб берур».
Бу оятлар хизмат учун ҳақ тўлаш ижара концепциясини очиқ тасдиқлайди.
Юқоридаги Қуръон оятлари ижара ёки ишга ёллаш шартномаси ҳар доим турли даврларда жамиятда кенг амалда бўлганини ва бу зарурат эканлигини кўрсатади. Худди шунингдек, ишчи ёллаш ва унга ҳақ (ажр) тўлаш амалиёти Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларидан ҳам келиб чиқади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:
«Ишчига унинг тери қуримасидан ҳаққини беринг» (Сунан Ибн Можа, 3:399, ҳадис №2443).
Шунингдек, Ибн Аббос (р.а)га кўра Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижома қилдирганлар ва ҳижома қилувчига ҳақ тўлаганлар (Сунан Ибн Можа, 3:238, ҳадис №2162).
Юқорида келтирилган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амаллари ижара шартномасининг жоиз ва ҳақиқий эканлигини тасдиқлайди. Шу сабабли, ижара шартномаси Қуръон ва Суннатда аниқ тарзда маъқулланган ва жоиз шартнома ҳисобланади.
Олимлар ижаранинг икки асосий турини тилга оладилар:
1. Ижара ал-Аъён (Ижара ал-Ашё деб ҳам аталади);
2. Ижара ал-Ашхас.
Ижара ал-Аъён – бу ижаранинг шундай турики, унда муайян моддий активнинг фойдаланиш ҳуқуқи ижарачидан ижарага берувчига ижара ҳақи эвазига ўтади.
Шу билан бирга, Ижара ал-Ашхас (Ижара ал-Аъмал деб ҳам аталади) – муайян шахснинг хизматлари белгиланган ҳақ ёки маош эвазига олинадиган/ёлланадиган ижара туридир. Бунда иш берувчи – мустажир (яъни ижара асосида ёлловчи), хизматини тақдим этаётган шахс эса – ажир деб аталади. Ажир ўқитувчи, муҳандис, ўймакор, архитектор, маслаҳатчи ёки ўз хизматини кўрсата оладиган ҳар қандай шахс бўлиши мумкин.
Хизматларни ижарага олиш яна икки турга бўлинади:
- Ажир хос (маълум иш берувчига боғланган ишчи);
- Ажир Муштарик (мустақил ёки умумий ишчи).
Ажир хос ҳолатида ишчи фақат бир иш берувчи учун хизмат қилади, яъни хизматчи ёки ходим сифатида фақат шу иш берувчига боғланади ва бошқалар учун ишлаши мумкин эмас (AAOIFI шаръий меъёрларининг тегишли бўлимида бу ҳақда айтилган). Бундай ишчи/хизматчи белгиланган муддатга ва муайян хизматлар учун ёлланади.
Ажир Муштарик эса муайян бир иш берувчига боғланмаган бўлиб, бир вақтнинг ўзида бошқа иш берувчилар учун ҳам ишлаши мумкин ва бир иш берувчи унга бошқалар учун ишлашни тақиқлай олмайди. Масалан: тикувчи, шифокор, ёки маслаҳатчи.
Биринчи турдаги ижара — Ижара ал-Аъён/Ижара ал-Ашё — ислом молия муассасалари томонидан энг кўп қўлланиладиган ва оммалашган ижара туридир. У асосан моддий активларни ижарага бериш учун ишлатилади. Бу молиялаштириш тури активга асосланганлиги сабабли ҳам жисмоний истеъмолчиларни молиялаштиришда, ҳам корпоратив (юридик) шахсларни молиялаштиришда кенг қўлланилади. Бунга мисол сифатида автомашиналар, уй-жой, ускуна ва жиҳозлар ва ҳ.к.ни молиялаштирилишини келтириш мумкин.
Иккинчи турдаги ижара — Ижара ал-Ашхас («Сервис ижара» ёки «Хизматлар ижараси» деб ҳам аталади) — ислом банклари томонидан истеъмолчиларни молиялаштиришда яқинда қўлланила бошлаган ва ҳали кенг тарқалмаган. У асосан таълим, никоҳ тўйлари, тиббиёт, саёҳат хизматлари ижарасида фойдаланилади.
Олимлар сервис ижарани шундай таърифлайдилар: бу — ислом банки томонидан хизмат ёки ундан фойдаланиш ҳуқуқини хизмат кўрсатувчидан харид қилиб, кейин ушбу хизматларни харидорга хизматнинг асл нархига устама қўйиб, муддатли тўлов асосида сотадиган молиялаштириш усулидир.
Малайзия бухгалтерия стандартлари кенгаши (Malaysian Accounting Standard Board) таъкидлайдики, ижара битими муайян хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқи (usufruct) ёки номоддий активлар (масалан, таълим, тиббий хизматлар, саёҳат ва ҳ.к.) учун ҳам тузилиши мумкин. Бунда, банк хизматдан фойдаланиш ҳуқуқини хизмат кўрсатувчидан ижарага олади ва кейин уни мижозга суб-ижара асосида (албатта ўз устамасини қўйган ҳолда) тақдим этади.
Хизматлар ижараси (Ижара ал-Ашхас) шартлари
Қуйида хизматлар ижараси битими ҳақиқий ва амалда жоиз бўлиши учун зарур бўлган умумий шартлар келтирилган:
- Шартноманинг биринчи рукни – томонларнинг розилиги. Розилик таклиф (ижоб) ва қабулни ўз ичига олади. Қабул жараёнида мажбурлаш/босим, нотўғри маълумот бериш ёки алдов бўлмаслиги шарт. Демак, шартнома тузиш учун томонларнинг эркин розилиги талаб қилинади.
- Шартнома тузувчи томонлар ҳуқуқий қобилиятга эга бўлишлари керак, яъни улар балоғатга етмаган, қарздор ёки маст (ҳолатда) бўлмасликлари лозим.
- Шартноманинг мавзуси (объекти) шаръий/қонуний, жоиз ва икки томонга ҳам маълум бўлиши шарт (яъни шаръан ёки қонунан тақиқланган бўлмаслиги, икки томон учун аниқ/тушунарли бўлиши керак).
- Мақсад ва тўлов (қиймат): Шартномада мақсад ва тўлов аниқ бўлиши зарур. Мақсад ва тўлов ҳам шаръий/қонуний ва жоиз бўлиши шарт (масалан, мақсад шариат ёки қонун тақиқлаган нарсага эришиш бўлмаслиги, тўлов шариат/қонун тақиқлаган нарса билан амалга оширилмаслиги зарур). Шунингдек, шартнома мақсади давомий (яъни шартнома муддатида йўқ бўлмайдиган) бўлиши лозим, чунки агар мақсад йўқолса, шартнома бекор бўлади.
- Шартнома ҳақиқий (Шариатга мувофиқ) бўлиши учун унда рибо, ғарар ёки майсир унсурлари ёки жараёнлари бўлмаслиги лозим.
Хизматлар ва Фойдаланиш ҳуқуқи (usufruct)га оид шартлар
- Хизматнинг табиати ва кўлами шартнома тузиш пайтида аниқ белгиланиши шарт. Демак, хизмат кўрсатувчининг номи, талаб этилаётган хизматнинг тафсилотлари ва уни бажариш муддатлари шартномада иштирок этувчи томонларга аниқ маълум бўлиши керак.
- Хизмат ёки иш Шариатда жоиз бўлиши шарт. Уларнинг ичида шариатда ҳаром қилинган ишлар бўлмаслиги керак.
- Хизмат бажарилиши мажбурий ибодатлар каби вазифаларни ўз ичига олмаслиги лозим. Масалан, кимнингдир намозини ўқиб бериш каби ишлар учун ҳақ олиш мумкин эмас, чунки улар мажбурий ибодатлар ҳисобланади. Шунингдек, хизматларни ижарага олиш фақат ҳалол бўлибгина қолмасдан, балки ахлоқий меъёрларга ҳам мувофиқ бўлиши лозим.
- Талаб этилаётган хизмат нархи, шакли, натижаси ва муддати аниқ ва равшан бўлиши лозим, яъни хизматнинг аниқ кўлами ва аниқ чегаралари белгиланган бўлиши керак.
- Сервис ижара шартномаси “реаллик тамойили”га мувофиқ бўлиши шарт. Реаллик тамойили “барча молиялаштириш шартномалари реал асосга эга бўлиши, яъни тахминий ёки шартли алмашинувлар эмас, балки ҳақиқий маҳсулот ёки хизматга асосланиши керак” деган маънони англатади. Бу шуни англатадики, хизматнинг маълум қиймати бўлиши, қўшимча қиймат яратиши ва шартномада хизматни ҳақиқатан тақдим этиш нияти бўлиши шарт. Шу боис, ислом банклари сервис ижара шартномаси бўйича қўшимча қийматга эга хизматни хизмат харид қилиб, кейин уни мижозга (муддатли тўлов асосида) тақдим этиш орқали даромад олиш ҳуқуқига эга бўладилар.
