27-30 апрель кунлари Ар-Риёд шаҳрида Саудия Арабистони қироли Салмон бин Абдулазиз ал Сауд ҳомийлигида Ислом тараққиёт банки гуруҳининг (ИТБ) йиллик анжуман йиғилиши ва олтин юбилейи бўлиб ўтмоқда. Тадбирларда халқаро ва минтақавий молия институтлари, Ислом банклари, хусусий сектор компаниялари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, Савдо-саноат палаталари ҳамда ишбилармонлар кенгашлари делегатлари қаторида ANORBANK вакиллари ҳам иштирок этмоқда.
Уч кун давомида делегатлар иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ва ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш йўлларини ўрганмоқда. ANORBANK Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси билан ўзаро англашув меморандумини имзолади, унга кўра банк ва ХСРИК инвестиция имкониятлари ва молиялаштиришни ўрганиш ва аниқлашда яқиндан ҳамкорлик қилишни режалаштирмоқда. Хусусан, ANORBANK ва ХСРИК Ўзбекистонда биринчи Ислом банкини ташкил этиш лойиҳасини биргаликда ишлаб чиқишга келишиб олдилар. ХСРИК, ANORBANK ва бошқа хорижий компаниялар инвестиция киритиши кутилаётган янги банк Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ ташкил этилади ва мамлакатимиз иқтисодиётига хорижий сармояларни жалб этиш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.
Маълумот учун: Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси кўп томонлама ривожланиш молия институти бўлиб, у ўзига аъзо мамлакатларнинг иқтисодий ривожланишини қўллаб-қувватлайди. Жидда шаҳрида жойлашган ушбу корпорация Ислом тараққиёти банки гуруҳининг бир қисми саналади.
Манба: https://bankers.uz/news/1476
“Ислом молияси”дан изоҳ: албатта, бу хабар халқимизни, хусусан, барча обуначиларимизни хурсанд қилиши аниқ, аммо… Ўзбекистонда ислом банки очилади, деган хабарлар анчадан бери бор, ўзимиз ҳам бу жараёнда иштирок этиб келмоқдамиз. Бироқ, ҳанузгача мамлакатимизда ислом банки очишга йўл берувчи тегишли қонунлар қабул қилингани йўқ. Амалдаги қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритилмас экан, ислом банки очиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас…