Ижарачи, ижарага олинган мол / мулкни бошқа бировга ижарага бериши (қуйи-ижара) фақат биринчи ижара берувчининг рухсати билан бўлиши мумкин. Агар бунда ижарачи қуйи-ижара бўйича олаётган ҳақ, ўзи биринчи ижара берувчига тўлаётган ҳақдан камроқ ёки унга тенг бўлса, бунда ортиқча муаммо йўқ. Бу масалада барча сунний мазҳаблар бир фикрдалар. Аммо агар қуйи-ижара бўйича олинаётган ҳақ юқорироқ бўлса, у ҳолда масала бироз мураккаблашади.
Имом Шофеъи (раҳматуллоҳи алайҳ) ва баъзи бошқа олимлар, жумладан Ҳанбалий мазҳаби уламолари ҳам қуйи-ижара бўйича олинган ҳақ биринчи ижара берувчига тўланаётган ҳақдан юқорироқ бўлиши ва ўртадаги фарқни ижарачи ўзига ишлатиши жоиз дейишган.
Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) буни мумкин эмас деганлар. У кишининг фикри бўйича қуйи-ижара ва биринчи ижара ўртасидаги зиёда фарқ қуйи-ижара берувчи томонидан фақат хайрия мақсадида ишлатилиши мумкин (яъни ўзига ишлатиши мумкин эмас). Аммо агар қуйи-ижара берувчи ижарага берилаётган мол / мулкни қандайдир даражада яхши томонга ўзгартирса (масалан таъмирласа, қулайлаштирса, безак берса…) ёки бирор нима билан бойитса, у ҳолда бемалол қуйи-ижара бўйича зиёда фарқни ўзига олиши мумкин. Шунингдек агар қуйи-ижара бўйича ҳақ бир пул бирлигида олинса, биринчи ижара бошқа пул бирлигида тўланса ҳам қуйи-ижара берувчи ўртадаги зиёда фарқни ўзига олиши мумкин (фикримизча буни валюталар курси ўзгариши билан боғлиқ хатарнинг мавжудлиги, яъни бу хатар қуйи-ижара берувчининг таваккали эканлиги билан изоҳлаш мумкин).
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Имом Абу Ҳанифанинг фикрига жиддий эътибор билан қараган ҳолда, зарурат бўлса бу масалада Шофеъи ва Ҳанбалий мазҳабларига эргашиш мумкин. Инчинун на Қуръони каримда ва на Ҳадиси шарифларда бу масалада (яъни қуйи-ижара берувчи ўртадаги зиёда фарқни ўзига олиши масаласида) очиқ-ойдин тақиқ йўқ.