Бир кишиларки, уларни тижорат ҳам, олди-сотди ҳам Аллоҳнинг зикридан, намозни тўкис адо этишдан ва закот беришдан машғул қила олмас. Улар қалблар ва кўзлар изтиробга тушадиган кундан қўрқарлар.
Ушбу оятда баъзи кишиларнинг сифатлари келтирилмоқда-ки, улар иш вақтида ҳам Аллоҳни унутмайдилар, тижорат ва олди-сотди билан машғул бўлиб, намозни, хусусан жамоат намозларини қолдирмайдилар. Менинг ўзим тижорат қилиб, зўрға топдимку, деб закот беришдан ҳам қочмайдилар. Чунки:
“Улар қалблар ва кўзлар изтиробга тушадиган кундан қўрқарлар”.
Яъни, киёмат кунидан қўрқадилар. У кунда тижорат билан, олди- сотди билан машғул бўлиб, Аллоҳнинг зикрини, намозни тўкис адо этишни, закот беришни унутганларнинг қалблари ва кўзлари қўрқинчдан изтиробга тушади.
Манба: “Тафсири ҳилол”