«Мўминлардан кўнгилли бўлиб (яъни ихтиёрий) садақа қилувчиларни ва ўз кучлари етгандан бошқани топа олмайдиганларни (яъни зўрға топиб-тутиб хайр-эҳсон қилганларни) айблайдиган ва масхара қиладиганларни Аллоҳ масхара қиладир ва уларга аламли азоб бўладир.»
Бу оятни яхшироқ тушунишимизга ояти карима нозил бўлиши пайтидаги ҳодисаларни ўрганишимиз ёрдам беради.
Ибн Жарир Тобарий ва ибн Ҳиббон раҳматуллоҳи алайҳимолар Икрима розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (Табук газотига чиқиш пайтида) одамларни садақа қилишга қизиқтирдилар. Абдурроҳман ибн Авф тўрт минг (тилло танга) келтириб:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, молим саккиз мингдан иборат эди. Ярмини олиб келдим, ярмисини олиб қолдим», – деди. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ сенинг олиб келганингга ҳам, олиб қолганингга ҳам барака берсин», – дедилар.
Абу Ақийм бир соъ хурмо келтириб:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, икки соъ хурмо топган эдим, бир соъни Роббимга қарзга бераман, бир соъни аҳли аёлимга», – деди. Мунофиқлар уни айблаб масхара қилдилар:
«Абдурроҳман ибн Авф фақат риё учун берган эди, Аллоҳ ва Унинг Расули манавининг соъига муҳтожларми?!» – дейишди»,
Яъни, мунофиқларнинг маломатидан кўп садақа берган ҳам, оз садақа қилган ҳам кутула олмади. Мунофиклар ҳар доим ва ҳамма жойда маломатдан бошқага ярамайдилар. Ўзлари бирор иш қилмай, пул-мол сарфламай юрадилар. Аммо, қилганларни айблаш ва масхара қилиш билан овора бўладилар. Ояти каримада ундоқ кимсаларни:
«Мўминлардан кўнгилли бўлиб садақа қилувчиларни ва ўз кучлари етгандан бошқани топа олмайдиганларни айблайдиган ва масхара қиладиганлар», – деб васф қилинмоқда.
Халқимизда бу ҳолни тўлиқ васф қилувчи «Ўзи беролмайди, берганни кўролмайди», деган нақл бор. Улар мўмин-мусулмонларни масхара қиладилар, аммо вақти келганда уларни:
«Аллоҳ масхара қилади ва уларга аламли азоб бўладир».
Манба: «Тафсири ҳилол»