Ижара ҳақи/тўловга оид шартлар
- Ижара ҳақи аниқ ва белгилаб қўйилган бўлиши шарт.
- Ижара ҳақи томонларнинг ўзаро келишувига биноан, хизматни харид қилиш жараёнида сарфланган умумий харажатлар, шу жумладан ишлов бериш, ҳужжатлар расмийлаштириш ва бошқа тўловлар асосида белгиланиши мумкин.
- Ижара шартномаси тузилгандан кейин, ижарага берувчи бир томонлама ижара ҳақини ошириши мумкин эмас.
- Ижара ҳақи, хизматдан фойдаланиш ҳуқуқи ёки ижарачининг ундан фойдаланиш имконияти пайдо бўлган пайтдан бошлаб ҳисобланади/тўланади. Бироқ, ижара муддати давомида хизматнинг мавжудлиги кафолатланган бўлса, ижара ҳақи олдиндан ҳам олиниши мумкин.
- Тўлов/ижара ҳақи бутун иш учун белгиланиши мумкин, бунда хизмат кўрсатувчи хизмат тўлиқ кўрсатилгандан кейин ҳақ олади, ёки тўлов қисмларга бўлинган ҳолда белгиланиши мумкин ва хизмат кўрсатувчи ҳар бир босқичда бажарилган ишга мос равишда тўлов олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Банк учун шартлар
- Хизмат ижараси ҳақиқий бўлиши учун, мижознинг аризаси берилмасдан туриб банк хизматни сотиб олиши ёки ундан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлиши мумкин эмас. Аввало, мижоз хизматни ва хизмат кўрсатувчини танлайди, шундан кейин банк молиявий воситачи сифатида мижознинг талаби асосида хизмат кўрсатувчидан хизматдан фойдаланиш ҳуқуқини олиши мумкин. Бу шарт хизматни харид қилишга бўлган ваъдадан олдин бажарилиши лозим.
- Ислом банклар хизматни уни ижарага олмасдан туриб (ижара асосида) сотиши мумкин эмас.
- Банк хизматни олдиндан сотиб олиш ҳуқуқига эга эмас, ҳатто банк хизматни ижарага олиб, келишилган шартлар асосида мустақил ёки бошқа тараф орқали шартномани амалга оширишини айтган тақдирда ҳам.
- Агар ижара шартномаси тузилган вақтда хизмат кўрсатувчи мавжуд бўлмаса, ислом банки ва мижоз ўртасидаги ижара асосида сотиш шартномаси хизмат кўрсатувчи пайдо бўлмагунча кучга кирмайди.
- Хизмат ижараси шартномаси реаллик тамойилига асосланиши шарт. (ушбу тамойил ҳақида юқорида айтиб ўтилди).
Хизмат кўрсатувчи учун шартлар
- Хизмат кўрсатувчи (ташкилот) хизматга эгалик қилиши ва уни тақдим этиш имкониятига эга бўлиши лозим. Шунинг учун, хизматга эгалик қилмасдан ва уни амалий ёки ҳуқуқий тарзда етказиш ҳолати вужудга келмасдан туриб, ташкилот мижоз билан шартнома тузиши мумкин эмас.
- Ислом банки ва хизмат кўрсатувчи томон ўртасида сотиш шартномаси амалга оширилишидан олдин, мижоз ва хизмат кўрсатувчи ўртасида хизматдан фойдаланиш бўйича олдиндан келишув бўлмаслиги лозим, акс ҳолда бу аввал кўрсатилган хизматларни молиялаштириш амалиётига айланиб қолади.
Ижаранинг тугаши
Сервис ижара шартномаси қуйидаги ҳолатларда тугатилиши мумкин:
- Агар активдан фойдаланиш имконияти йўқолса;
- Агар ижарачи ёки ижарага олувчи ижара ҳақини тўламаса ёки бошқа шартларга амал қилмаса;
- Агар хизмат кўрсатувчи хизматдан фойдаланиш имкониятини тақдим эта олмаса;
- Агар томонлардан бири вафот этса ёки фойдаланиш ҳуқуқи бекор бўлса;
- Томонларнинг ўзаро келишуви билан;
- Белгиланган муддат якунига етганда.
