Ижарага бағишланган туркум мақолаларимиз ҳам Муфтий Тақий Усмоний ҳазратларининг «Ислом молиясига кириш» китоблари асосида тайёрланди. Албатта ижара/лизинг жуда катта ва долзарб мавзу, шу сабабли биз биргина шу мақола билан чекланиб қолмаймиз ва иншааллоҳ яна шу мавзуга оид мақола ва маълумотлар тайёрлаб, эътиборингизга ҳавола қилиб борамиз.
Ижара: хулоса
1. Ижара бу мулкнинг эгаси шу мулкдан фойдаланиш ҳуқуқини келишилган муддатга, муайян шартлар асосида бошқа бир шахсга беришини кўзда тутувчи битимдир.
2. Ижара шартномаси ҳуқуқий кучга эга бўлиши учун ижарага берилган мулкнинг эгалик ҳуқуқи ижара берувчининг ўзида қолиши, ижара олувчига эса фақат ундан (яъни мулкдан) фойдаланиш ҳуқуқигина ўтиши керак.
3. Ижарага берилаётган мулк фойдаланишга яроқли бўлиши шарт, шу сабабли фойдаланиб бўлмайдиган нарсалар ижарага берилиши мумкин эмас.
4. Истеъмол қилмасдан туриб фойдаланиб бўлмайдиган ҳар қандай нарсани ижарага бериб бўлмайди. Шу сабабли пул, озиқ-овқат, ёқилғи ёки ўқ-дори каби нарсалар ижарага берилиши мумкин эмас, чунки уларни истеъмол қилмасдан фойдаланиб бўлмайди.
5. Агар истеъмол қилинадиган нарсалар ижарага бериладиган бўлса, у ҳолда бу қарз ҳисобланади ва бунда қарзга нисбатан қўлланиладиган барча қоидалар ишга тушади.
6. Ижара муддати аниқ (келишилган) бўлиши керак.
7. Агар ижара олувчи битимнинг қайсидир шартларини бузса, ижара берувчи ижара шартномасини бир тарафлама бекор қилиш / тугатиш ҳуқуқига эга. Аммо битим шартлари бузилмаган бўлса, у ҳолда шартнома фақат томонларнинг икки томонлама розилиги (келишуви) асосидагина бекор қилиниши мумкин.
8. Ижарага олинган мулк, шартномада кўзда тутилган мақсадлардагина фойдаланилиши мумкин.
9. Ижара муддати давомида ижарага берилган мулкка етиши мумкин бўлган барча хатарлар ижара берувчининг зиммасида бўлади.
10. Ижара олувчининг нотўғри фойдаланиши ёки бепарволиги туфайли ижарадаги мулкка етган ҳар қандай зарар ижарачи томонидан қопланиши шарт.
11. Ижарага берилаётган мулк суғурталаниши лозим бўлса, у ҳолда, суғурталаш бўйича харажатлар ижара берувчи томонидан қопланиши лозим.
12. Икки ёки ундан ортиқ шахснинг биргаликдаги мулки ижарага берилиши мумкин (ижарадан тушган маблағ барча мулкдорлар ўртасида уларнинг шу мулкдаги улушларига мос равишда тақсимланади).
13. Ижара шаръий жиҳатдан жоиз бўлиши учун ижарага берилаётган мулк аниқ бўлиши ва шартномада аниқ-тиниқ кўрсатилиши / тавсифланиши зарур.
14. Ижара ҳақи миқдори шартномада аниқ кўрсатилиши ва бутун ижара даври учун белгиланиши керак. Шу билан бирга, ижара муддатининг турли даврлари учун турли ижара ҳақи белгиланиши мумкин. Агар ижара муддатининг бирор-бир даври учун ижара ҳақи миқдори белгиланмаган бўлса ёки бу масала ижара берувчининг ихтиёрига қолдирилган бўлса, ижара шартномаси ҳуқуқий кучга эга бўлмайди.
15. Ижара берувчи ижара ҳақини бир томонлама ошириши мумкин эмас ва буни кўзда тутувчи ҳар қандай шарт битимни ботил (бекор) қилади.
