ШАРЪИЙ МЕЪЁР №8
МУРОБАҲА
Меъёрнинг баёни (матни)
4. Муробаҳа шартномасини тузиш
4/1 Муассаса маҳсулотни ўз эгалигига олиши билангина Муробаҳа шартномасини автоматик равишда тузилган, деб ҳисоблаши жоиз эмас. Шунингдек, муассаса, харид қилишга буюртма берган мижоз Муробаҳа шартномасини тузишдан бош тортган тақдирда, уни маҳсулотни қабул қилиб олишга ва Муробаҳа нархини тўлашга мажбурлай олмайди.
4/2 Муассаса, мижознинг унга мажбурият юклайдиган ваъдасини бузиши натижасида юзага келган ҳақиқий зарарни қоплатиб олиш (компенсация) ҳуқуқига эга. Бу (компенсация) маҳсулотни учинчи томонга сотиш нархи билан муассаса томонидан дастлабки сотувчи (мол етказиб берувчи)га тўланган асл нарх ўртасидаги фарқни мижоз зиммасига олиши билан бўлади.
4/3 Муассаса маҳсулотни Муробаҳа асосида сотиш мақсадида насияга сотиб олса, мижозга буни ошкор қилиши шарт. Олди-сотди шартномасини тузиш вақтида муассаса таннархнинг ичига киритадиган харажатлар тафсилотларини (мижозга) баён этиши керак. Муассаса маҳсулот билан бевосита боғлиқ ҳар қандай харажатларни, агар мижоз қабул қилса, таннархга киритиш ҳуқуқига эга. Бироқ, агар муассаса ушбу харажатларни очиқламаса, уларни таннархга қўшиши мумкин бўлмайди. Урфда таннархдан деб ҳисобланадиган харажатлар бундан мустасно, масалан, транспорт харажатлари, сақлаш харажатлари, аккредитивлар учун тўловлар ва суғурта тўловлари.
4/4 Муассаса (Муробаҳа асосида сотиш нархини ҳисоблаш учун) маҳсулот таннархига учинчи томонларга тўланган бевосита молиявий харажатлардан ташқари бирор суммани қўшишга ҳақли эмас. Масалан, муассаса ўз ходимларининг бажарган иши ёки шу кабилар эвазига тўланган пулларни маҳсулот таннархига қўшиш ҳуқуқига эга эмас.
4/5 Агар муассаса дастлабки сотувчи (мол етказиб берувчи)дан сотиб олган маҳсулоти учун чегирма оладиган бўлса, ҳатто бу Муробаҳа шартномаси тузилгандан кейин содир бўлса-да, мижоз ҳам Муробаҳанинг умумий сотув нархини чегирма миқдорига мутаносиб равишда камайтириш орқали ўша чегирмадан манфаат олиши керак.
4/6 Муробаҳа битими бўйича маҳсулот нархи ва муассасанинг устама/фойдаси олди-сотди шартномаси имзоланаётган вақтда аниқ белгиланган ва ҳар икки тарафга маълум бўлиши шарт. Нархни ёки муассаса устама/фойдасини аниқлашни номаълум кўрсаткичлар ёки келажакда аниқланиши мумкин бўлган индексларга боғлашга ҳеч қандай ҳолатда йўл қўйилмайди. Бу, масалан, савдо битими тузиб, устама/фойдани келажакда аниқ бўладиган LIBOR ставкасига боғлаб қўйилиши сингари бўлиши мумкин. Ваъда босқичида фойда нисбатини белгилаш мақсадида мўлжал сифатида фойдаланиш учун таниқли индекслардан бирига мурожаат қилишга эса ҳеч қандай монелик йўқ. Бунда Муробаҳа шартномасидаги фойдани белгилаш таннархнинг маълум фоизи кўринишида амалга оширилиши ҳамда устама/фойда LIBOR ёки вақтга боғлиқ бўлиб қолмаслиги керак.
4/7 Муробаҳа шартномасида муассасанинг устама/фойдаси маълум бўлиши керак, ялпи (умумий) сотув нархини баён этишнинг ўзи етарли эмас. Фойда қатъий белгиланган маблағ кўринишида, шунингдек фақат сотиб олиш нархининг ёки сотиб олиш нархи ва харажатлар йиғиндисининг маълум фоизи кўринишида белгиланиши мумкин. Устама/фойдани белгилаш икки томоннинг келишуви ва ўзаро розилиги билан амалга оширилади.
4/8 Муробаҳа савдосидаги маҳсулот нархини қисқа ёки узоқ муддатли бўлиб тўлашга келишиш жоиз, бу ҳолатда маҳсулотнинг сотув нархи келишилган вақтда тўланиши керак бўлган мижознинг зиммасидаги қарзга айланади. Муассаса тўлов муддати узайтирилгани ёки тўловнинг узрли ёки узрсиз кечикиши сабабли маҳсулот нархига қўшимча устама олиши жоиз эмас.
4/9 Муассаса 4/10 бандда баён этилганидек, жавобгарликдан озод бўлишини шарт қилмаган бўлса, шартнома тузилгандан кейин аниқланган, лекин олдиндан мавжуд бўлган яширин камчиликлар учун жавобгардир. Бироқ, Муробаҳа шартномаси тузилганидан кейин ва мижоз томонидан маҳсулот қабз қилиб олинганидан сўнг пайдо бўлган ҳар қандай янги нуқсонлар учун муассаса жавобгар бўлмайди.
4/10 Муассаса Мурабаха шартномасида молнинг барча айбларидан ёки баъзи айбларидан холи эканлигини шарт қилиши мумкин, бироқ бу маҳсулотни қабул қилишдан олдин унинг йўқ бўлиши (унга талафот етиши) ёки миқдорининг камайишига тааллуқли эмас. Бу “бароат савдоси”(бай ал-бароа) деб номланади.
Агар шартномада шундай шарт мавжуд бўлса, муассаса мижозга маҳсулот сотувчисига мурожаат қилиш ва аниқланган айб-нуқсон/камчиликлар учун товон (компенсация) ундириш ҳуқуқини топшириши маъқул бўлади.
4/11 Муассаса мижозга нисбатан қуйидагиларни шарт қилиши мумкин: агар мижоз Муробаҳа шартномасини имзолангандан сўнг белгиланган муддатда маҳсулотни қабз (қабул) қилиб олишдан бош тортса, муассаса шартномани бекор қилиши ёки маҳсулотни мижознинг номидан ва унинг фойдаси учун (учинчи шахсга) сотиши мумкин. Муассаса сотув нархидан шартнома бўйича мижоз унга тўлаши керак бўлган пул маблағини ушлаб қолади, агар бу маблағ мижоз тўлаши керак бўлган маблағни қоплаш учун етарли бўлмаса, муассаса қолган пул маблағи учун мижозга мурожаат қилади.
давоми бор …