Хизмат ижараси асосида молиялаштириш босқичлари
Оддий ҳолда сервис ижара шартномаси қуйидаги босқичларни ўз ичига олади:
- Мижознинг мурожаати. Саёҳат, тиббий муолажалар, тўй ёки таълим учун молиялаштиришга муҳтож бўлган мижоз ислом банкига мурожаат қилади. Бундан олдин, мижоз хизмат кўрсатувчидан хизмат тафсилотлари, хизмат кўрсатилиши ҳақида тасдиқнома ва тегишли маълумотларни олади;
- Ариза бериш. Мижоз банкка ариза тақдим этади ва талаб қилинган хизматни сотиб олиш мажбуриятини олади. Одатда, мижоз банкдан молиялаштириш сўрашдан олдин хизмат кўрсатувчи ва ўзига керак бўлган хизматни танлаб қўяди. Мижоз хизмат тафсилотлари, тавсифи ва бошқа маълумотларни банкка тақдим этади. Бу босқичда, мижоз банк билан сервис ижара хизматининг шартлари ва қоидаларини муҳокама қилади (устама даражаси, молиялаштиришнинг умумий муддати, тўлов жадвали ва ҳ.к.). Шунингдек, банк хизматни харид қилишдан олдин, мижоздан уни кейин сотиб олиш ёки ижарага олиш бўйича ёзма ваъда талаб қилади;
- Банк текшируви. Банкнинг молиялаштириш бўлими ва кейин шариат қўмитаси мижоз аризасини кўриб чиқади. Хизмат кўрсатувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатлар тасдиқлангандан сўнг, банк хизмат кўрсатувчига харид/ижара бўйича таклиф (жумладан нарх таклифи) юборади;
- Инвойс расмийлаштириш. Хизмат кўрсатувчи банк таклифини қабул қилгандан кейин, банк номига шартнома ва инвойс чиқаради. Агар мижоз ва банк ўртасида вакиллик шартномаси мавжуд бўлса ва мижоз банкнинг вакили сифатида ҳаракат қилса, инвойс мижоз номига берилиши мумкин. Инвойсни олгандан сўнг, банк хизмат кўрсатувчига тўлов қилади ва зарур хизматни харид қилади ёки ижарага олади.
- Банк ҳуқуқлари ва қуйи-ижара (суб-ижара). Шу босқичда банк хизматнинг тўлиқ эгасига айланади. Банк уни мижозга белгиланган нарх эвазига қуйи-ижарага бериши мумкин. Шартнома нархи нарх+маржа/устама асосида бўлиши ва келишилган тўлов режасига мувофиқ амалга оширилиши керак.
- Хизматдан фойдаланиш ва тўлов. Мижоз харид қилинган/ижарага олинган хизматдан фойдаланади ва келишилган тўлов жадвали асосида тўловларни амалга оширади.
Сервис ижара шартномаси учун зарур ҳужжатлар
Сервис ижара шартномаси учун муайян ҳужжатлар талаб этилади. Уларнинг аксарияти барча банкларда бир хил. Энг кўп учрайдиган ҳужжатлар рўйхати қуйидагича:
- Ариза шакли (мижоздан банкка);
- Банкдан мижозга йўлланадиган стандарт таклиф хати, унда шартнома мавзуси, нарх, муддат, гаров ёки кафиллик ҳақида батафсил шартлар кўрсатилади;
- Хизмат хариди таклифи (банкдан хизмат кўрсатувчига);
- Хизмат кўрсатувчидан қабул хати;
- Вакиллик шартномаси (банк ва мижоз ўртасида);
- Сервис ижара шартномаси (қуйи-ижара) (банк ва мижоз ўртасида);
- Мижоздан банкка хизмат қабул қилинганлиги ҳақида хат (баёнот).
Покистон ислом банклари томонидан тақдим этилаётган молиялаштириш воситалари
Покистондаги ислом банклари ўз мижозларига Шариатга мувофиқ ва Шариат асосида турли хил молиявий маҳсулотлар таклиф қилмоқдалар. Бу молиявий маҳсулотлар жамиятнинг умумий ривожи ва фаровонлиги учун мўлжалланган. Улар чакана (истеъмол), кичик ва ўрта бизнес (SME), корпоратив, инвестиция банк фаолиятининг кўплаб йўналишларини қамраб олган кенг турдаги маҳсулотлар ва хизматларни ўз ичига олади.
Масалан: банк омонатлари, пул ўтказмалар, уй-жой ва автомашина харидини молиялаштириши, ускуна ва жиҳозлар харидини молиялаштириш, айланма маблағларни шакллантириш, аккредитив (letter of credit) хизматлари, қисқа ва узоқ муддатли молиялаштиришлар, инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш, молиявий консалтинг хизматлари ва ҳ.к.
