Яқинда бир танишимиз бизга мурожаат қилди. У танишимиз уйга рўзғор учун керакли маиший ускуналарни муддатли тўлов асосида сотиб олиш ниятида, бугунги кунда мамлакатимизда фаолият юритиб турган насияга маҳсулот сотадиган фирма дўконига мурожаат қилибди. Улар унга шартнома тақдим қилишган ва бизга шу шартномани кўриб беринглар, ислом молияси нуқтаи назаридан ножоиз шартлари йўқмикан, деб илтимос қилиб қолди. Шартномани AAOIFIнинг шариат меъёрларига асосланган ҳолда кўриб чиқдик ва ундаги баъзи бандлар ушбу меъёрларга мувофиқ эмаслигини қайд этдик. Хусусан, қуйидаги банд:
Шартномада кўрсатилган муддатда насияга сотиб олинган маҳсулот учун тўлов амалга оширилмаган тақдирда, “Харидор” “Сотувчи”(Молия муассасаси)нинг ҳисоб рақамига ҳар бир тўлов кечиккан кун учун (насияга) сотиб олинган маҳсулотнинг 0,4% миқдорида жарима тўлаши шарт, бироқ ушбу тўлов сотиб олинган маҳсулотнинг 50% қиймати миқдоридан ошмаслиги керак.
Шартноманинг ушбу бандга алоқадор бошқа бир бандида жарима сифатида ундирилган барча пул маблағлари “Сотувчи” томонидан хайрия мақсадларига йўналтирилиши кўзда тутилган (яъни ундирилган жарима бевосита ёки билвосита “Сотувчи” манфаати йўлида сарф қилинмайди).
Аввало, ўз вақтида тўловни амалга оширмаган мижознинг ҳолати ўрганиб чиқилиши керак, агар мижоз лоқайдлиги ёки бошқа узрли сабабсиз тўловни амалга оширилмаганлиги аниқланса, у ҳолда мижозга нисбатан интизомий чоралар кўрилиши, хусусан хайрия мақсадларига мажбурий тўловлар қилдириш, қарзни тўлиғича қайтарилиши талаб қилиниши, қарздорликни ёпиш учун гаровдан фойдаланиш каби чоралар кўрилиши мумкин.
AAOIFIнинг шариат меъёрларида ҳам тўловни ўз вақтида амалга оширмаган мижоз муайян маблағни (масалан амалга оширилмаган тўловнинг маълум бир фоизига тенг бўлган пул маблағларини) мажбурий садақа (хайрия) қилиши кераклиги шартномада акс эттирилиши кўзда тутилган. Ушбу чора натижа бермаган тақдирда эса биз юқорида санаб ўтган чоралар кўрилиши, жумладан бутун қарзни муддатидан илгари ундириш жараёни бошланиши мумкинлиги айтиб ўтилган.
Бироқ, тўловларни амалга оширмаган мижознинг қарзлари сотиб олинган молнинг 50 фоизигача(!) бўлиши бу адолатли талаб эмас, чунки бу унинг Молия муассасаси олдидаги қарзини кўпайишига олиб келади. Мақсад эса иккинчи томон-мижознинг ҳолатини оғирлаштириш эмас, балки қарздорликни ундириш ва муаммони ҳал қилиш бўлиши керак.
Юқорида ёзилгандан хулоса қиладиган бўлсак, ҳар бир шартномани, ҳатто у ислом молия муассасаси ёки шариат талабларига мос равишда фаолият юритадиган савдо компанияси томонидан тақдим қилинган бўлса ҳам, диққат билан ўқиб чиқишни, тушунарсиз ёки адолатсиз кўринган бандларини шартномани тақдим қилган томон билан муҳокама қилиб чиқишни, агар шунда ҳам саволлар қолса ёки улар томонидан берилган жавоблар қониқтирмаса, тегишли мутахассислар билан биргаликда кўриб чиқишни маслаҳат берамиз. Албатта, бу “фатво” эмас, балки мутахассис сифатидаги бизнинг фикр-мулоҳаза ва тавсияларимиз, холос.