16. Агар ижарага берилган мулк ижара мақсадлари учун яроқсиз ҳолга келса ва уни таъмирлашнинг иложи бўлмаса, унда мулкка бундай талафот етган кундан бошлаб ижара муддати тугаган ҳисобланади. Шу билан бирга, талафот ижара олувчининг айби билан юзага келган бўлса, у ҳолда ижара олувчи кўрилган зарарни тўлиқ қоплаб бериши керак.
17. Ижара шартномаси келажакдаги бирор муайян санадан бошланиш шарти билан тузилиши ҳам мумкин, яъни, шариатда бирор нимани олдиндан сотиш тақиқланган бўлсада, ижарада бунга рухсат берилган, фақат бунда ижара ҳақи тўлаш, мулк ижара олувчига тақдим этилгандан кейин бошланади.
18. Ижарага олинган мулкдан фойдаланиш билан боғлиқ барча харажатлар (сув, газ, электр энергияси каби) ижара олувчининг зиммасида бўлади.
19. Ижарачи ижарага олинган мол-мулкни бошқа бировга ижарага (қуйи-ижара) бериши мумкин, аммо бунинг учун у биринчи ижара берувчининг рухсатини олиши керак бўлади.
20. Аксарият ислом уламолари қуйи-ижара бўйича олинган ҳақ биринчи ижара берувчига тўланаётган ҳақдан юқорироқ бўлиши ва ўртадаги фарқни ижарачи ўзига ишлатиши жоиз дейишган.
21. Ижара берувчи-мулкдор ижарадаги мулкни учинчи шахсга сотиши мумкин, бунда ижара берувчи ва ижарачи ўртасидаги муносабатлар янги мулкдор ва ижарачи ўртасида ўрнатилади.
22. Ижара берувчи ижара ҳуқуқини учинчи шахсга ҳадя қилиши ҳам мумкин. Аммо келажакда олинадиган ижара ҳақини олдиндан бирортасига сотиши мумкин эмас.
23. Ижара битими маълум шартларга риоя қилинган ҳолда молиялаштириш учун ҳам ишлатилиши мумкин.
24. Бугунги кунда асосан корхоналарга бирор-бир ускуна ва дастгоҳларни кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага бериш – лизинг деб аталади.
25. Лизинг шартномаларида ўз вақтида амалга оширилмаган тўлов учун жарима қўллаш кўзда тутилиши мумкин, лекин жарима, ижара берувчининг даромадини кўпайтиришга хизмат қилиши мумкин эмас. Жарима бирор хайрия жамғармасига ўтказилиши лозим (ушбу жазо чораси ноинсоф ижарачилар тўловни ўз вақтида амалга оширмасдан юришини олдини олиш мақсадида қўлланади). Тўловни ўз вақтида амалга оширмаган мижозга нисбатан жарима қўллаш давомида ижара берувчи бирор қўшимча харажатлар қилган бўлса (масалан судга/адвокатларга мурожат қилинган бўлса ва шу жараёнда қандайдир харажатлар қилинса), ушбу бевосита харажатлар, тўланган жарима ҳисобидан қопланиши мумкин.
26. Лизинг муддати якунига етганда ижара берувчи / лизинг компанияси мулкни ўзига қайтариб олиши ҳам, ижарани қайта бошлаши ҳам, бошқа шахсга ижарага бериб юбориши ҳам мумкин. Ижара олувчи мулкни унга бирор-бир нархда сотишни талаб қилишга ҳам, шундай шартни ижара битимига киритишга ҳам ҳаққи йўқ. Шу билан бирга, ижара муддати якунига етганда ижара берувчи ўз хоҳиш-истагига кўра мулкни ижарачига бериб юборишга (ҳадя қилишга) ёки бирор нархда сотишга ҳақли (албатта ижарачи ижара бўйича барча тўловларни амалга ошириб бўлгандан кейин). Ушбу шартномада ислом молияси тизимида «ижара ва иқтина» деб аталади. Бундаги асосий шарт – ижара шартномаси кейинчалик мулкни ижарачига сотиш ёки ҳадя қилиш ваъдасига боғлиқ бўлмаслиги, балки бу ваъда ижара берувчи томонидан алоҳида ҳужжатда акс эттирилиши керак.