Маълумки, динимизда закот бериш фарз бўлиши учун маълум миқдордаги мол-мулкка эга бўлиш керак. Бу миқдор “нисоб” деб аталади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида закот нисоби қуйидагича белгиланган:
– Тилла бўлса — 20 динор (1 динорнинг оғирлиги тахминан 4.25 граммга тенг)
– Кумуш бўлса — 200 дирҳам (1 дирҳамнинг оғирлиги тахминан 2,975 граммга тенг)
Бугунги кунда тилла ҳам, кумуш ҳам пул бирлиги сифатида ишлатилмайди. Шунинг учун закотни ҳисоблашда уларнинг оғирлигига тенг қийматдаги қоғоз пуллардан фойдаланилади.
Бу йил мамлакатимизда олтиннинг нисоби 61,2 миллион сўмни ташкил этди (манба). Ушбу қиймат софлик кўрсаткичи, яъни пробаси 585 бўлган 85 гр. олтиннинг нархидан келиб чиқиб белгиланган. Демак, (ўсувчи) бойликларининг қиймати (яъни нақд пуллар, олтин-кумуш, тижорат моллари…) 61.2 миллион сўмга етмаган инсонлар закот тўловчилар тоифасига кирмайдилар. Шу ўринда таъкидлаш лозим, сўнгги йилларда олтиннинг нархи тўхтовсиз ўсиб бормоқда. Масалан, бизнинг мамлакатимизда ўтган йили закот нисоби 40 млн.сўм деб эълон қилинган эди, бу йил эса 61,2 йилга етди. Кўриб турганимиздек, тилла нархининг ўсиши сабабли бир йил ичида закот нисоби 1,53 бараварга ошган (аслида софлик даражаси юқорироқ бўлган тилла нархида белгиланса нисобнинг миқдори 100 млн.сўмдан ошган бўларди).
Тилланинг нархи жуда кўтарилиб кетса, бойлиги закот нисобига етадиганлар камайиб кетиши эҳтимоли бор. Шундай пайтда уламолар иқтисодий вазиятни инобатга олган ҳолда «Камбағалларга фойдалироқ йўл» қоидасига биноан, кумушнинг нархини нисоб сифатида қабул қилиш керак, деган фикрларни билдиришган (ана ўшанда 595 грамм кумушнинг баҳоси нисоб деб қабул қилиш мумкин бўлади).
Бу масалада Татаристонлик уламоларнинг ёндашуви бизни эътиборимизни тортди. Татаристон мусулмонлари диний идораси (ДУМ РТ) 2025 йил учун нисобларни қуйидагича белгилаган (манба):
– Закот (тўлаш) нисоби олтин нархидан келиб чиқиб 720 минг рубль деб белгиланган (108 млн.сўм);
– Фитр садақаси нисоби (яъни закот беролмайдиган ва закот олиши ҳам жоиз бўлмаган тоифадаги инсонлар учун) кумушнинг нархидан келиб чиқиб 57 минг рубль (8,5 млн. сўм) деб белгиланган;
– Фитр садақасининг энг кам миқдори 200 рубль;
– Закот тўловчи (бой инсон)лар учун фитр садақасининг миқдори – 1,1 минг рубль.
Кўриб турганимиздек, Татаристонлик қардошларимиз нисоб масаласига ўзига хос тарзда ёндашишган.
Хулоса қиладиган бўлсак, кумушнинг нисоби (яъни 595 гр. кумушнинг нархи) бугунги кунда тахминан 8 – 8,5 миллион сўмга тенг. Фикримизча, нисоб кумуш асосида ҳисобланса, кўпроқ инсонлар закот берувчилар тоифасига кириши, бу эса ўз навбатида муҳтожларга моддий ёрдам бериш имкониятини кенгайтириши мумкин. Валлоҳу аълам.
Сиз нима деб ўйлайсиз, Ўзбекистондаги ҳозирги иқтисодий вазиятда қайси усул жамиятимиз учун фойдалироқ?
Жаҳонгир Имамназаров
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси,
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби” доценти