Ушбу ислом молия маҳсулот ва хизматлари турли қисқа ва узоқ муддатли молиялаштириш усулларига асосланган. Ушбу молия усулларига Музораба, Мушорака, Мурабаҳа, Салам, Истисна, Ижара ва Камайиб борувчи мушорака (Diminishing Musharika) ва бошқалар киради.
Хусусан:
- 31% — Камайиб борувчи мушорака (Diminishing Musharakah),
- 21,2% — Мушорака (Musharakah),
- 13,4% — Муробаҳа (Murabaha),
- 10,5% — Истисна (Istisna),
- 5,1% — Ижара (Ijarah),
- 1,8% — Салам (Salam),
- 17% — бошқа турдаги молиявий маҳсулотлар.
Шу қадар маҳсулот турлари кенг бўлишига қарамасдан, Покистон ислом банклари ҳалигача хизматлар ижараси асосидаги молиявий маҳсулотни таклиф қилишмаяпти.
Покистон ислом банкларининг жисмоний шахсларни молиялаштириш амалиёти
Покистон ислом банкларининг кўпчилиги жисмоний шахсларни молиялаштиришни жамғарма ва инвестиция молиявий маҳсулотлари асосида амалга оширишади. Бу жамғарма ва инвестиция молиявий маҳсулотлари доирасида мижоз муайян маблағни даврий равишда жамғаради, кейин эса уни банк орқали Шариатга мувофиқ инвестиция жамғармасига йўналтиради ва шу билан бирга ушбу жамғармани такафул тизими орқали суғурталайди. Ушбу молиявий маҳсулотларнинг асосий камчилиги — мижоз аввал маблағ жамғаради кейин инвестиция қилади ва тегишли муддатлари якунидагина шахсий эҳтиёжлари учун керакли бўлган маблағга эга бўлади.
Агар мижоз таълим олишни бошлаш ёки бошқа хизматлардан дарҳол фойдаланиш учун молиявий маблағларга муҳтож бўлса, хизматлар ижараси энг қулай ечим ҳисобланади.
Чунки сервис ижара — муддатли тўлов асосидаги молиялаштириш усули бўлиб, мижоз аввал хизматни олади, кейин эса тўловлар бошланади.
Хулоса ва тавсиялар:
Хизматлар ижараси асосида молиялаштириш — Шариатга мувофиқ бўлган, ижара ал-ашхас асосидаги молиялаштириш усули бўлиб, у Ислом пайдо бўлган даврдан бери амал қилиб келмоқда. Дунёдаги кўплаб ислом банклари сервис ижара орқали жисмоний шахслар учун молиявий маҳсулотлар таклиф этишмоқда.
Ислом банклари жисмоний шахслардан омонатлар жалб қилишга алоҳида эътибор қаратгани каби, улар ўз мижозлари бўлган жисмоний шахсларга ҳам мақбул миқёсда (ёки ҳеч бўлмаса ўз портфелларининг маълум бир қисмини) хизматлар ижараси таклиф этишлари керак деб ҳисоблаймиз.
Хизматлар ижараси асосида молиялаштиришнинг афзалликлари
Хизматлар ижараси асосида молиялаштиришнинг ҳар бир босқичида қатъий Шариат текшируви ўтказилади. Илк босқичдаёқ ижарага олинадиган хизматнинг Шариатга мувофиқлиги талаб этилади. Хизмат шаръий нуқтаи назардан ҳаром ҳисобланган, гуноҳга олиб келувчи, ёки ахлоққа зид бўлиши мумкин эмас. Банк ўз эгалигида бўлмаган хизматни сотиши мумкин эмас. Шунинг учун банк хизматни бошқа шахсга сотишдан аввал у бўйича эгалик ҳуқуқини қўлга киритиши шарт. Шу тариқа, сервис ижара молиявий маҳсулоти қатъий Шариат текширувини тақозо этади.
Шунингдек, бундай битимлар ижтимоий манфаат (маслаҳа) талабларига жавоб беради ва турли иштирокчилар ўртасида ҳалол молиявий фаолиятни таъминлайди. Зеро, шу йўл билан жамият аъзолари ўз эҳтиёжларини ҳалол йўл билан қондириш имкониятига эга бўладилар. Демак, хизматлар ижараси ислом банклари, хизмат кўрсатувчилар ва истеъмолчилар учун бирдек манфаатли. Шуларни инобатга олган ҳолда Покистон ислом банкларига жисмоний шахсларни хизматлар ижараси асосида молиялаштиришни ташкил этиш тавсия қилинади.
Мақола бироз қисқартирилган ҳолда ўзбек тилига таржима қилинди. Таржима “Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси, Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Жаҳонгир Имамназаров томонидан амалга оширилди.